Швейцарияда жамғарма ваколатхонаси очилди
  • 10 Декабрь 2016

Швейцарияда жамғарма ваколатхонаси очилди

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасида Женева дипломатик доиралари Президенти Роберт Блум билан Швейцарияда фонд ваколатхонасини очиш тўғрисида шартнома имзоланди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада юксалтириш имконини бермоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъект-ларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бу ишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Жамғарма кўмагида тадбиркорларимиз ўз маҳсулот ва хизматларини экспорт қилиб, турли халқаро ярмарка ва анжуманларда иштирок этмоқда.

Мамлакатимиз Биринчи Президентининг 2016 йил 16 мартдаги «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори жамғарма фаолиятини янада кенгайтириш имконини берди. Хусусан, жамғармага хорижда ўз ваколатхоналарини очиш ҳуқуқи берилди. Бугунги кунда ушбу йўналишда самарали ишлар олиб борилаётир.

Жамғарманинг Швейцарияда ташкил этилаётган ваколатхонаси Ўзбекистон тадбиркорларига Европа бозорини ўрганиш асосида ўз маҳсулотларини экспорт қилиш, ишончли ҳамкорлар топиш, Ўзбекистон ва Швейцария ишбилармон доиралари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, мамлакатимиз тадбиркорларининг Швейцарияда ўтказиладиган кўргазмалар, ярмаркалар, тендер савдолари ва бизнес-форумларда иштирокини ташкил этишга кўмаклашади.

Бундан ташқари, ваколатхона мамлакатимиз экспортчиларига Швейцарияда божхона тартиб-таомилларидан ўтиши учун зарур сертификатлар, лицензия ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни олишга ёрдам беради. 

Қайд этиш жоизки, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Жанубий Корея, Россия, Испания, Италия, Болгария каби мамлакатларда ўз ваколатхоналарини очган.

С. АЛИЖОНОВА,

ЎзА мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn