Мамлакатимиз жаҳон рейтингида ўн олти поғона юқорига кўтарилди
  • 27 Октябрь 2016

Мамлакатимиз жаҳон рейтингида ўн олти поғона юқорига кўтарилди

Буюк Британиянинг нуфузли “Charities Aid Foundation” жамғармаси томонидан мамлакатларда хайрия ишлари амалга оширилишини ўрганиш бўйича ўтказилган тадқиқот (World Giving Index) якунларидан келиб чиқиб, жаҳоннинг янги рейтинги эълон қилинди.

Фахрланарли жиҳати шундаки, ушбу рўйхатда Ўзбекистон ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 16 поғона юқорилаб, 11-ўринда қайд этилган. Бу МДҲ мамлакатлари орасидаги энг яхши натижадир.

Рейтингни тузишда 140 давлатда олиб борилган ижтимоий сўров хулосалари асос қилиб олинган. Бунда фуқароларнинг хайрия тадбирлари, ҳомийлик ишларида иштирок этиши, кўмакка муҳтожларга ёрдам бериш ҳолатларига аҳамият қаратилган. Жамғарма ҳисоботига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 52 фоизи турли хайрия ҳаракатида қатнашса, 67 фоизи бегона инсонга кўмак беришга тайёрдир. Шунингдек, 62 фоизи ҳомийлик тадбирларида иштирок этади.

Албатта, бу “Charities Aid Foundation”нинг хулосаси. Аслида инсонпарварлик, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, йиқилганни суяш, мискинларга қўлидан келган ёрдамни аямаслик каби ноёб фазилатлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетганки, бизнинг назаримизда, бундай олижаноб хислатлар кўпинча кўз-кўз қилинмайди. Ҳамиша яхшиликни ўйлаб яшаган, меҳр-оқибатни одатга айлантирган, фарзандига ҳам буни ўргатишни бурчи деб билган одамларимиз эзгуликни кимгадир кўрсатиш учун эмас, балки чин юракдан, беминнат адо этади, бундан чин маънода маънавий қониқиш ҳосил қилади. Айниқса, мустақиллик шарофати билан бебаҳо қадриятларимиз, миллий анъаналаримизга кенг йўл очилгач, ана шундай хайру саховат ишлари янги поғонага кўтарилди. Масалан, ҳар йили ўтказиладиган умумхалқ хайрия ҳашарларида кексаю ёш ўз хоҳиш-иродаси билан кўчалар, хиёбонлар, муқаддас қадамжолар, қабристонлар ҳамда уларнинг ён-атрофини тартибга келтириш ишида қатнашади. Боғлар, гулзорлар, яшил ҳудудлар барпо этилади. Ёлғиз қариялар, ногиронлар, ўзгалар ёрдамига муҳтожлар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Бунда маҳалла фаоллари, тадбиркорлар, саховатпеша инсонларнинг ташаббускорлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Шуни ҳам айтиш керакки, бундай эзгу тадбирларни фақат ҳашар кунларида эмас, балки йил давомида кузатиш мумкин. Буларнинг барчаси халқимиз ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ришталари ҳамда тинчлик-тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига хизмат қилаётгани билан қадрлидир. 

“Charities Aid Foundation” жамғармасининг ўтган йилги рейтингида Ўзбекистон 27-ўринни эгаллаган эди.

Шавкат ОРТИҚОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn