Транспорт хизмати: Сифат ва қулайлик
  • 13 Декабрь 2016

Транспорт хизмати: Сифат ва қулайлик

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан жорий йилнинг 20 ноябридан 20 декабригача мамлакатимизда “Автотранспортда йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш ойлиги” ўтказилмоқда.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бундан кўзланган мақсад нима?
Аввало, айтиш жоизки, автомобиль транспорти замонавий инфратузилманинг энг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Унинг барқарор ривожланиши иқтисодиётнинг рақобатдошлиги ортиши, интеграциялашуви жадаллашиши, пировардида аҳоли турмуш фаровонлиги юксалишига кенг йўл очади. Юртимизда транспорт соҳасини тараққий эттириш, тизимнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилаётганининг боиси ана шунда. Бу, ўз навбатида, аҳолига хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш ва сифатини тубдан яхшилаш имконини бермоқда.
Чиндан ҳам, соҳада юз бераётган ўзгаришларга ҳар биримиз кундалик ҳаётимиз мисолида яқиндан гувоҳ бўлиб турибмиз. Масалан, кейинги йилларда мавжуд автовокзал ва автостанциялар қайта реконструкция қилиниши баробарида, яна кўплаб шундай иншоотлар бунёд этилди. Энг муҳими, шаҳару қишлоқларда янги йўналишлар очилиб, уларда замонавий транспорт воситалари ҳаракатланаяпти. Йўловчилар манфаатини кўзлаб олиб борилаётган бундай кенг кўламли ишлар аҳолига қўшимча қулайликлар яратиб, юртдошларимизнинг узоғини яқин қилмоқда. 
Қувонарли жиҳати, республикамизда автомобилсозлик саноати жадал суръатда тараққий этмоқда. Одамларнинг эса даромади ортиб, ҳаёт даражаси тобора яхшиланиб бораяпти. Табиийки, ушбу омиллар сабаб йўлларимизда техник ва тезлик хусусиятлари юқори бўлган транспорт воситалари йил сайин кўпаймоқда. Бу эса ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олишни тақозо қилади.
Тўғри, республикамизда фуқароларга бугунги кун талабларига мос, ҳар томонлама қулай автоуловлар орқали хизмат кўрсатилаётир. Қолаверса, транспорт воситалари малакали ҳайдовчилар томонидан бошқарилиб, йўловчилар ўз манзилларига эсон-омон элтиб қўйилаяпти. Бироқ энг олий қадрият ҳисобланган инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш,  фуқароларимизнинг ҳаёти, соғлиғи, мол-мулкларини ҳимоя қилиш соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган устувор мақсаддир.
“Автотранспортда йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш ойлиги” бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан бир поғона юқори босқичга олиб чиқишга қаратилгани янада аҳамиятли. Шунинг учун ойлик доирасида ўтказилаётган тадбирларда ҳеч бир масала эътибордан четда қолаётгани йўқ. Айниқса, ташувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, ҳар бир йўналишда транспорт қатнови интерваллари бир маромда ишлашини таъминлаш, меҳнат ва йўналиш интизомини мустаҳкамлаш диққат-эътиборда турибди.
Бундан ташқари, соҳа ходимларининг йўловчилар билан хушмуомалада бўлиши, транспорт воситаси ва унинг салонини тоза ҳолда сақлаши, ҳайдовчилар иш вақтида мобиль телефонлардан фойдаланмаслиги, йўловчи ташиш қоидалари ҳамда хавфсизликни таъминлашга доир талабларга риоя қилиниши доимий назорат остида. Дастлабки хулосаларга қараганда, буларнинг барчаси кутилган натижани бераётир.
Ойликни самарали ўтказишда тадбирлар режаси ишлаб чиқилгани айни муддао бўлаяпти. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳамда қуйи тузилмалари томонидан жамоат транспортлари, аҳоли гавжум манзилларда ойлик ҳақида маълумотлар жойлаштирилаяпти, буклет ва бошқа тарқатма материаллар чоп этилиб, ҳайдовчию йўловчиларга берилаяпти. Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида 310 га яқин баннерлар ўрнатилгани, 37 мингта буклет ҳамда 38 минг нусхада бошқа босма ахборот воситалари тарқатилгани ана шу саъй-ҳаракатлар ифодасидир.
Транспорт воситаларининг техник жиҳатдан яроқли бўлиши ҳаракат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шу боис тегишли вазирлик ва идоралардан ташқари, давлат ташкилотлари ҳамда муассасалари раҳбарлари транспорт воситаларининг техник ҳолати ҳаракат хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар кўришаётгани ҳам ойликнинг самарали ўтишида ҳал қилувчи аҳамият касб этаяпти.

С. САИДЖАЛОЛОВ,
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Лицензиялаш, ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш ва ташкил этиш
бўлими бошлиғи.



Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn