Инсон қадри билан улуғ
  • 13 Декабрь 2016

Инсон қадри билан улуғ

Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаатлари учун. Мазкур тамойил — миллий тараққиёт йўлимизнинг бош мезони. Бунинг амалий самараси дунё миқёсида ҳам ўз эътирофини топмоқда. Бугун эса Ўзбекистон ривожланишнинг янги босқичига қадам қўяяпти. Олдимизда янада улуғвор мақсадлар ва юксак марралар турибди. Уларга тўла-тўкис эришиш учун, албатта, биринчи навбатда, халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устувор бўлмоғи лозим.

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали  маросимдаги маърузасида шу ҳақда тўхталар экан, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, дея алоҳида таъкидлади. Бунинг амалий тасдиғи сифатида 2017 йилни мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилишни таклиф этгани юртдошларимиз томонидан катта хурсандчилик ва мамнуният билан кутиб олинди.
Бинобарин, бахтли ва фаровон ҳаёт кечириш  — ҳар биримизнинг энг катта орзуимиз. Шукрки, бунинг кафолати, аввало, Конституциямиз, қолаверса, қонунларимиз, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларимизда мустаҳкамлаб қўйилган.
Хусусан, Асосий Қонунимизнинг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади”, дейилса, 7-моддасида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги, Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилиши белгиланган. Бироқ аҳолининг дарду ташвишларини чуқур ўрганиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ҳамда самарали усулларини жорий қилиш — давр тақозоси. Шу маънода, сайланган Президентимиз томонидан келгуси йилга ўзига хос ном берилиши ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидаги дадил қадам бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Инсон манфаатлари ҳақида сўз борар экан, ҳозирги навқирон авлодимиз интилиш ва қизиқишларини ҳисобга олмай туриб, кўзланган натижаларга эришиб бўлмаслигини яққол англаймиз. Негаки, ёшлар — келажагимиз ворислари, эртамизнинг таянчи ва суянчидир. Айни сабабдан маърузада йигит-қизларимиз билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак бериш зарурлиги қайд этилди. Ўз навбатида, таълим-тарбия тизимининг барча бўғини фаолиятини бугунги замон талаблари асосида такомиллаштириш биринчи даражали вазифамиз эканлиги куюнчаклик билан таъкидланди.
Бу фикр-мулоҳазаларни тинглаб, шу соҳа вакили сифатида ўз олдимга янги-янги мақсадлар қўйдим. Фарзандларимиз, айниқса, қиз болаларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни, хорижий тилларни пухта эгаллашлари, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб, ҳаётда муносиб ўрин топишлари учун бор кучимни сафарбар этишга аҳд қилдим. Зеро, бунинг учун имкониятлар муҳайё.
Бугун қалбимда чексиз ҳаяжон, қувонч, ифтихор, шукрона ҳисси ҳукмрон. Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида Биринчи Президентимиз Фармонига кўра, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига муносиб, деб топилган бўлсам, куни кеча мамлакатимизнинг сайланган Президентидан ана шу юксак давлат мукофоти белгиси — Олтин юлдуз нишонини қабул қилиб олдим. Тақдирлаш маросимида давлатимиз раҳбарининг ҳар биримиз ҳақимизда алоҳида тўхталиб, фаолиятимиз тўғрисида жуда илиқ фикрлар билдирганликлари қалбимизни янада чексиз ғурурга тўлдирди. Албатта, бу таълим-тарбия тизимига берилган эътибор, ўқитувчилик касбига эҳтиром ифодасидир. Камтарона меҳнатимиз эътирофи эса янада куч-ғайратга тўлиб меҳнат қилишимизда бизга қанот бағишлайди. Инсон манфаатлари устуворлигининг яққол исботи бу!


Муҳаббат ШАРАПОВА,
Қарши шаҳридаги
2-ихтисослаштирилган
мактаб-интернатнинг математика фани ўқитувчиси,
Ўзбекистон Қаҳрамони.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn