Истиқболли дастурлар самараси
  • 27 Октябрь 2016

Истиқболли дастурлар самараси

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида 2015 — 2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ҳамда йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизациялашга доир дастурнинг ижросига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, ушбу дастур юртимизда коммуникация тармоқларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини бошлаб берди. Пировардида замонавий инфратузилма объектлари, кенг ва равон йўллар қурилиши баробарида, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда аҳолининг электр энергияси, ичимлик суви билан таъминланиш даражаси ортмоқда. Шунингдек, ҳаво ва темир йўл транспортининг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, кўрсатилаётган хизмат сифати тобора яхшиланаётгани эътиборга моликдир.  

— Дастурга мувофиқ, беш йил давомида 150 та инвестициявий лойиҳани амалга ошириш, бунинг учун эса 9,8 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилиши кўзда тутилган, — дейди Иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи Рустам Наримов. — Шу мақсадда кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли ўтган қисқа давр ичида кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Мароқанд — Қарши ва Самарқанд — Бухоро темир йўл участкалари электрлаштирилиб, юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезд қатнови йўлга қўйилгани, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясига “Boеing 787-8 Dreamliner” самолёти олиб келингани, шунингдек, 376 км. узунликдаги автомобиль йўллари қайта таъмирлангани бунга мисол бўла олади.

Айтиш керакки, дастурга киритилган бирор лойиҳа эътибордан четда қолаётгани йўқ. Уларнинг ўз вақтида, изчил ижросини таъминлаш пайидан бўлинаяпти. Хусусан, жорий йил якунига қадар 302 та трансформатор пункти ва 320 километрлик электр тармоғини қуриш, битта юқори тезликда ҳаракатланувчи “Talgo-250” русумидаги поезд харид қилиш, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси паркини иккинчи “Boеing 787-8 Dreamliner” самолёти билан тўлдириш мўлжалланган. Бундан ташқари, 512 километрлик автомобиль йўллари таъмирланиб, А-380 автомобиль йўлининг Бухоро — Тўрткўл йўналишида 125 километр, М-39 трактининг ўузор — Термиз йўналишида 50 километр, М-37 трактининг Самарқанд — Навоий йўналишида 16,7 километрлик масофадаги қисми қурилиши якунланади.  

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn