Ижро масъулияти ва жамоатчилик назорати
  • 31 Октябрь 2016

Ижро масъулияти ва жамоатчилик назорати

Ўзбекистон Республикаси Олий судида амнистия тўғрисидаги қарор ижросини аниқ ва бир хилда таъминлаш мақсадида суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда мутасадди идоралар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш масаласига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Омбудсман, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари ҳамда жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва унга тенглаштирилган судлар раислари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Олий суд раиси Ш. Газиев ва бошқалар томонидан таъкидланганидек, юртимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланишига эришилмоқда. Бу борада, шубҳасиз, жиноят қонунчилиги изчиллик билан либераллаштирилаётгани ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар моҳиятида инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари ўз ифодасини топган. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг  тақдимномасига биноан, Олий Мажлис Сенати томонидан шу йил 12 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор мамлакатимизда амалга оширилаётган бағрикенглик ва инсонпарварлик сиёсатининг мантиқий давоми бўлди. 

Амнистия акти эълон қилиниши халқимизга хос эзгулик ва раҳмдиллик, йиқилганни суяш каби асрий қадриятларимизнинг ёрқин амалий намунаси сифатида маҳкумларда қонунга итоаткорлик ҳиссини рағбатлантиради ва қонунни четлаб ўтган шахсларга тузалиш ҳамда оиласи бағрига қайтиб, жамиятнинг муносиб аъзоси бўлиш учун яна бир имконият беради.

Бу қарор қанчалик долзарб аҳамиятга эга эканлигини истиқлол даврида жами 27 марта амнистия акти эълон қилиниб, минглаб инсонларга нисбатан татбиқ этилгани, қанчадан-қанча оилаларга қувонч келтиргани мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан,  2008 — 2015 йилларда эълон қилинган амнистия актлари 331 минг 500 нафар кишига нисбатан қўлланилди. Шундан 50 минг нафардан ортиғини аёллар, 7 мингга яқинини вояга етмаганлар, қарийб 5 минг нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 3 минг 500 нафарга яқинини эса ногиронлар ташкил этган.

Иштирокчилар томонидан қайд этилганидек, амнистия актини қўллаш жараёнида очиқ-ошкоралик, холислик ва бетарафликни таъминлаш муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мутасадди идоралар ҳамкорлигида кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Масалан, қарор очиқ ва ошкора қўлланиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, Омбудсманнинг минтақавий вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, улар жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар билан суҳбатлашмоқда. Уларнинг шахсий йиғмажилдлари билан танишиш, суриштирув, дастлабки тергов органлари юритувидаги терговга қадар ўтказилган текширув материаллари ва жиноят ишлари билан танишиш, озод қилинган шахслар билан олиб бориладиган ишларни мониторинг қилиш, ушбу жараённи оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишни таъминлаш бўйича ишлар ҳам амалга оширилмоқда. 

— Ўтказилган тадбирда қарор мазмун-моҳияти ва аҳамиятидан ташқари,  унинг очиқ ва ошкора қўлланишини таъминлаш ҳамда бу борадаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилгани ҳар бир иштирокчи учун айни муддао бўлди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Умид Расулбердиев. —  Амнистия актини қўллашда ошкораликни ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлаш, хатоликларга йўл қўймаслик ва ходимлар масъулиятини ошириш бўйича ҳам зарур тавсиялар берилганини айтиш зарур. Табиийки, бу қарор ижроси билан боғлиқ фаолиятимизни изчил олиб боришимизда муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда жазодан озод этилган шахсларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш юзасидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳамда бу борадаги устувор вазифалар ҳам таҳлил қилинди. Жумладан, ҳозирга қадар озодликка чиққан шахсларга моддий ёрдам кўрсатиш, уларни ишга жойлаштириш, ёлғиз, ёрдамга муҳтожларни Мурувват ва Саховат уйларига жойлаштириш, вояга етмаганларни ота-оналар, ҳомийлик ва васийлик органларига топшириш, зарур ҳолларда таълим муассасаларига юбориш чоралари кўрилаяпти. Айни чоғда прокуратура, суд ва ички ишлар органлари, соғлиқни сақлаш муассасалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда фуқаролар йиғинларининг шу йўналишдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Давра суҳбатида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳа ислоҳотларида янги босқични бошлаб бергани алоҳида айтиб ўтилди. Зеро, бу ҳужжатда ҳам суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг устувор вазифалари белгиланган бўлиб, булар пировардида фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишида муҳим ўрин тутади.

Якунда муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn