Тинчлик ва осойишталик — улуғ неъмат
  • 25 Октябрь 2016

Тинчлик ва осойишталик — улуғ неъмат

Инсонпарварлик ҳамда адолат тамойиллари мустаҳкам қарор топган эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш халқимизнинг улуғвор мақсади бўлиб, бу борада истиқлол йилларида улкан ютуқлар қўлга киритилди.

Мазкур натижаларда, шубҳасиз, ички ишлар идоралари ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Шу ўринда ушбу соҳада амалга оширилган изчил ислоҳотлар ва уларнинг самараси хусусида тўхталиб ўтиш жоиз.

Маълумки, 2006 йил 6 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идоралари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун имзоланган эди. Бу элу юрт осойишталиги посбонларига кўрсатилган юксак эҳтиром намунаси бўлди, десак, айни ҳақиқатдир. Шундан буён мазкур Қонунга мувофиқ, ҳар йили ички ишлар идоралари ходимлари 25 октябрни касб байрами сифатида муносиб нишонлаб келмоқдалар.

Дарҳақиқат, мустақилликнинг илк йиллариданоқ жамиятда барқарорликни сақлаш, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш ҳамда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашнинг муҳим омили сифатида ички ишлар органлари тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Энг аввало, 1991 йил 25 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳақида”ги қарорига биноан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги фаолияти йўлга қўйилганлигини мамнуният билан эсга оламиз.

Мамлакатимиз Биринчи Президентининг 2001 йилдаги Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бу борада қабул қилинган қарорлари Ички ишлар вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, ички ишлар органлари жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш, тергов, профилактика, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлиги ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматларида қатор янгиланишлар амалга оширилди.

Шунга мос равишда ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш борасидаги ишлари ҳам яхшиланди. Энг муҳими, тизим ходимларининг халқ билан ҳамкорлиги кучайтирилди. Элу юрт тинчлигига рахна солувчи ва жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларга қарши кенг жамоатчилик билан биргаликда, ҳамжиҳатликда кураш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.

Фуқаролар йиғинларида ташкил этилган “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмалари аҳоли ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга йўналтирилган профилактик ишларни ташкил этиш ва юритишда ғоят муҳим ўрин тутмоқда. Пировардида бугун республикамиздаги икки мингдан ортиқ маҳаллаларда жиноятчилик кескин камайишига эришилди, икки ярим мингдан зиёд маҳаллаларда эса бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

Биринчи Президентимиз 2007 йилда касб байрами муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида алоҳида таъкидлаганидек, биз мураккаб замонда яшамоқдамиз. Бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётига уюшган ва трансмиллий жиноятчилик, наркобизнес билан боғлиқ хавф-хатарлар таҳдид солмоқда. Бундай бало-қазоларга қарши самарали курашиш, уларга муносиб зарба бериш ички ишлар идораларига тегишли барча хизматлардан аниқ ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳар бир ходимидан ўз хизмат бурчини масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, ҳалол адо этишни талаб қилади.

Айни чоғда унда мазкур талабларни бекаму кўст адо этиш учун амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Яъни бугун юксак профессионализм, хушмуомалалик, одамлар орасига кириб бориш, ёшлар қалбига йўл топа билиш, оила ва мактаб билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш ҳар бир профилактика инспекторининг кундалик вазифасига айланди. Бунда ходимларимиз фаолияти, энг аввало, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, баркамол авлодни тарбиялашга кўмаклашиш, ёшларимизни турли жиноий гуруҳлар ва диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишдан асраб-авайлашга қаратилди.

Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, шахсий таркибни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, ходимлар онги ва дунёқарашини юксалтириш ҳам долзарб вазифаларимиздандир. Шундан келиб чиққан ҳолда, ички ишлар органлари, ИИВ таълим муассасалари ва ҳарбий қисмлари шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ходимлар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, билим ва касб маҳоратини ошириш, улар ўртасида тарбиявий ишларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Халқимизнинг тинчлик-осойишталигини асраш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги мураккаб ҳамда масъулиятли вазифаларни шараф билан адо этиб, фидойилик намунасини кўрсатган ходимларимиз хизмати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб келинаётир. Биргина 2016 йилнинг ўтган даврида ички ишлар органларининг 96 нафар ходими давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлганлиги, икки юздан ортиғи вазирликнинг “A’lo xizmatlari uchun” кўкрак нишони билан тақдирлангани бунинг бир мисолидир.

Ўтган йиллар мобайнида ички ишлар органларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланди, замонавий техника ва ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ таъминланди. Жиноятни тезкорлик билан очишда қўл келадиган самарали тезкор-қидирув тизими яратилди. Шунингдек, замонавий моддий-техника ва криминалистик базага эга тергов аппаратлари шакллантирилди.

Амалга оширилган ушбу чора-тадбирлар натижасида сўнгги беш йилнинг ўзида юртимизда жиноятчилик 12 фоиз камайишига эришилди. Жумладан, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига қаратилган жиноятлар 30 — 40 фоиз, талончилик ва ўғирлик ўтган асрнинг 90-йилларидагига қараганда қарийб икки баравар камайди. Асосийси, кўплаб қишлоқ ва маҳаллаларимизда жиноятлар сезиларли даражада камайиб, одамларимиз турмуш фаровонлиги ва эртанги кунга бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда. Бизни янаям кўпроқ қувонтирадигани шуки, бугун халқимиз юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаб келаётган ходимларимиздан миннатдор бўлмоқда.

Халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида уларнинг ариза ва шикоятларини ўз вақтида кўриб чиқиш ҳам доимий эътиборимиздаги вазифалардан саналади. ИИВнинг барча марказий соҳавий хизматларига “Электрон қабулхона” орқали келиб тушган ҳар қандай мурожаат бўйича шахсан биринчи раҳбар масъуллиги белгиланиб, соҳавий раҳбарларга эса ариза бўйича тўлиқ ва сифатли маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш, мурожаатларнинг ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш вазифалари юклатилди.

Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида шу йил бошида вазирликнинг 2016 — 2017 йиллар давомида ички ишлар органларининг мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди. Уни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, вазифалар ижроси доирасида мурожаатлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилди, моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Электрон, оғзаки ва ёзма мурожаатларни кўриб чиқиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди. 

Вазирлигимизда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушаётган мурожаатлар билан ишловчи махсус бўлим фаолияти йўлга қўйилди. Бўлим зарур техника воситалари билан тўлиқ таъминланди ва унинг фаолияти алоҳида назоратга олинди. 

Ички ишлар вазирлигининг сайти орқали фуқароларга ўндан ортиқ интерфаол хизматлар кўрсатилмоқда. Сайт Ягона интерактив давлат хизматлари порталига уланган. Аҳоли мазкур портал орқали ёки сайтимизда кўрсатилган бошқа имкониятлар ёрдамида бизга мурожаат қилмоқда. Унда “Ишонч телефонлари” ва вазирлик электрон манзили ҳам илова қилинган.

Фуқаролар ва юридик шахсларга қулайликлар яратиш мақсадида вазирлик марказий аппаратининг бевосита мурожаатлар билан ишловчи асосий соҳавий хизматлари, яъни шахсий таркиб билан ишлаш хизмати, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тергов бош бошқармалари, хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари Ягона интерактив давлат хизматлари порталига тўлиқ уланган. Натижада фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғридан-тўғри ушбу соҳавий хизматлар томонидан қабул қилинмоқда. 2016 йилнинг 9 ойи мобайнида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жами тўрт мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушди.

Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти қабулига фуқаро ва юридик шахсларга “электрон навбат”га ёзиш орқали ҳам интерактив хизмат кўрсатилмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати, 2016 йил 17 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуни матбуотда эълон қилинди. Унда, энг аввало, ички ишлар органлари фаолиятининг принциплари сифатида қонунийлик, ягоналик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш, очиқлик ва шаффофлик кабилар белгилаб қўйилгани ниҳоятда аҳамиятлидир.

Мазкур Қонунда, шунингдек, ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби ва шартлари, соҳа ходимларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш борасида бир неча моддалар ўрин олганлиги ҳам бизга кўрсатилган юксак эътибор намунаси бўлди, десак, асло янглишмаймиз.

Умуман, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий қисми сифатида ички ишлар идораларида ҳам янгиланишлар рўёбга чиқарилиб, замонавий тизим самараси ўлароқ ўзини ҳар томонлама намоён қилмоқда. Бу эса юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда айни муддаодир.

 

Адҳам АХМЕДБАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

ички ишлар вазири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn