Мардлик, жасорат ва фидокорона меҳнат
  • 26 Октябрь 2016

Мардлик, жасорат ва фидокорона меҳнат

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ички ишлар идоралари ходимлари ва фахрийлари қатнашди. 

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант А. Ахмедбаев ҳамда бошқалар алоҳида таъкидлаганидек, тизимни ислоҳ қилиш, уни замонавий технологиялар ва малакали кадрлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар бугун юқори самара бераётир.

Хусусан, мамлакатимиз Биринчи Президентининг 2001 йил март ойидаги Фармонига мувофиқ, ички ишлар идораларининг жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш, тергов, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, патруль-пост хизмати ҳамда жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари фаолияти такомиллаштирилди. Тизимнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш, жиноятчиликка қарши кураш борасида профилактика ролини кучайтириш, кадрлар билан ишлаш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган 2007-2008 йилларга мўлжалланган дастурнинг ҳаётга татбиқ этилиши эса тизим ислоҳотларида муҳим роль ўйнади. Пировардида соҳа ходимлари бугунги кунда юртимиз тинчлиги ва осойишталигини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш орқали мамлакатимиз тараққиётига -муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг кеча матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони соҳада самарали фаолият юритаётган тинчлигимиз посбонларининг хизматига кўрсатилган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди. Мазкур ҳужжат билан 41 нафар жасур ва фидойи ходимлар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Тадбир доирасида орден ҳамда медаллар тантанали равишда ўз эгаларига топширилди. 

— Давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусан, фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлигимиз жойларда ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик ҳолатлари сезиларли даражада камайишида муҳим омил бўлмоқда, — дейди “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби, Сирдарё вилояти Боёвут тумани ички ишлар бўлими профилактика катта -инспектори Улуғбек Рахманкулов. — Бу борада, айниқса, милиция таянч пунктлари катта ўрин тутади.

Зеро, ушбу масканларда хизмат қилаётган фидойи инспекторлар маҳалла посбонлари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар билан биргаликда ҳаракат қилишмоқда. Энг муҳими, нохуш ҳолатлар олди олинаётир. Тақдирланганим ҳақида эшитганимда айнан шуларни ўйладим. Ушбу юксак мукофотни ички ишлар тизимида меҳнат қилаётган фидойи ҳамкасбларимга кўрсатилган ғамхўрлик, деб биламан. Бундан кейин ҳам бор кучимиз, билим ва маҳоратимизни юртимиз тинчлиги ҳамда халқимиз осойишталиги йўлида сарфлаймиз.

— Маълумки, малакали кадрлар ҳар бир соҳанинг келгуси истиқболини белгилайди, — дейди “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги -Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти кафедра бошлиғи Руслан Азизов. — Дарҳақиқат, етук, салоҳиятли, Ватанга ва ўз бурчига садоқатли кадрлар ислоҳотлар жараёнида халқимизга камарбаста бўла олади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги олий ўқув юртлари — ИИВ Академияси, Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти ҳамда Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида курсантлар ва тингловчилар учун барча шарт-шароит яратилган. Бугун шулардан унумли фойдаланиб, тизим учун ҳар жиҳатдан етук кадрларни тайёрлашга ҳаракат қилаяпмиз. Камтарона меҳнатим юксак даражада эътироф этилганидан бошим кўкка етди. Айни чоғда бу -зиммамдаги масъулиятни янада оширади. 

Шунингдек, тадбирда ўз фаолияти давомида намуна кўрсатиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари вазирлик томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури тадбирга байрамона шукуҳ бағишлади.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn