Фидокорона меҳнатларнинг муносиб эътирофи
  • 08 Декабрь 2016

Фидокорона меҳнатларнинг муносиб эътирофи

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қудратли давлат асосчиси, тинчлик, бунёдкорлик, барқарорлик ва фаровонлик ҳомийси, илм-фан, таълим, санъат, маънавият ва маърифат ривожига кенг йўл очган буюк давлат арбоби сифатида инсоният тарихида мангу қолади.

Мамлакатимизда мустақил тараққиёт даврининг янги босқичи бошланаётган шу кунларда халқимиз бу ҳақиқатни такрор ва такрор қалбидан ўтказмоқда.
Бу жиҳатлар Ўзбек Миллий академик драма театрида фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиздан бир гуруҳига давлатимизнинг юксак мукофотларини топширишга бағишлаб ўтказилган тадбирда яна бир карра ўз исботини топди.
Тадбирда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов халқимиз маънавиятини юксалтириш, миллий анъаналаримиз бардавомлигини таъминлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг онг-шуурини ҳаёт тарзимизга ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш, бу эзгу йўлда хизмат қилаётган инсонларни моддий ва маънавий рағбатлантиришга улкан эътибор қаратгани, бу улуғ ишлар бундан кейин ҳам катта ғайрат-шижоат билан изчил давом эттирилиши таъкидланди. Зеро, 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқимиз Биринчи Президентимиз илгари сурган ғояларга содиқлигини, ўзаро аҳил, ҳамжиҳатлигини, улуғ мақсадлар йўлида якдил ҳаракат қилишини ва улкан натижаларга эриша олишини яна бир бор намоён қилди.
— Мустақиллик арафасида ўзбек театрининг мавжуд салоҳиятини йўқотиб қўйиш хавфи юзага келган эди. Шунда давлатимиз театр санъатига алоҳида эътибор қаратди. Янги театрлар ташкил этилди, санъат даргоҳларининг бинолари тубдан таъмирланди, санъаткорлар меҳнати қадр топди, — дейди Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек Миллий академик драма театри актёри Зуҳра Ашурова. — Бу эътибор ва ғамхўрликка жавобан замон руҳидаги асарлар яратиш театр санъаткорларининг бурчидир.
— Бу йил Рио Олимпиадасида боксчиларимиз 3 олтин, 2 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритиб, Куба, АҚШ, Буюк Британия, Россия каби бокс энг ривожланган давлатлар спортчиларини ортда қолдириб, дунёда биринчи ўринни эгаллагани халқимизга ғурур, эртанги кунга мустаҳкам ишонч бағишлади, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози, бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийи Раҳматжон Рўзиохунов. — Бугун давлатимизнинг ушбу юксак мукофотини қўлимга оларканман, эзгу бир ниятимни айтай: мамлакатимизда спорт ривожи, ёш авлоднинг ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун бундан кейин янада кенг шароит ва имкониятлар яратилади. Насиб қилса, тўрт йилдан сўнг Токио Олимпиадасида ҳам Ватанимиз байроғини баланд кўтарганча ўзбек спортчилари куч-қудратга эга эканини жаҳонга яна бир карра исботлаб бермоқчимиз.
Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Арипов топширди.


У. ЁҚУБОВ,
ЎзА мухбири.


* * *
Ватанимизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта ҳаёт, барча соҳаларда эришилаётган улкан ютуқлар замирида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан асос солинган тараққиёт йўли, халқимизнинг фидокорона ва ҳалол, қатъий азму шижоатли меҳнати мужассам.
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида Биринчи Президентимиз Фармонига мувофиқ, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, ишлаб чиқариш, саноати ривожи йўлида самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ юртдошларимизни, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев имзолаган Фармонга биноан, 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан юксак орден ва медалларга муносиб топилган педагогларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими Р. Усмонов очди.
Ўзбекистонимиз ўтган 25 йил мобайнида эришган оламшумул марралар, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий-маърифий соҳаларда қўлга киритган муваффақиятлар, халқимиз ҳаёт даражасининг муттасил ошиб боргани мустақиллигимиз меъмори Ислом Каримов номи билан бевосита боғлиқдир.
Мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги обрў ва эътиборини, иқтисодий салоҳиятини белгилашда Тошкент шаҳри ўзига хос ўрин эгаллайди. Мустақиллик йилларида азим пойтахтимиз қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Замонавий магистраллар, кўприклар, сўлим хиёбонлар, кўркам боғлар барпо этилди.
Пойтахтимиз жамолининг янада чирой очишида, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни жадал равнақ топтиришда қурувчию меъморлар, муҳандислар, ишлаб чиқариш соҳаси фидойилари жонбозлик кўрсатаётган бўлса, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда, жамиятимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат руҳини мустаҳкам қарор топтиришда маҳалла, хотин-қизлар қўмиталарининг жонкуярлари, меҳридарё устоз ва мураббийлар, илм-маърифат аҳлининг ҳиссаси катта.
— Осмони мусаффо, халқи аҳил ва ҳамжиҳат бўлган, ҳалол меҳнат қадрланган, дунё аҳли ҳавас билан қараб турган шундай юртнинг фарзанди эканимиздан фахрланамиз, — дейди “12-трест” акциядорлик жамиятининг 50-қурилиш бошқармаси бош муҳандиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи Абдувоҳид Дадамуҳамедов. — Тошкентнинг янада гўзал ва обод бўлишига ҳисса қўшиш, унинг жаҳондаги энг обод шаҳарлар сафидан жой олиши йўлида кучимиз, ғайратимизни аямаймиз. Камтарона меҳнатларим юксак эътиборга муносиб кўрилганидан беҳад мамнунман.
Тадбирда мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишдаги катта хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнати билан саноат, транспорт, алоқа ҳамда қурилиш соҳаларини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимизга юксак мукофотлар тантанали тарзда топширилди.
Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов топширди.


Н. УСМОНОВА,
ЎзА мухбири.


Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn