Инновация ва тараққиёт
  • 31 Октябрь 2016

Инновация ва тараққиёт

Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида “Инновация — 2016” анъанавий халқаро илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази, Тошкент давлат техника университети, Навоий кон-металлургия комбинати ҳамда бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан уюштирилган ушбу тадбирда таълим, илм-фан соҳаси, саноат тармоқлари вакиллари, тадбиркорлар, шунингдек, Германия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан олимлар иштирок этди.

Анжуманда инновациялар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятни такомиллаштириш, янги саноат ҳамда молиявий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш соҳаси фаолиятини кенгайтириш, маҳсулот сифатини ошириш, унинг экспортбоплигини таъминлашга доир вазифаларни ҳал этишда муҳим ўрин тутиши ҳақида сўз юритилди.

Давлатимизнинг соҳага бўлган эътибори натижасида янги тадқиқот йўналишлари очиш ва мавжудларини ривожлантириш учун қулай шароит яратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2006 йил 7 августда қабул қилинган “Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ва 2010 йил 15 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорлари инновацион фаолиятни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Тадбирда қайд этилганидек, инновацион жараёнларнинг бир-бирига боғлиқлиги бугунги кунда ғоялар, услублар ва ишланмаларни уйғунлаштириш асосида турли илмий йўналишлар ҳамда фанлараро тадқиқотларни амалга ошириш натижасида муайян самараларга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Айнан шу боис “Инновация — 2016” конференцияси ёшлар ва таълим масалалари, иқтисодиёт тармоқларида инновацион жараёнлар, ёнилғи-энергетика, минерал-хом ашё ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш учун инновацион усуллар ва технологиялар, тоғ-кон иши ҳамда металлургия, технологик жараёнлар ва объектларни бошқаришнинг автоматик ҳамда автоматлаштирилган тизимлари, тизимли таҳлил ва математик моделлаштириш, ахборот технологиялари ҳамда тизимлари, уларнинг амалий жиҳатлари, ахборот хавфсизлиги муаммолари, сув — саҳро — экология: муаммолар ва ечимлар каби илм-фан ҳамда амалиёт учун энг муҳим саккиз йўналишни ўз ичига олди.

Жараёнга ҳар йили ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида фаол қатнашаётган навқирон авлод вакилларини жалб қилиш, айниқса, муҳим. Шу боис ҳам ёшлар ва таълим масалаларига бағишланган шуъба йиғилишлари тадбир иштирокчиларида доимо катта қизиқиш уйғотади.

Қатнашчилар ёш олимлар давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, уларга инновацион тадқиқотларни ўтказишлари учун барча шароит яратилаётганини таъкидладилар. Шу сабабли тадқиқотларда иштирок этаётган истеъдодли йигит-қизлар сони йил сайин кўпаймоқда. Ушбу тадқиқотлар натижалари эса алоҳида амалий аҳамиятга эга бўлиб,  миллий иқтисодиётимизнинг турли тармоқларида ишлаб чиқаришга жорий этилади. 

 

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn