Халқ билан мулоқот фаолиятимизнинг асосий йўналиши бўлади
  • 17 Декабрь 2016

Халқ билан мулоқот фаолиятимизнинг асосий йўналиши бўлади

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, беқиёс ўзгариш ва янгиланишлар бугун эришаётган ютуқларимизда, улкан бунёдкорлик ишларида яққол намоён бўлаётганини ҳаётий мисоллар орқали кўриш мумкин. Бу нафақат халқимиз, балки бутун дунё ҳамжамияти томонидан ҳам юксак эътироф этилаётир. Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқимиз бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги, муҳими, юксак сиёсий онги ва фаол фуқаролик позициясига эга эканини яна бир бор тасдиқлади.

Айниқса, сайловда илк маротаба қатнашган ёшлар, хотин-қизлар фаоллик кўрсатгани диққатга сазовор. Бу, аввало, шундан далолат берадики, одамларимизнинг руҳияти ҳамда дунёқараши, ҳаётга, ўз меҳнатининг натижасига муносабати, жаҳонда ва ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси тубдан ўзгармоқда. Улар жонажон юртимиз тараққиётига, эртанги кунига асло бефарқ эмас. Ана шунинг ўзи биз, халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатлардан катта масъулият талаб этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида ушбу масалаларга алоҳида тўхталиб, бугун замоннинг ўзи барчамизнинг олдимизга янги ва ғоят масъулиятли вазифаларни қўяётганини таъкидлади. Айниқса, биринчи навбатда, одамлар билан мулоқот қилишимиз, улар билан бамаслаҳат иш тутишимиз кераклиги, ўшандагина халқимиз биздан, фаолиятимиздан рози бўлиши айтиб ўтилди.

Кириб келаётган янги — 2017 йилнинг юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши ҳам мамлакатимизда инсон ҳамда унинг манфаатлари олий қадрият эканлигининг яна бир яққол тасдиғи бўлди. Шу нуқтаи назардан қўшма мажлисда барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтишимиз даркорлиги, хусусан, 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилиши таъкидлангани, очиғини айтиш керак, халқимиз дилидаги гап бўлди. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш борасида олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутади. Қолаверса, ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш назарда тутилаётгани халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни беради. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.

Бундай эзгу ишлардан депутатлар ҳам четда турмаслиги лозим. Бинобарин, депутатни халқ сайлайди. Халқимиз, сайловчиларимиз ишончини оқлаш, яъни биз, депутатлар одамларнинг дарду ташвишлари билан яшашимиз, уларни ўйлантираётган масалаларнинг амалий ечимларини топишга интилишимиз лозим. Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар аҳолининг барча тоифаси билан доимий мулоқотда бўлиш, фуқароларнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини ўрганиб, мавжуд муаммоларнинг ўз жойида, тезкорлик билан ҳал этилишида муҳим роль ўйнайди. Шу маънода айтганда, фаолиятимизни тубдан қайта кўриб чиқиб, сайловчилар билан учрашувларимизнинг мазмун-моҳияти ҳамда шаклини ўзгартиришимиз, турли тадбирбозликлардан воз кечиб, ҳар бир юртдошимиз қалбига кириб боришнинг таъсирчан йўлларини топишимиз, халқпарвар ислоҳотларга камарбаста бўлмоғимиз зарур.

Умуман айтганда, Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида белгиланган устувор вазифаларни бажаришда халқимиз манфаатлари йўлида имкониятларни ишга солишимиз, янгича фаолият юритишимизни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, халқ билан мулоқот, уларнинг дарду ташвиши билан яшаш энг асосий мақсад бўлиб, унинг рўёби юртимиз равнақига, унинг янада гуллаб-яшнашига, фуқароларнинг тинч, осуда, фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилади.

Феруза ЭШМАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn