Халқимиз матонати тимсоли
  • 27 Октябрь 2016

Халқимиз матонати тимсоли

Юртимиздаги кўҳна обидалар, муқаддас қадамжолар, замонавий иншооту масканлар ҳар биримизда, қолаверса, хорижлик меҳмонларда ҳам ҳайрат ва ҳавас уйғотади. Улкан янгиланишлар, асрларга татигулик ишлар салмоғи шунчалик кўпки, таърифу таснифига сўз етмайди. Хусусан, Қашқадарё вилояти марказида ҳам кейинги йилларда кенг бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Бир пайтлар тош-бетонлардан иборат бўлган ушбу кент гулзорларга бурканди.

Қарши шаҳрининг Мустақиллик номи билан аталувчи бош майдони ҳудуднинг энг диққатга сазовор манзилларидан бирига айланди. Негаки, бу ернинг ўзига хос ландшафт дизайни, бетакрор меъморий ечими ҳамда мусиқа оҳангларига уйғун равишда, камалак рангида товланувчи жилвакор фавворалари кишига кўтаринки кайфият бағишлайди.

Бундан роппа-роса ўн йил олдин майдон тўрида “Эл-юрт таянчи” монументи қад ростлади. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг ташаббуси ва ғояси асосида барпо этилган ушбу ёдгорлик оддий ўзбек оиласига, ўзининг оғир ва машаққатли меҳнати билан шу юртни обод этган Қашқадарё аҳлига қўйилган ноёб ҳайкалдир. Ундаги ҳар бир сиймо ҳамда бадиий чизгилар халқимизнинг кўп асрлик тарихи, ўзбек оиласининг мардлиги ва матонатидан сўзлайди.

Дарҳақиқат, оила — муқаддас қўрғон. Барча эзгулик ибтидоси, манбаи, ҳаёт бардавомлигининг асосидир у. Шу боис юртимизда оила улуғланади, уни асраб-авайлаш, мустаҳкамлаш чоралари кўрилади. Айниқса, истиқлол йилларида ушбу масала давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишлари қаторидан жой олди. Бунинг самараси хонадонларимиздаги аҳиллик, тотувлик, файзу барака мисолида яққол намоён бўлмоқда. Қолаверса, шу пайтгача ҳеч бир мамлакатда жамият пойдевори саналмиш оилага мукаммал ҳайкал қўйилмаганининг ўзиёқ Ўзбекистонимизда инсон манфаатлари олий қадрият эканлигининг яна бир тасдиғидир.

Монументга назар соламиз. Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Равшан Миртожиев ва у бошчилигидаги ҳайкалтарошлар гуруҳи томонидан бунёд этилган ушбу маҳобатли обидада бир-бирини асраб-авайлаб, елкадош бўлиб, ҳар қандай мушкул вазиятда ҳам ўзига ишониб яшаётган ҳамда юртини бутун дунёга танитиб, халқимизнинг ҳақиқий таянчи ва суянчи бўлиб қолаётган бағрикенг оилалар аъзолари тимсоли гавдалантирилган. У ўзида чўл синовлари ҳамда қи-йинчиликларида тобланган воҳа аҳлининг юксак сабот ва матонати, орзу-умидлари, буюк келажакка бўлган ишончини тўла-тўкис мужассам этган. Хусусан, оила бошлиғи сийратида бор куч-қуввати ва меҳрини оиласи ҳамда фарзандларига, эл-юртига бахш этган, қўли қадоқ, бағрикенг, фидойи, заҳматкаш ота, она тимсолида эса мунис ва меҳрибон ўзбек аёли сиймоси ёрқин акс этган. Монумент пойидаги тегирмон тоши замонлар алмашинуви, авлодлар бардавомлиги билан бир қаторда, ризқ, барака, фаровонлик рамзини ифодалайди.

Таъкидлаш керакки, ушбу бетакрор маданий ёдгорликнинг шаҳар бош майдонида қад ростлаши вилоят марказидаги улкан бунёдкорлик ишларининг ғоявий тарихини белгилаб берди. Обида очилган кундан буён ўтган вақт мобайнида Қарши шаҳри истиқлолнинг беқиёс қудрати ҳамда халқимиз бунёдкорлик салоҳиятидан далолат берувчи замонавий ва навқирон шаҳарга айланди.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрининг йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ва қурилишининг истиқболли режаси дастури тўғрисида”ги қарори мазкур кент тарихидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Ушбу ҳужжат асосида шаҳар ҳудуди 9 минг гектардан 17 минг гектарга кен-гайтирилди. Ўзбекистон, Мустақиллик, Амир Темур, Алишер Навоий, Насаф, Хонобод каби шоҳкўчалар кенгайтирилиб, улар атрофидаги илгари тартибсиз қурилган эски иморатлар ўрнида замонавий тураржойлар барпо этилмоқда. Бинокорлик ишларида бетакрор меъморлик услубларидан кенг фойдаланилганлиги шаҳар кўринишига алоҳида ранг-баранглик бағишлаётир. Яшил ҳудудлар кўпайтирилиб, мусиқали фавворалар бунёд қилинаяпти.

“Эл-юрт таянчи” монументи — Қашқадарё вилоятининг ўзига хос рамзи. Бу улуғвор ҳайкал вилоятга ташриф буюраётган меҳмонларда ҳам ажиб таассурот қолдирмоқда. Шу боис унинг пойидан гуллар аримайди. Сайёҳлар ушбу мажмуани зиёрат қилиб, халқимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқда. Энг муҳими, бу ерда акс этган ҳаёт ҳақиқати замонлар ўтса-да, бутун жаҳонга ушбу гўзал заминнинг боқий қадриятлари боис абадиятга дахлдор эканини англатиб туриши, шубҳасиз.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn