Тадбиркорлик субъектлари ва илғор технологиялар
  • 27 Октябрь 2016

Тадбиркорлик субъектлари ва илғор технологиялар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида “Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рухсат этувчи ҳужжатларни топшириш тизимини такомиллаштириш ва соддалаштириш” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ҳамда идоралар масъул ходимлари, ҳуқуқ ва ахборот технологиялари соҳалари мутахассислари, бизнес, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини амалда ижро этишга оид вазифалар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мазкур Фармон хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритишлари учун барча зарур шарт-шароит яратишга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эгадир. Ушбу ҳужжат билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган устувор вазифалар қаторида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш ва соддалаштиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ташаббуслар ҳамда тавсияларни ишлаб чиқиш, жумладан, мазкур ҳаракатларни Интернет жаҳон ахборот тармоғи ёрдамида амалга ошириш каби масалалар долзарб аҳамият касб этмоқда. 

Давра суҳбатида мамлакатимизда бизнесни рўйхатга олиш тартибини янада такомиллаштиришга оид қатор чора-тадбирлар рўёбга чиқарилгани таъкидлаб ўтилди. Чунончи, рўйхатдан ўтказиш муддатлари ва уни амалга ошириш учун зарур тартиб-тамойиллар сони қисқартирилди, дастлабки устав капиталини шакллантириш, муҳр ва штампни нотариус тасдиғидан ўтказиш, кичик бизнес субъектлари учун банкларда ҳисоб рақамларини очишда тўловларни амалга ошириш бўйича талаблар бекор қилинди. Бундан ташқари, 2014 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизми жорий этилган бўлиб, бунда рўйхатдан ўтиш учун барча зарур ҳужжатни илова қилган ҳолда ариза бериш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва рўйхатдан ўтказилган таъсис ҳужжатларини электрон шаклда тақдим этиш имконияти мавжуд.  

Тадбиркорлик субъектларига сифатли электрон давлат хизматларини тақдим этиш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутиши қайд этилди. Ариза берувчилар билан бевосита электрон шаклдаги мулоқотнинг жорий этилиши коррупцияга қарши курашиш, тадбиркорлик фаолиятини юритишга оид тўсиқларни бартараф этиш, фуқаролар ва ишбилармонларнинг давлат органларига нисбатан ишончини янада мустаҳкамлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиб беради. 

Якунда тадбиркорлик субъектларини Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини тартибга солувчи қонунчиликни янада такомиллаштиришга доир тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn