Қулай ишбилармонлик муҳити эркин фаолият кафолатидир
  • 19 Апрель 2014

Қулай ишбилармонлик муҳити эркин фаолият кафолатидир

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари республикамиз иқтисодиётининг таянч кучига айланиб, ўз ўрнини тобора мустаҳкамлаб бораётгани  барчамизга аён.

Мазкур соҳанинг бир вакили сифатида қатъий ишонч билан айта оламанки, бу даражага эришишимизда юртимизда биз учун яратиб берилган кенг имконият ва имтиёзлар муҳим омил бўлмоқда. Президентимизнинг яқинда матбуотда эълон қилинган “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган навбатдаги қадам бўлди. Нега деганда, ушбу ҳужжатга мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти соҳасида лицензияланадиган ва рухсат бериш характерига эга ҳужжатларнинг айрим турларини бекор қилиш, уларни расмийлаштириш муддатлари ёки йиғимлар миқдорини қисқартириш, қолаверса, молия, солиқ ҳамда статистика ҳисоботларини интерактив расмийлаштириш ишларини янада жадаллаштириш назарда тутилганки, бу ҳаммамиз учун айни муддаодир. Зеро, тадбиркорга қулай ишбилармонлик муҳити, эркин фаолият юритиши учун имконият ниҳоятда зарур.
Ана шу икки жиҳат мавжуд жойда, албатта, тараққиёт бардавом бўлади. Бундай шароитда эса киши ҳузур қилиб ишлайди.
Ўзимиздан қиёс: ўтган йили корхонамизга банк томонидан ажратилган 1 миллиард 300 миллион сўм миқдоридаги кредит эвазига хориждан замонавий автоматик пресслаш ускунасини харид қилдик. Мазкур дастгоҳнинг афзаллиги шундаки, у ғиштни ғовак шаклида қолиплайди. Биласиз, бундай ғиштлардан барпо этилган бино ва иншоотлар ёзда салқин, қишда иссиқ бўлади. Шу боис ҳозирги кунда ички бозорда маҳсулотларимизга талаб тобора ортмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимиз қарорида белгиланган вазифалар ижроси келгусида бундай муваффақиятларимиз ва имкониятларимиз кўламини янада кенгайтиришда катта аҳамият касб этади. Чунки имтиёз ва рағбат ишбилармонлар салоҳиятини юксалтириб, уларнинг иқтисодиётимиз ривожига қўшаётган ҳиссасини кўпайтириш кафолатидир.

Ботир БЕКЧАНОВ,
Қўшкўпир туманидаги «Қўшкўпир силикат ғишт заводи» масъулияти чекланган жамияти раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn