Соғлом турмуш тарзи
  • 19 Апрель 2014

Соғлом турмуш тарзи

маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар кўламида намоён бўлмоқда

Мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни миллий урф-одат, анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, замонавий касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш, иқтидорларини рўёбга чиқариш, спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш устувор вазифалардан ҳисобланади.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурида ушбу йўналишда аниқ чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, айни вақтда унинг ижросига алоҳида эътибор қаратилаётир.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда ҳомийлар томонидан республика бўйича икки юзга яқин болалар ўйингоҳлари, шунингдек, болалар спорт майдончалари фойдаланишга топширилди. Мингдан зиёд болалар майдончалари ободонлаштирилди.
Маҳаллалар қошида спорт турлари, хусусан, футбол, стол тенниси, кураш, шахмат-шашка, бадиий гимнастика ва бошқа тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларга минглаб ёшлар жалб этилмоқда. Ижодий тўгараклар, яъни миллий чолғу, ҳунармандлик, пазандалик, тикувчилик тўгаракларининг ташкил этилиши ҳам ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда, касб-ҳунар эгаллашларида муҳим аҳамият  касб этмоқда.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларни спортга жалб этишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг роли” мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида шулар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги жамоатчилик комиссиялари, хусусан, вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия ишини самарали ташкил этиш, маҳаллаларда спорт майдончаларини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш, ёшларни спортга жалб этишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига услубий-амалий кўмаклашиш, бу борада “оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлик механизмини янада такомиллаштириш  йўналишида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
— Маҳалламизда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни спортга кенг жалб этиш мақсадида “Футболимиз келажаги”, “Маҳалламиз паҳлавонлари” каби спорт мусобақалари мунтазам ўтказиб келинади, — дейди пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги “Қушбеги” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳаким Умиров. —  Ҳудудимизда 19 та болалар, 2 та спорт майдончаси, сунъий қопламали футбол майдончаси бўлиб, ҳозир мингдан зиёд ёшларимиз маҳаллада ташкил этилган спорт тўгаракларига қамраб олинган. 2013 йилда республика миқёсида ўтказилган “Футболимиз келажаги” спорт мусобақасида 11-12 ёшли болаларимиз фахрли биринчи ўринни эгаллаб, республика кубогини қўлга киритгани эса бизни беҳад қувонтирди. Бу, албатта, эзгу саъй-ҳаракатларимиз самарасидир.
Тадбирда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Соғлом бола йилида болалар спортини ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилиши режалаштирилгани қайд этилди. Мисол учун, Давлат дастурига асосан, мактаблар, коллежлар, лицейлар, маҳалла гузарларидаги мавжуд спорт заллари, майдончалари ва иншоотларида оилавий спорт ва ижодий тўгараклар ташкил этиш, ҳар бир уй-жой массивида замонавий ва хавфсиз болалар майдончаларининг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда қуриш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Ёз — 2014” спорт мусобақаларини, қизлар ўртасида “Жисмоний баркамоллик — гўзаллик рамзидир” шиори остида бадиий гимнастика, “Баҳор маликалари” шиори остида енгил атлетика бўйича республика мусобақаларини ўтказиш мўлжалланган.
Анжуман иштирокчилари болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ёшларни, айниқса, қиз болаларни, оилаларни спортга жалб этиш борасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари олдида турган устувор вазифаларга ҳам алоҳида тўхталдилар.
Тадбир якунида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида журналистлар ўртасида эълон қилинган “Истиқлол — ғурурим, маҳаллам — фахрим” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда маҳалла тизимида амалга оширилаётган ишларни кенг ва халқчил ёритган энг яхши ижодий материаллар муаллифлари аниқланиб, рағбатлантирилди.
* * *
“Халқ сўзи” газетаси мухбири З. Худойшукуров мазкур танловнинг даврий матбуот йўналиши бўйича тақдирланди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn