Оролбўйида биохилмахиллик тикланмоқда
  • 12 Октябрь 2016

Оролбўйида биохилмахиллик тикланмоқда

Орол денгизининг ҳалокатли фожиаси оқибатида яқин-яқингача улкан биохилмахиллиги билан машҳур бўлган мазкур ҳудуд ўсимлик ҳамда ҳайвонот оламининг кўплаб турларига путур етди. Жумладан, сут -эмизувчиларнинг 12, қушларнинг 26 ва ўсимликларнинг 11 тури буткул йўқ бўлиш хавфи остида тургани ачинарлидир.

Айни пайтда ушбу мураккаб вазият инобатга олиниб, ҳудудда экологик мувозанатни тиклаш, табиий экотизимни мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинаяпти. Айниқса, истиқлол йилларида Оролбўйини қайта тиклаш ҳамда ривожлантириш бўйича йирик дастурлар ва аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилгани ўз самараларини бермоқда. 1995 — 2015 йиллар давомида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси бадал тўловлари ҳамда халқ-аро донор давлатлар молиявий ёрдами ҳисобига учта дастур ижроси таъминланди. 

Шу билан бирга, 2013 — 2016 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилаётган Ўзбекистон томонидан мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан “Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйида экотизимлар ҳалокатининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури” халқаро ҳамжамият эътиборини қозонди. У БМТ Бош Ассамблеяси 68-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилгани шундай дейишимизга тўлиқ асосдир.

Таъкидлаш керакки, экологик офат оқибатларини юмшатиш, минтақада истиқомат қилаётган фуқароларга қулай ижтимоий-иқтисодий шароит яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар кўлами йил сайин кенгаймоқда. Бунинг натижасида инқироз таъсири сезилаётган ҳудудларда 925 минг гектар, денгизнинг қуриган қисмида 450 минг гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо қилинди. Шунингдек, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сувни тозаловчи станциялар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. 

Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг GEF (Global Environment Facility) агентлиги томонидан бундай кенг кўламли ишлар самараси, хусусан, минтақанинг экологик ҳолати ҳамда биохилмахиллигидаги ўзгаришларни ўрганиш мақсадида доимий мониторинг тадқиқотлари ўтказиб келинаяпти. Ушбу хайрли тадбир агентлигимиз ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг молиявий ёрдами ҳисобидан Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоқ минтақавий бўлими, Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамиятининг олимлари ҳамда Қорақалпоқ давлат университети талабалари иштирокида “Судочье”, “Междуречье”, “Жалтирбас” кўллар тизимида олиб борилди. 

“Судочье” — Қорақалпоғистон Республикасининг Шимоли-ўарбида жойлашган, Рамсар конвенциясининг сувли-ботқоқли ҳудудлари рўйхатига кириш арафасида турган бир қанча кичик ва тўртта катта — Акушпа, Каратерен, Бегдулла-Айдин, Катта Судочье кўлидан ташкил топган кўллар тизими ҳисобланади. Унинг умумий майдони 50000 гектарга тенг. Мазкур ҳудуд учиб ўтувчи қушларнинг тўхташ жойига айлангани билан ажралиб туради. 

Мониторинг натижаларига қараганда, Оролбўйи минтақасида маҳаллий сув ҳавзаларини қайта тиклаш бўйича олиб борилган комплекс чора-тадбирлар туфайли атроф-муҳитнинг экологик ҳолати яхшиланиб, ҳайвонлар ҳамда қушлар, сув ҳавзаларида эса балиқ турлари кўпайган. Жумладан, 2013 йил давомида амалга оширилган орнитологик кузатувларда қушларнинг 82 тури аниқланган бўлса, 2015 йилдаги тадқиқотларда жорий кўрсаткич 110 тага етгани маълум бўлди. Ушбу қушларнинг 12 тури Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига ва тўрт тури глобал йўқолиб кетиш арафасида турган жонзотлар рўйхатига киритилган. 

Шу билан бирга, биологик хилмахилликни ўрганиш чоғида судралиб юрувчиларнинг 17, балиқларнинг 25, сут эмизувчиларнинг ҳам шунча, ўсимликларнинг 26 тури аниқланган. Маҳаллий сув ҳавзалари бўйларида терак, қамиш ҳамда бошқа ҳар хил сув ўсимликлари кўпайганки, бу, ўз навбатида, жайрон, тўнғиз, бўри, ондатра, бўрсиқ, ёввойи мушук, қушлар ва кемирувчилар яшаши учун қулай табиий муҳитни яратаяпти. 

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан Оролбўйи минтақаси ижтимоий-иқтисодий ҳамда экологик ҳолатини яхшилаш, Орол денгизи экологик фожиаси оқибатларини юмшатишга қаратилган комплекс дастурлар ва инвестициявий лойиҳалар амалга оширилиши туфайли биохилмахиллик аста-секинлик билан ўзининг аввалги ҳолатига қайтмоқда.

 

Одилбек ЭШЧАНОВ,

Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг 

GEF агентлиги раҳбари,

Иззат САПАЕВ, 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш 

масалалари бўйича менежер.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn