Инсон шаъни ва қадр-қиммати ҳамма нарсадан устувор
  • 14 Октябрь 2016

Инсон шаъни ва қадр-қиммати ҳамма нарсадан устувор

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан шу йил 12 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор халқимизга хос бағрикенглик ва кечиримлилик фазилатларининг ёрқин ифодаси, жамиятда инсон ҳамда унинг манфаатлари устуворлигининг яна бир далили бўлди. Буни, албатта, юртимиз аҳолиси чуқур миннатдорлик ва мамнуният билан кутиб олди.

Парламентимиз аъзолари, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари амнистия актининг моҳияти ва аҳамияти, унинг ижросини таъминлаш борасидаги масъулият хусусида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Муҳаммаджон ЗУФАРОВ,  «Нуроний» жамғармаси

Тошкент шаҳар бўлими 

Кенгаши раиси, сенатор: 

— Инсон учун оиласи даврасида, яқинларининг дийдорига тўйиб, озод ва хотиржам яшашдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Бироқ бу ҳаётда адашиб, жиноят кўчасига кириб қолган ва натижада мана шундай бахтдан мосуво бўлганлар йўқ эмас. Улар орасида кексаларнинг ҳам борлиги таассуфли. Одил суд ҳукми билан тегишли жазони ўтаётган ҳамда ўз қилмишидан қаттиқ пушаймон бу инсонларга яна оиласи бағрида, ҳалол, тўғри яшаш учун имконият берилиши чинакам раҳмдиллик намунасидир.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи тақдимномасига асосан, Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинган амнистия тўғрисидаги қарорда 60 ёшдан ошган эркакларнинг ҳам жазони ижро этиш муассасаларидан белгиланган тартибда озод этилиши кекса авлод вакиллари алоҳида эътиборда эканини кўрсатади. 

Мазкур амнистия акти профилактик, ижтимоий ва тарбиявий аҳамиятга эга. Унда муайян тоифадаги шахсларни нафақат жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш, балки уларни даволаш, бандлигини таъминлаш, ижтимоий реабилитация қилиш борасида ҳам қатор тадбирлар кўзда тутилганки, буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон ҳамда унинг ҳаёти, эркинлиги ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадриятга айланганидан далолат беради. 

Шубҳасиз, озодликка чиққан фуқароларнинг жамиятда ўз ўринларини топишига кўмаклашиш бўйича ташкилий-маърифий ишларни амалга ошириш, уларнинг оилаларидаги муҳит ва яшаш шарт-шароитларини ўрганиб, профилактика тадбирларини ўтказиш, жамоатчилик назоратини олиб боришда маҳалла институти салмоқли ўрин тутади. 

Икром ҚОРАТАЕВ, 

Сирдарё вилояти Фермерлар 

кенгаши раиси, сенатор:

— Мамлакатимизда барча соҳада, жумладан, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, жамиятда инсонпарварлик тамойилини қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг тақдимномасига мувофиқ, парламент юқори палатаси томонидан қабул қилинган амнистия тўғрисидаги қарор ҳам фуқароларнинг Конституция ва бошқа қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муҳофазасига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Бинобарин, билиб-билмай тўғри йўлдан адашганларга суянч бўлиб, уларга имконият бериш, ўзларини ҳар томонлама тиклаб олиши учун кўмаклашиш жамиятимизда инсон шаъни ва қадр-қиммати улуғлигини кўрсатади. Шу билан бирга, кенг кўламли ислоҳотларда нафақат демократик тамойиллар, балки миллий қадриятларимизнинг негизига айланган меҳр-шафқат ва мурувватли бўлиш, бағрикенглик каби юксак фазилатлар устуворлик касб этаётганидан далолат беради.

Таъкидлаш жоизки, амнистия актини татбиқ этиш борасида ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш, бунинг учун парламент назоратини самарали амалга ошириш биз, сенаторлар зиммасига катта масъулият ва муҳим вазифалар юклайди. Жазодан озод этилганларнинг ҳаётга мослашуви ҳамда ижтимоий ҳимоясига оид чораларни рўёбга чиқариш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ҳал қилиш, мазкур йўналишда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини кафолатлаш айни заруратдир.

Ойбек  ИСОҚОВ, 

Ўзбекистон ногиронлар жамияти 

раиси ўринбосари:

— Юртимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан аҳоли ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, имконияти чекланган шахсларнинг оила ва жамиятда ўз ўрнини топиши учун тенг шарт-шароит яратиш, ижтимоий ҳаётда фаол иштирокини таъминлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида тизимли ишлар амалга оширилаётир. 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма тўрт йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалиётга йўналтирилган амнистия актида ҳам аҳолининг ушбу қатлами вакиллари инобатга олингани ғоятда аҳамиятлидир. Қарорга асосан, қонунда белгиланган тартибда I ёки II гуруҳ ногиронлари жазодан озод этилиши замирида эҳтиёжманд инсонларни умидсизлик ва ишончсизлик кайфиятидан халос этиб, жамиятнинг бошқа аъзолари қаторида хотиржам ҳаёт кечириши учун имконият бериш мақсади мужассам. Бу эса барча жабҳада ижтимоий адолат тамойили бош мезон эканини, изчил демократик ислоҳотлар юксак инсонпарварлик ғоялари билан суғорилганини яна бир карра тасдиқлайди.

Қолаверса, жазодан озод этилган ногиронлар оиласи ва яқинлари бағрига қайтгач, жамиятга мослашиши, муносиб ҳаёт кечириши учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давлат органлари қаторида нодавлат ташкилотлар ҳам ўз ташаббус ва лойиҳалари билан фаол қатнашиши жуда муҳим.

Сардор НЕЪМАТЖОНОВ, 

“Камолот” ёшлар ижтимоий 

ҳаракати фаоли:  

— Навқирон авлодга ҳар тарафлама ғамхўрлик кўрсатиш, замонавий билим ва дунёқарашга эга, баркамол фарзандларни вояга етказиш борасида юртимизда мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асос яратилган. Хусусан, 18 ёшгача бўлган ўғил-қизларнинг манфаатларини муҳофаза қилиш қонун билан тартибга солиниб, ҳар бир боланинг ҳаёти ва саломатлигини асраш, жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш каби аниқ вазифалар бу борадаги давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини ташкил этади. 

Шу нуқтаи назардан, амнистия актининг биринчи бандига мувофиқ, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг жазодан озод қилиниши вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш, эътиборсизлик, оиладаги носоғлом муҳит ёки бошқа омиллар оқибатида жиноят оламига кириб қолган ўғил-қизларнинг таълим-тарбиясини тўғри йўналтириш, уларга ўз салоҳиятини, иқтидорини намоён этиб, ривожлантириши учун шароит яратиш саъй-ҳаракатларининг узвий давомидир. Зеро, йиқилганни суяш, айниқса, ҳали мустақил ҳаётга қадам босмаган, ниҳол каби ёш фарзандларнинг хатосини кечириб, бошини силаш ҳамда уларни эзгулик йўлига бошлаш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Ёшлар, жумладан, вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатларининг олдини олиш, бунинг учун улар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, бугунги таҳликали замонда навқирон авлодни турли иллатлардан асраш,  ҳуқуқий маданиятини юксалтириш долзарб аҳамиятга эга. Мана шундай муҳим вазифаларни бажаришда, шубҳасиз, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати янада самарали ёндашувлар билан ўз улушини қўшиши лозим. 

Қолаверса, амнистия актига кўра, озодликка чиқарилган ёшларнинг ижтимоий мослашуви, касб-ҳунар ўрганиб, иш билан таъминланиши учун зарур чора-тадбирларни қўллаш орқали уларни қайта жиноятга қўл уриши ёки жамиятдан ажраб қолиши каби нохушликлардан асраймиз.

Амнистия актини татбиқ этиш адашган фуқароларни ўз хатоларидан сабоқ чиқариб, ҳаётнинг қадрига етиш ҳамда шукроналик билан яшашга ундайди, оиласи ва эл-юрт олдидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.

«Халқ сўзи» мухбири

Фарида МАҲКАМОВА

ёзиб олди.

Сайловчилар учун «Ишонч телефони»

Маълумки, Марказий сайлов комиссияси қарори билан Сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури тасдиқланган. Ушбу ҳужжат асосида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти, уларни амалда қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Очиқлик, ошкоралик ва транспарентликни таъминлаш учун тегишли шароитлар яратилаяпти. Сайловга тайёргарлик жараёнида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий институтлар ҳам иштирок этаётир. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) идорасида бугундан эътиборан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасида “Ишонч телефони” ишга туширилди. 

Омбудсман котибияти масъул ходими Габит Айдаровнинг маълум қилишича, “Ишонч телефони” орқали фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари, шунингдек, сайловчилар рўйхатини тузиш, сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар билан учрашувларда қатнашиш, овоз бериш, шу жумладан, муддатидан олдин овоз бериш, қолаверса, сайлов бюллетенини тўлдириш сингари сайлов жараёнига тааллуқли масалалар юзасидан малакали юридик маслаҳат, зарур ахборотларни олиш мумкин. 

“Ишонч телефони” сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий тадбирдаги фаоллигини юксалтириш, шунингдек, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини эркин амалга оширишларига тўсқинлик қилиш ҳолатлари мониторинги ҳамда уларнинг олдини тезкорлик билан олиш чораларини кўриш имконини беради. 

“Ишонч телефони”га 1096 рақами орқали душанба — жума кунлари соат 10.00 дан 18.00 гача қўнғироқ қилиш мумкин. Хизмат учун ҳақ олинмайди. Шу йилнинг 3 — 4 декабрь кунлари мазкур хизмат 24 соат давомида ишлайди.

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn