Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 21 октябрда имзоланган “2017 — 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарор аҳолига ғамхўрлик кўрсатишнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Бу ҳужжатнинг қабул қилиниши, энг аввало, фуқароларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш каби долзарб масалаларни ҳал қилишнинг янги босқичини бошлаб берди.
Ҳар бир киши ўз бахти ҳақида ўйлар экан, оила қуришни, фарзандлари шинам уйда яшашини хоҳлайди. Албатта, инсон бахти учун кўп нарса таъсир кўрсатади, аммо ўз уйи — фаровонлик, барқарорликни ҳис қилишда муҳим.
Дастур, аввало, фуқароларнинг асосий эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган. Қувонарли томони, унда қишлоқларда, олис манзилларда яшайдиган одамлар ҳақида ғамхўрлик кўрсатиш, уларга қурилиш материалларини етказиб бериш, қулай инфратузилмани яратиш зарурати ифодаланган.
Айни чоғда уй-жойлар қуриш билан бирга, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма тармоқларини барпо этишни ҳам кўзда тутади.
Дастурда назарда тутилган қулай ипотека кредити сиёсати ёш оилаларнинг муносиб яшашига имкон беради, уларнинг уй-жойга бўлган кредитни тўлаш ва уйни кейинчалик харид қилишда қийинчилик туғдирмайди.
Мазкур ҳужжатда асосий эътибор айнан арзон уй-жойларга қаратилган. Бу эса, ўз навбатида, кўпчилик фуқароларга Дастурда белгиланган қулайликлардан фойдаланиш имконини беради.
Яна бир муҳим жиҳати, хорижлик меҳмонлар Ўзбекистон ҳақида сўз борганда, аввало, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларимизнинг бетакрор қиёфасини кўз олдига келтиради. Шу маънода, ушбу Дастур миллий меъморлик анъаналарини ва ҳозирги архитектура ҳамда қурилиш тенденцияларини ўзида мужассам этган ўзбек қишлоғининг замонавий қиёфасини яратиш бўйича ишларнинг давомийлигини таъминлашга хизмат қилади.
Жамила НИЁЗОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.