Қулай ишбилармонлик муҳити
  • 14 Декабрь 2016

Қулай ишбилармонлик муҳити

иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим аҳамиятга эга

Ўзбекистон табиий ресурслар, хусусан, иқтисодиёт учун зарур бўлган мис, алюминий, бронза, қўрғошин каби рангли металл захираларига бой мамлакатлардан биридир. Улардан тежамли ва оқилона фойдаланиш эса ғоятда муҳим. Шу боис юртимизда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, бундай металл парча ва чиқиндиларини тўплаш, сақлаш ҳамда уларни чуқур қайта ишлаш саноати жадал ривожлантирилаяпти. Бунинг учун етарлича ҳуқуқий асослар яратилиши баробарида, соҳага ихтисослаштирилган корхоналар фаолияти қўллаб-қувватланаётир.

Пойтахтимиздаги “Тошрангметзавод” акциядорлик жамияти — мавжуд қулайликлар туфайли сифатли маҳсулотлари билан ички ҳамда ташқи бозорга дадил кириб бораётган йирик саноат субъектларидан. Рангли металларни йиғиш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган мазкур корхона замонавий асбоб-ускуналар, илғор технологиялар билан таъминланган. Айни пайтда бу ерда алюминий, рух ва қўрғошин қотишмалари, мис асосидаги эритмалар, мис катодлари, мис симли ўрамалар ва аккумуляторлар, шунингдек, бронза, жез ва алюминий қотишмаларидан иборат 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

— Заводимиз рангли металл парчалари ва чиқиндиларини йиғиш, бирламчи ишлов бериш, яроқсиз ҳолга келиб қолган аккумуляторларни тўплаш ҳамда уларни қайта ишлаш билан шуғулланади, — дейди ушбу корхона тайёрлов бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жонибек Бердиев. — Ҳозирги кунда бу ерда беш юз нафардан зиёд юқори малакали ходимлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, иш унумдорлиги тобора ошиб бораяпти. Жорий йилнинг ўтган уч чорагида 2,7 минг тоннадан ортиқ мис ҳамда алюминий маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Бундан ташқари, корхонада Маҳаллийлаштириш дастури асосида 122 тонна жез хивичлари, 214 тонна қўрғошин оксиди ҳамда 155 мингта мувозанатни сақловчи посанги маҳсулотлари тайёрлашга эришилган.

— Заводимизда тайёрланаётган халқ истеъмоли учун зарур бўлган турли ҳажмдаги алюминий қозон ва товалар, механик қиймалагичлар, нон қолипларига, айниқса, талаб ошмоқда, — дейди корхона мутахассиси Носир Ишанходжаев. — Сабаби, улар ҳам сифатли, ҳам ҳамёнбоп. Масалан, биргина қуйма алюминий қозонларни олайлик. Улар пишиқлиги, иссиқни яхши ўтказувчанлиги, зангламаслиги ва энг асосийси, инсон саломатлиги учун мутлақо безарарлиги билан ажралиб туради. 

Шу билан бирга, механик қиймалагичдан фойдаланиш ҳам жуда осон ва қулай. Яъни у озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини аниқлаш, тайёрланаётган таомни тўлиқ назорат қилиш имконини ҳам беради. Шунингдек, заводда ишлаб чиқарилаётган аккумулятор батареялари, автомобиллар учун кронштейнлар, нарвонлар ва трансформерларнинг бозори чаққон. 

Эътиборлиси, корхона ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида ана шундай сифатли маҳсулотлари билан қатнашиб, ишбилармон доиралар вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб келаётир. Шу йил ташкил этилган ярмаркада бир қатор корхоналар билан иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича 70 га яқин битим ва шартномалар тузилди.

Корхона жамоасининг келгусидаги режалари, эзгу мақсадлари катта. Шулардан, асосийси, аҳоли эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, маҳсулотлар турини кўпайтириш, рангли металл парча ва чиқиндиларини топширувчи корхоналарнинг моддий манфаатдорлигини оширишдир. Корхона ва унинг филиалларида энг сўнгги русумдаги замонавий технологияларни татбиқ этиш асосида ишлаб чиқариш қувватини юксалтириш, кадрлар малакасини ошириш ҳам шулар жумласидан. Қолаверса, тегишли дастурга мувофиқ, 2016 — 2020 йиллар мобайнида корхонада умумий қиймати 15,2 миллион АҚШ долларилик 4 та инвестициявий лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган.

Қисқача айтганда, металл парча ҳамда чиқиндиларнинг чуқур қайта ишланиши, бу борада истиқболли лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши аҳоли бандлигини таъминлаш билан бирга, экологик вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилмоқда.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

Бахтиёр АКРАМОВ

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn