Барча учун тенг имконият
  • 26 Октябрь 2016

Барча учун тенг имконият

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига 39 кун қолди. Ушбу муҳим сайловолди даври фуқароларнинг юксак ижтимоий-сиёсий фаоллигини намойиш қилмоқда. Бу аҳолининг мамлакатимиз ҳаётидаги мазкур сиёсий тадбирга тайёргарлик ишларида иштирок этишида, сиёсий партиялар фаолиятида, кенг тарғибот тадбирларида ўз ифодасини топаётир.

Мухбиримизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари Светлана Артикова билан суҳбати хотин-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида бўлди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнида 21 миллион 435 минг сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ярми, яъни 10 миллион 825 минг 641 нафари хотин-қизлардир, — дейди суҳбатдошимиз. — Бу уларнинг овози катта аҳамиятга эга эканлигидан, мамлакатимиз тараққиётини белгилаб беришидан далолатдир. Ишончим комилки, 4 декабрь куни опа-сингилларимизнинг ҳар бири сайлов участкасида ўз шахсий қараш ва нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда, онгли қарор қабул қилади, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида сайловолди дастури, унинг манфаатларига жавоб берадиган номзодга овоз беради. 

Фахр билан айтиш мумкинки, Ўзбекистонимиз аёллари бугун ўз зиммаларига улкан масъулият олган ҳолда, ҳар қандай вазифани му-ваффақиятли уддаламоқда.

Фидойи, ташаббускор опа-сингилларимиз социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва гуманитар ривожланишнинг муҳим масалаларини ҳал қилишда фаол иштирок этишаяпти. Бу замонавий жамиятимизда хотин-қизларнинг роли ва мақомини ошириш бўйича чуқур ўйланган стратегия амалга оширилиши натижасидир, десак, асло янглишмаймиз. Бинобарин, мустақиллик йилларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида аёллар камситилишига йўл қўймасликнинг умумий тамойиллари шакллантирилди, жамиятнинг барча жабҳасида уларнинг тенг иштирок этиши, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини рўёбга чиқаришнинг мустаҳкам қонунчилик асослари кафолатлаб қўйилди.

Хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар изчил рўёбга чиқарилаяпти. 2004 йили Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг касбий, жисмоний, маънавий ҳамда интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат қурилишида фаол қатнашишлари соҳасидаги умуммиллий сиёсатни олиб бориш бўйича ҳал қилувчи қадамлар ташланди. Бугун Хотин-қизлар қўмитаси раиси айни пайтда мамлакат Бош вазирининг ўринбосари, ҳудудлардаги хотин-қизлар қўмиталари раислари эса ҳокимларнинг ўринбосарлари ҳисобланади. Бу аёлларнинг ижро органларидаги вакиллигини, уларнинг марказда ва жойларда қарор қабул қилишда манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олишни таъминлайди, уларнинг янада кўпроқ ижтимоий ва маъмурий ресурсларга эга бўлишига замин яратади.

— Хотин-қизларнинг сайлов жараёнидаги фаоллигини қандай баҳолайсиз? 

— Президент сайловига тайёргарликнинг барча босқичида опа-сингилларимиз юксак фаолликни намойиш этаётгани ниҳоятда қувонарлидир. Чунки бунинг учун юртимизда ҳамма шарт-шароит яратилган. Мамлакатимиз Конституциясида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Бу умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ қоидалари билан уйғундир.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигида хотин-қизлар ҳамда эркакларнинг сайлов жараёнидаги тенглиги аниқ тартибга солинган. Масалан, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар тенг сайлов ҳуқуқига эгадир. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда, хусусан, жинсига қараб бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунга биноан, хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши лозим. “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонунга кўра, ушбу ҳуқуқ комиссиялар фаолиятининг асосий тамойилларидан бири — коллегиаллик орқали таъминланади. Унга мувофиқ, масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш Марказий сайлов комиссияси томонидан коллегиал тарзда амалга оширилади.

Маълумки, хотин-қизларнинг сиёсий ҳаётда иштирокини кенгайтиришда сиёсий партиялар муҳим роль ўйнайди. Сиёсий партиялар доирасида опа-сингилларимиз ўзлари учун муҳим бўлган масалаларни белгилаб олиш ҳамда ўз таъсир доирасини кенгайтириш мақсадида бирлашади. Сўнгги йилларда аёлларнинг сиёсий партиялардаги фаоллиги 36 фоиздан 50 фоизгача ошганини кузатишимиз мумкин. Жумладан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидаги аёлларнинг умумий улуши 48 фоизни, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясида 38,2 фоизни, Ўзбекистон Халқ демократик партиясида 49,3 фоизни, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясида 51 фоизни ташкил этмоқда. Шу ўринда уларнинг сиёсий партиялар фаолиятида қатнашишлари жамият ва давлат ишларини бошқаришда амалда иштирок этиши учун катта имконият эканлигини таъкидлаш лозим. Айни чоғда биз уларнинг ўз сиёсий партияларининг ғоя ва мақсадларини нечоғли фаол илгари сураётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. 

Бугун жаҳонда хотин-қизларнинг сиёсий жараёнларда, айниқса, парламентлар фаолиятида иштироки тобора ортиб бораётганини кузатиш мумкин. Шу ўринда 2015 йилда дунё парламентлари аъзоларининг таркибида хотин-қизларнинг улуши ўртача 22,5 фоизни ташкил этганини эслатиб ўтиш жоиз. Ўзбекистонда ҳам ушбу ҳолат эътиборга -молик. Мисол учун, 2014 йилги сайлов натижаларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 

24 (16 фоиз) нафар аёл сайланган бўлса, Олий Мажлис Сенати аъзоларининг 17 фоизи аёллардан иборат. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ҳамда вилоятлар Кенгашлари депутатлари орасида опа-сингилларимиз улуши 23,5 фоизга, туман ва шаҳар Кенгашларида эса 22 фоизгача етгани, айниқса, қувонарлидир. Бинобарин, улар сайловчилар билан бевосита юзма-юз ишлашади. Бу ҳам аёлларнинг юксак сиёсий фаоллигидан, жамиятимизда уларга бўлган ишончнинг тобора ортиб бораётганидан далолатдир.

Шубҳасиз, хотин-қизларнинг иштироки сайлов жараёнининг барча жабҳасига таъсир кўрсатади. Сайлов кампанияси пайтида қонунийликни таъминлашда опа-сингилларимизнинг сайлов органларида, партия фаолияти ва сайлов кампаниясини олиб боришда, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда фаол қатнашиши муҳим аҳамият касб этади. 

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари таркибида аёллар 36,8 фоизни ташкил қилади. Бу бундан аввалги парламент сайловидагидан (8 фоиз) ҳамда Президент сайловидагидан (15 фоиз) сезиларли даражада кўпдир. Сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни бевосита ташкил қилиш зиммасига юклатилган участка сайлов комиссияларининг 

47,39 фоизи аёллардан иборат. Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, уларнинг аксарияти аҳоли, айниқса, ёшлар орасида катта обрўга эга бўлган, овоз беришда ҳар бир сайловчи иштирокининг муҳимлигини тушунтира оладиган педагог-ўқитувчилардир. 

Опа-сингилларимизнинг сайлов жараёнида, бевосита овоз беришда қатнашиши уларнинг сиёсий фаоллиги кўрсаткичи, мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш борасида олиб борилган кенг кўламли ишларга ўзига хос баҳо ҳамдир. 

— Хотин-қизларнинг бошқа соҳалардаги фаоллиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз? 

— Бугун аёлларимиз аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга бевосита дахлдор бўлган масъулиятли соҳаларда иш олиб бориб, муҳим қарорларни қабул қилишмоқда. Уларнинг ижро ҳокимияти органлари тизимидаги роли тобора юксалиб бораётир. Масалан, ижро ҳокимиятидаги опа-сингилларимиз иштироки 2005 йилдаги 3,4 фоиздан 2015 йилда 20 фоизга етиб, беш марта кўпайди. Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқори бўғинлари раҳбариятининг 62,1 фоизи, Халқ таълими вазирлигида 71,3 фоизи хотин-қизлардир. Умумтаълим мактаблари директорларининг 35 фоизи, директор ўринбосарларининг 47 фоизи аёллардир. Бошланғич таълимдаги ўқитувчиларнинг 89,5 фоизини, ўрта махсус таълимдаги муаллимларнинг 64,4 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. “Баркамол авлод” марказлари раҳбарлари орасида опа-сингилларимиз 56 фоизни, мактабгача таълим муассасалари раҳбариятининг 100 фоизи фаол аёлларимиздан иборат. Жорий йилнинг 

1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 38 минг 23 нафар аёл киши ишлайди, уларнинг 606 нафари раҳбарлик лавозимларида фаолият юритади. 

Ўзбекистонда йилдан-йилга фан билан машғул бўлган олималаримиз сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида 514 нафар фан доктори, 4 минг 780 нафар фан номзоди, 6 нафар академик хотин-қизлар фаол иш олиб бораётир. 

Мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш йўналишида фаолият юритаётган жамоат ташкилотлари сони 295 тани ташкил қилади. Жами 37 минг 546 та касаба уюшмалари бошланғич ташкилотлари раҳбарларининг 44,6 фоизи хотин-қизлардир. Умуман, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тузилмасида 16 минг 942 нафар хотин-қиз фаолият юритади. Касаба уюшмалари Федерацияси қошида Хотин-қизлар кенгаши, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотларида хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари фаолият олиб боради. 

Мамлакатимиздаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига 2006 йилда сайланган раисларнинг 9,9 фоизи, 2008 йилда 11,5 фоизи, 2014 йилда 13,4 фоизи хотин-қизлар эканлиги ҳам диққатга сазовор. 

Юртимизнинг энг юксак мукофоти — Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига 15 нафар фаол, ташаббускор ва фидойи опа-сингилларимиз сазовор бўлгани фахрланарлидир. 

Албатта, фарзанд тарбияси, оила фаровонлиги ва файзу баракаси ҳар бир аёл ҳаётининг асосий мақсади ҳисобланади. Шу билан бирга, хотин-қизларимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёнининг фаол иштирокчиси бўлишга қодир ва лойиқдир. Шу боис ҳам хотин-қизларнинг уй меҳнатини янада енгил-лаштириш, бандлигига кўмаклашиш, бизнесини имтиёзли кредитлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган муҳим давлат дастурлари амалга оширилмоқда. 

Опа-сингилларимиз атрофимизда бўлаётган барча жараёнга дахлдорлик туйғуси билан ёндашади. Ишончим комилки, Ўзбекистон хотин-қизлари шу йилнинг 4 декабрь куни ўз сайлов участкасига келиб, Ватанимиз келажаги учун овоз беришади.

«Халқ сўзи» мухбири

Зиёда АШУРОВА суҳбатлашди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn