Ватанга меҳр ифодаси
  • 10 Декабрь 2016

Ватанга меҳр ифодаси

Сeрқуёш ҳур ўлкам, элга баxт, нажoт...

Ана шу сатрлар билан бошланадиган қўшиқни эшитганда, дилда ғурур уйғонади. Уни тинглаганда, ватанпарварлик ҳислари жўш уриб, кўз олдимизда жонажон Ватанимизнинг улуғвор манзаралари намоён бўлади. Зеро, бу тарона она алласидек улуғвор ва бетакрордир.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчи эканлиги белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шарт эканлиги алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Абдулла Орипов қаламига мансуб Бош қўшиғимиз мусиқасини Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов яратган. Унда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Мардона ва буюк ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.

Мустақиллик йилларида халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг баркамол бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита сифатида -хизмат қилмоқда.

Инсон вужудидаги саломатлик етмиш икки томирдаги қон айланишининг мўътадиллиги билан баҳоланса, унинг жамиятдаги обрў-эътибори, одамийлик қиёфаси яна икки мезонда чамаланади — Иймон ва Виждон. Зеро, иймони пок одам эзгуликка мойил бўлади. У ҳар доим ён-атрофдаги кишиларга, демакки, юртига, Ватанига хизмат қилишни инсоний бурч, деб билади. Виждон уйғоқлиги эса кишини сергакликка, ўзи туғилиб ўсган юртга оид ҳар қандай жараёнга дахлдорлик ҳиссини тарбиялайди. Бу хислатлар ватанпарварликдан далолатдир. Давлат рамзлари ҳам ватанпарварлик фазилатини шакллантирувчи, шу азиз юртимизни жону дилдан севишга ундовчи муҳим воситадир.

Юртимиз мустақилликка эришгач, халқимизнинг азалий орзу-истаклари, эзгу интилишлари Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларида ўзининг ёрқин ифодасини топди. Чунончи, Ватанимиз мадҳияси ҳам унинг ўзи каби азиз ва муқаддасдир.

Бу муаззам садо азму шижоатли халқимизнинг руҳига руҳ, кучига куч бағишлаб, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига ундайди. Мадҳия фақат мадҳ этиш учун эмас, балки эътиқоднинг ифодаланишидир. Давлат рамзларида халқнинг азалий орзулари, унинг эзгу ниятлари, бугунги ҳаёт мазмуни акс этади.

Мадҳиямиз байрамлар, сиёсий чиқишлар, спорт анжуманлари, расмий давлат қабуллари, турли давлат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш маросимлари ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда ижро этилиб, давлат суверенитетига эътиқод ва ҳурматни расмий мусиқа ҳамда матн билан ифода этади.

Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда. Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз миллатимизнинг бош қўшиғини куйлай бошлаганида севинчдан ҳаяжонга тушамиз. Бундай лаҳзаларда халқ ва Ватан улуғланган қўшиқ инсонлар қалбига юксак ҳамда беғубор туйғуларни жо этишга, бу ёруғ оламни янада мунаввар кўрсатадиган илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир бор амин бўламиз. Юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, тотувлик ҳамда иноқлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сураётир. Ватанимизнинг куч-қудрати, салоҳияти, обрў-эътибори ҳам тобора юксалмоқда. Энг муҳими, озод юртимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган фарзандлари келажакка қатъий ишонч билан одимламоқда. Демак, бу тарона асрлар оша истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ҳамда ёруғ келажагимиз ифодаси сифатида янграйверади.

М. ЎРОҚОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn