Замонавий, қулай ва тежамкор
  • 08 Ноябрь 2016

Замонавий, қулай ва тежамкор

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси яна битта “Boeing-787-8 Dreamliner” самолётига эга бўлди.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида транспорт-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, айниқса, ҳаво йўллари соҳасини равнақ топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ,  Миллий авиакомпаниямиз парки энг сўнгги русумдаги замонавий ҳаво лайнерлари билан тўлдирилиб, унинг инфратузилмаси босқичма-босқич модернизация қилинаяпти. Ташиш жараёни эса сифат жиҳатидан халқаро андозаларга  мослаштирилаётир. Жумладан, шу йилнинг
31 августида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК авиапарки илк “Boeing-787-8 Dreamliner” самолёти билан бойитилиб, унинг тижорат эксплуатацияси
5 сентябрда, халқаро йўналишдаги дастлабки парвози эса 9 сентябрда амалга оширилган эди.
Айни пайтда Миллий авиакомпаниямиз йўловчилари мазкур ҳаво транспорти хизматидан Алмати, Дубай, Деҳли, Истамбул, Тель-Авив, Москва каби йўналишларда фойдаланишмоқда.
Орадан икки ой ўтиб, “Орзу лайнери”нинг иккинчиси ҳам юртимизга келтирилди. Шу муносабат билан пойтахтимизда ташкил этилган маросимда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимиз самолётлари дунёнинг турли  давлатларига хавфсиз ва ишончли парвоз қилмоқда. Амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли Миллий авиакомпаниямиз кучли рақобатга мослашган улкан тизимга айланди. Ўтган вақт мобайнида унга илғор техника ва технологиялар жалб этилиб, янги терминаллар, қулай авиалайнерлар, тренажёрлар ишга туширилиб, ходимларнинг касбий маҳорати узлуксиз равишда ошириб борилаяпти.
Йўловчиларни манзилига ўз вақтида етказишда эса “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ҳамда АҚШнинг машҳур “Boeing” корпорацияси билан ўрнатилган ҳамкорлик  асосида “Boeing” самолётлари харид қилинаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки “Boeing” ҳаво лайнерлари бир қатор афзалликлари билан ажралиб туради. Хусусан, “Boeing-787-8 Dreamliner” самолётининг аксарият қисми ноёб материаллардан тайёрлангани унинг вазнини енгиллаштириш имконини берган. Қолаверса, у тежамкор ҳамдир. Шу боис унда парвозни узоқ масофаларга тўхтовсиз амалга ошириш мумкин.
Бундан ташқари,  Миллий авиакомпаниямизда янги самолётлардан фойдаланиш учун ер усти инфратузилмаси, муҳандис-техникавий ва учувчилар таркибини тайёрлаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар бажарилди. Янги “Boeing-787-8 Dreamliner” самолёти юртимизга Миллий авиакомпаниямизнинг учувчи-йўриқчиси Андрей Тян, иккинчи учувчи Юрий Горьков ҳамда авиакомпания бош штурмани Станислав Гурфинкель томонидан бошқариб келингани фикримизга яққол бир  мисолдир.
Яна бир диққатга сазовор жиҳати, шу йилнинг сентябрь ойида “Boeing” корпорацияси президенти Р. Коннернинг мамлакатимизга ташрифи давомида яна учта янги самолёт харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилди. Миллий авиакомпаниямизнинг дастлабки иккита “Орзу лайнери” 787-8 модификациясига мансуб бўлса, кейинги харид қилинадиган самолётларда ўриндиқлар сони кўпайтирилган ва умумий ўлчами узайтирилган 787-9 модификациясида бўлади.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Зокиров иштирок этди.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn