«Эртанги кун бизники, марра бизники!»
  • 13 Декабрь 2016

«Эртанги кун бизники, марра бизники!»

Пойтахтимизда ушбу шиор остида ёшлар ҳафталиги бошланди.Республикамиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпини ёшлар ташкил қилади. Кишига бир олам қувонч, янгича руҳ ҳамда ифтихор бахш этадиган жиҳати шундаки, давлатимизнинг навқирон авлод камолоти йўлида кўрсатаётган улкан ғамхўрлиги ва эътибори юртимиз йигит-қизлари ҳаётида чуқур из қолдирмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳам бу борадаги ишларни янги, юксак босқичга олиб чиқиб, фарзандларимиз учун зарур шароитлар яратиш, янги таълим-тарбия, маданият, санъат ва спорт масканларини барпо этиш, ёш оилалар учун уй-жойлар қуриш, ёшларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.
Пойтахтимизда бошланган “Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остидаги ёшлар ҳафталиги ҳам навқирон авлоднинг жамият ҳаётида янада фаол иштирок этишини таъминлаш, ўз билимларини мустаҳкамлашида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фестивалда давлат мукофоти совриндорлари, халқаро олимпиадалар, танловлар, спорт мусобақалари ғолиблари, санъат ва маданият намояндалари, таниқли илм-фан арбоблари, талабалар, фаол ёшлар, кино ҳамда мода йўналиши вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашаяпти.
Ёшлар ижод саройида ўтказилган ҳафталикнинг очилиш маросимида  сўзга чиққанлар ушбу анжуман эртамиз эгалари ҳаётини мазмунан янада бойитиш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Мазкур ҳафталик доирасида кино, мода ва дизайн, театр, туризм, экология каби соҳаларда фаолият юритаётган билимли ёшлар ўз маҳоратини намойиш қилади. Тадбирлар дастури қизиқарли ва ранг-баранг бўлиб, у ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Чунончи, “Қувноқлар ва зукколар”, “Тафаккур синовлари” кўрик-танловларининг якуний босқичи, “PROlogue” ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар, талабалар театр студиялари, ёшлар модаси ва дизайн фестиваллари, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони совриндорларини тақдирлаш маросими, “MIT.UZ” танлови каби лойиҳалар ўтказилади. Бу ёш авлоднинг маънавий оламини бойитиш, маданий савиясини юксалтириш, ўз соҳаси бўйича маълумотлар олишини таъминлаш, санъат ва гўзалликка бўлган интилишини кучайтириш, миллий санъатимизнинг бетакрор анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантиришда катта аҳамиятга эга.
Ҳафталик доирасида  “Янги нигоҳ” видеороликлар танлови  ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтади. 14 ёшдан
30 ёшгача бўлган йигит-қизлар қатнашадиган кўрикда “Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини намоён этган энг яхши видеоролик”, “Ўзбекистоннинг экотуризм салоҳиятини намоён этган энг яхши видеоролик”, “Миллий қадрият ва анъаналарни тарғиб этишга қаратилган энг яхши видеоролик”, “Видеоролик сценарийси учун энг яхши ғоя” ва “Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари тўғрисидаги энг яхши видеоролик” каби номинациялар бўйича  ғолиблар аниқланади.
Ёшлар ҳафталиги 17 декабрга қадар давом этади.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn