Орзу-мақсадларимиз рўёби — фарзандлар камолотида
  • 10 Декабрь 2016

Орзу-мақсадларимиз рўёби — фарзандлар камолотида

Юртимиз ҳаётидаги сўнгги воқеалар — юқори даражада бўлиб ўтган ва халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари ҳамда Конституциямиз қабул қилинган қутлуғ санани муносиб нишонлаш мақсадида ўтказилган кенг кўламли тадбирлар фуқароларимизнинг мустақиллик йилларида наинки турмуш тарзида, балки онгу шуурида, ҳаётга муносабатида, орзу-интилишларида чинакам юксалиш рўй берганини, жамиятда сиёсий-ҳуқуқий маданият ва ижтимоий фаоллик шаклланганини кўрсатди.

Халқ ва Ватан манфаати йўлидаги ислоҳотларнинг янги сифат босқичига чиқишидан далолат бераётган ўзгаришлар нафаси одамларимизга янада кўтаринкилик бахш этиш баробарида, уларда кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини оширмоқда, десак, янглишмаймиз. Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини ҳар бир юртдошимиз катта қизиқиш ва зўр ҳаяжон билан кутиб олгани шубҳасиз. 

Шу билан бирга, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасида қонун устуворлигини ҳамда инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш юрт тараққиётининг, халқ фаровонлигининг гарови экани жуда кенг ва чуқур таҳлил қилинган, айни мақсадда аниқ устувор вазифалар белгилаб берилган маъруза ҳар биримизни ён-атрофга теранроқ разм солиб, мушоҳада юритишга чорлайди.

Хусусан, унда инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ, деган эзгу ғоя асосида суд-ҳуқуқ, ижтимоий, иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларни тубдан такомиллаштириш, одамлар дуч келаётган турли бюрократик тўсиқлар ва ҳаётий муаммоларни кечиктирмай ҳал этиш, қонунларнинг ижро механизмини тобора яхшилаш, бунда вакиллик органларининг, қатор вазирлик  ва идораларнинг, маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини янада кучайтириш масалалари қамраб олингани алоҳида эътирофга молик. Шу маънода, кириб келаётган йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани ҳам ана шу долзарб масалаларнинг ўз амалий ечимини топишига замин яратади, албатта.   

Юрт равнақи ва халқ фаровонлиги ҳақида сўз борар экан, бугун юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар тақдири, олдимизга қўйган улкан орзу-ниятларимиз рўёби, табиийки, ўсиб келаётган авлод камолоти билан чамбарчас боғлиқлигини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Сайланган Президентимиз маърузасида ушбу жиҳатга урғу берилиб, “Халқ билан мулоқот  ва инсон манфаатлари йили” дастурида ёшларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш масаласи муҳим ўрин тутиши қайд этилди. Жумладан, таълим ва тарбия тизимининг барча бўғини фаолиятини замон талаблари асосида ривожлантириш, янги ўқув муассасаларини, маданият, санъат ва спорт масканларини барпо этиш, ёшларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик соҳасига жалб қилиш, ёш оилалар учун уй-жой қуриш ишларини янги босқичга кўтариш биринчи даражали устувор вазифалардан бири сифатида кўрсатилди. Аҳамиятлиси, ушбу амалий чора-тадбирлар қаторида ҳозир дунёда ўта таҳликали ва кескин вазият ҳукм сураётган бир шароитда фарзандларимиз тарбиясига жиддий ёндашиб, уларни диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, “оммавий маданият” деган хавф-хатарлардан, ғаразли кучлар таъсиридан асраш ҳаётий зарурат экани айтиб ўтилди.

Ростдан ҳам, дунёнинг геосиёсий манзараси кутилмаган тарзда ўзгариб бораётган бугунги кунда ўз келажаги ҳақида қайғураётган ҳар бир давлат ёшлар учун кенг имкониятлар яратиш билан бирга, уларнинг маънавиятини юксалтиришга  интилаётгани бежиз эмас. Қувонарлиси, бу борада мустақил Ўзбекистоннинг тўплаган тажрибаси халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланиб, кўплаб мамлакатлар учун намуна қилиб кўрсатилмоқда. 

Истиқлолнинг илк йилларидаёқ навқирон авлод манфаатларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳамда мазкур йўналишдаги ислоҳотлар узоқни кўзлаб рўёбга чиқарилаётгани ёшларимизнинг турли соҳаларда қўлга киритаётган ютуқ ва зафарларида ўз тасдиғини топаётир. Мамлакатимиз аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этувчи ёшлар бугунги ва эртанги кунимизни ҳал қилувчи куч сифатида майдонга чиқаётгани барчамизга чексиз мамнунлик бағишлайди. Бироқ юқорида таъкидланганидек, ёшларимизнинг бугунги осуда ва фаровон ҳаётига дахл қилувчи хатарлар ҳам борки, бу барчамиздан ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишни тақозо этмоқда. Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим. Бунинг учун эса ёшлар билан кўпроқ мулоқотда бўлиш, улар қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, керак бўлганда амалий кўмаклашиш зарур.

Мана шу оддий ва ниҳоятда долзарб ҳақиқатни жамоатчиликка етказиш, Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни ижросини тўлиқ ва самарали таъминлашда Олий Мажлис Сенати аъзолари зиммасидаги масъулият ва вазифалар ҳам ортади. Бу йўналишдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси устидан парламент назоратининг таъсирчанлигини ошириш, маҳаллий ҳокимият ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшлар манфаатларини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар қамровини ва суръатини жадаллаштириш айни муддаодир. Токи, фарзандларимиз ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топсин.

Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn