Юксак сиёсий фаоллик намойиши
  • 05 Декабрь 2016

Юксак сиёсий фаоллик намойиши

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида юртдошларимиз дахлдорлик туйғусини намойиш этиб, юксак сиёсий фаоллик кўрсатишди.

4 декабрь куни эрталаб соат 6.00 да Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 та сайлов округидаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёни бошланди. Шунингдек, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган 44 та сайлов участкасининг аксарияти очилиб, уларда ҳам овоз бериш жараёни қонунчилигимизда белгиланган тартибда ўтказилди.

Биринчи бўлиб овоз бериш Ўзбекистоннинг Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Хитой, Индонезия, Таиланд, Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳридаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида бошланди.

Сайлов куни Марказий сайлов комиссияси билан республикамиз ҳудудида жойлашган округ ва участка сайлов комиссиялари ўртасида доимий алоқа ўрнатилиб, овоз бериш жараёнининг бориши тўғрисидаги маълумотлар онлайн режимида келиб турди.

Марказий сайлов комиссияси кенг жамоатчиликни овоз бериш жараёни ҳақида хабардор қилиш мақсадида 4 декабрь куни соат 13.00, 17.00 ҳамда 22.00 да брифинглар ўтказди. Мазкур тадбирлар мамлакатимиздаги давлат ва нодавлат телерадиоканаллари, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида тўғридан-тўғри намойиш этилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази овоз бериш куни халқаро кузатувчилар, -хорижлик журналистлар, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари учун сайлов кампаниясининг асосий воқеалар марказига айланди.

Республика матбуот марказида овоз бериш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ягона компьютер тармоғи яратилган бўлиб, бу сайлов куни овоз бериш жараёнини онлайн режимида кузатиш, юртимиз ҳудудлари билан видеоалоқа орқали мулоқот олиб бориш имконини берди. Мамлакатимиз ва чет эллик журналистлар учун барча қулайлик — замонавий алоқа воситалари, компьютер, юқори тезликликдаги “wi-fi” интернет тизими муҳайё этилди, улар тезкор ва аниқ ахборот билан таъминлаб турилди. Хорижлик ҳамкасбларимиз фуқароларимизнинг овоз бериш жараёни, Марказий сайлов комиссиясининг брифинглари ҳақида тўғридан-тўғри хабар ва материаллар узатиб боришди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси М. Абдусаломов брифингларда алоҳида қайд этганидек, 4 декабрь куни мамлакатимиз фуқаролари сайловда юксак сиёсий ва фуқаролик фаоллигини намойиш этди. Соат 11.00 га қадар сайловчиларнинг 33 фоизидан ортиғи овоз беришда иштирок этгани бунинг яққол тасдиғидир.

Сайлов қонунчилиги нормаларига мувофиқ, саломатлиги яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмайдиган сайловчилар учун участка сайлов комиссиялари овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этди. Овоз бериш жараёни санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ва бошқа доимий ишлайдиган даволаш муассасаларида, фуқароларнинг олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги тураржойларида, қамоқда сақлаш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларида ҳам уюшқоқлик билан олиб борилди.

Қонунчиликда белгиланганидек, мамлакатимиздаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёни соат 20.00 да якунланди. Овоз бериш жараёни Ўзбекистон Республикасининг Миср, Европанинг аксарият давлатлари ва Америка Қўшма Штатларидаги ваколатхона-лари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкалари ёпилиши билан тугалланди.

Дастлабки маълумотларга кўра, кеча овоз беришда 17 миллион 941 минг 955 нафар фуқаро иштирок этди. Бу рўйхатга киритилган сайлов-чилар умумий сонининг 87,83 фоизини ташкил этади. Бунга ҳали хорижий давлатлардаги Ўзбекистон Республикасининг ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларидаги овоз бериш натижалари киритилмаган.

Мухбирларимиз билан мулоқотда бўлган сайловчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови порлоқ истиқболимиз ва фарзандларимизнинг ёрқин келажагини таъминлайдиган масъулиятли сиёсий жараёндир. Шу сабабли улар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва Ватан равнақи учун овоз беришди.

Кўп сонли кузатувчилар, юртдошларимиз томонидан эътироф этилганидек, овоз -бериш жараёни миллий қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик ва адолатлилик каби демократик тамойилларга тўла мувофиқ ҳолда ўтди.

Президент сайловида Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитация қилинган 5 та халқаро ташкилот — Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан ҳамда 46 та давлатдан 600 нафарга яқин кузатувчилар иштирок этди.

Бундан ташқари, Президентликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан 37 минг-дан зиёд кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳам овоз бериш жараёнини кузатиб борди.

Марказий сайлов комиссияси Раисининг брифингда маълум қилишича, овоз бериш жараёни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги ва “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган халқаро демократик нормалар ва принципларга риоя қилинган ҳолда, очиқ ҳамда ошкора ўтказилди. Жойлардан овоз бериш жараёнида сайлов қонунчилиги бузилганлиги ҳақида ахборотлар келиб тушмади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижалари 5 декабрь, яъни бугун ўтказиладиган брифингда эълон қилинади.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn