Ҳудуд салоҳияти намойиши
  • 27 Октябрь 2016

Ҳудуд салоҳияти намойиши

Чирчиқ шаҳрида пойтахт вилоятининг ҳудудий мева-сабзавот ярмаркаси давом этмоқда. Мазкур тадбир шу йилнинг 8 — 10 ноябрь кунлари “Ўзэкспомарказ” мажмуида бўлиб ўтадиган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси доирасида уюштирилган. Унда 70 дан зиёд фермер хўжаликлари, 25 та қайта ишлаш корхонаси ўзларининг 200 турдан ортиқ маҳсулотлари билан қатнашмоқда.

— Илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирга янги ҳамкор ва харидорлар топиш мақсадида келганмиз,  — дейди бекободлик фермер Абдушукур Нормуродов. — Шу боис жорий мавсумда етиштирилган энг сара маҳсулотларни намойиш этаяпмиз. Улар орасида кўкатларнинг 14, илдиз мевалиларнинг 10, карамнинг 7 дан ортиқ навлари бор. 

Фермер етиштирган вазни 100 граммни ташкил этадиган карамнинг “Брюссел” нави билан бирга, 10 килограмм тош босадиган “Пекин”  нави ва бошқа маҳсулотлар ярмаркада иштирок этаётган 100 дан ортиқ ижтимоий соҳа ташкилотлари вакиллари, 400 дан ортиқ харидорларда катта қизиқиш уйғотди.  

Дарвоқе, харидорлар учун бу ерда бир қатор имтиёзлар яратилган. Жумладан, ярмарка майдонларининг ўзида келишилган нархлар бўйича қўшимча танлов ва тендер савдоларисиз шартномалар тузилади. Шунингдек, тадбир ижтимоий соҳа объектлари ва йирик корхоналарда куз-қиш мавсуми учун зурур озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш, фермер ҳамда боғбонларга келгуси йил учун шартномалар тузишда айни муддаодир.

Олти кун давом этадиган ярмарканинг ҳар томонлама муваффақиятли ўтишини таъминлаш мақсадида 10 га яқин номинациялар  бўйича танловлар эълон қилинди. Унинг якунида ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланади.

Ҳудудий ярмарканинг очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи И. Эргашхўжаев сўзга чиқди.

 

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn