Оила, маҳалла, таълим муассасаси ҳамкорлиги
Версия для печати
  • 07 Октябрь 2016

Оила, маҳалла, таълим муассасаси ҳамкорлиги

фарзандларимизнинг жисмонан ва маънан етук бўлиб улғайишида муҳим аҳамиятга эга 

Ҳар бир миллат ўз истиқболини камолга етаётган ёшлари тимсолида кўради. Шу боис мамлакатимизда истиқлол йилларида навқирон авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, уларни турли зарарли таъсирлардан асраш, пировардида баркамол инсон сифатида тарбиялашга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. 

Бу борада давлат идоралари билан бирга, жамоат ташкилотлари, хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, унинг ҳудудий тузилмалари, юртимизда мавжуд 10 мингга яқин фуқаролар йиғинларининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор.

Ёшларимиз маънавий оламини юксалтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Ҳозиргидек мураккаб шароитда миллий ўзлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт бўлган хуружлар, уларнинг онги ҳамда қалбини эгаллашга қаратилган ғаразли интилишлар тобора кучайиб бораётгани ҳар биримиздан янада ҳушёр ва огоҳ бўлишни талаб этмоқда. 

Дунёда кечаётган глобаллашув жараёнлари, айниқса, ёшлар таълим-тарбиясига масъул вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар, ота-оналар, маҳаллалар фаоллари, қўни-қўшни, таълим муассасалари ўқитувчи ва мураббийлари ҳамда жамоатчилик зиммасига катта масъулият юклайди. Зеро, эртамиз эгаларини юртпарвар, инсонпарвар, юксак маънавиятли, улуғ аждодларимизга муносиб ворислар  қилиб вояга етказиш бугунги кунда муҳимдир.

Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги “Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Бинобарин, мазкур ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида ташкил этилган “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳамда вилоятлар халқ таълими бошқармалари, шунингдек, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари, умумтаълим мактаблари ҳузуридаги ҳудудий жамоат кенгашлари изчил фаолият юритаяпти.

Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан оила, мактаб, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, фуқаролар йиғинлари ўртасида ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётир. Ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш ҳамда ёшлар тарбиясига оид ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, физиологик билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, таълим-тарбия сифатини ўрганиш, уни янада яхшилаш, ёшларнинг дарс жараёнига тўла қатнашишини таъминлаш бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида ҳам муҳим чоралар кўрилмоқда. 

— Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида ушбу ҳамкорлик доирасида маҳаллалар ҳамда таълим муассасаларида таълим-тарбия сифатини ўрганиш, ўқувчиларнинг дарс жараёнига жалб этилиши, мунтазам қатнамайдиган ўқувчилар ота-оналари ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича 75 мингга яқин тарғибот тадбирлари ўтказилди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари Дилшода Мирзажонова. — Таълим муассасаси, маҳалла фаоллари томонидан бундай ўғил-қизларнинг дарсга қатнашиши, уларнинг таълим-тарбияси ва одобини алоҳида назоратга олиш, масъулларни бириктириш, турли тўгаракларга жалб этиш ҳам доимий назоратда.

Бундан ташқари, жорий йилнинг апрель — май ойларида “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги ҳудудий жамоат кенгашлари аъзолари учун ўқув-семинарлар  ўтказилди. Уларда 42 мингдан ортиқ ҳудудий жамоат кенгашлари аъзолари, шу жумладан, 17 минг нафардан зиёд диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳамда фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этди. 

Фарзандларимизни маънавий-ахлоқий, ватанпарварлик руҳида камолга етказиш, уларни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, мустақиллигимиз ва ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган ҳаракатларга қарши тарғибот-ташвиқот ишларини манзилли ташкил этиш ҳамда миллий қадрият ва урф-одатларнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни мавзуида маҳаллаларда 40 мингга яқин тадбирлар ўтказилди. Уларга 1 миллион 480 мингга яқин ёшлар ҳам қамраб олинди.

Айни чоғда фуқаролар йиғинлари томонидан ёшларни тўгаракларга, жисмоний тарбия ва спортга жалб этишга катта эътибор қаратилаётганини айтиш зарур. Хусусан, ҳозирги вақтда маҳаллаларда 30 дан зиёд спорт тури бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган ҳамда уларга жами 1 миллион  400 мингдан ортиқ болалар қатнаяпти.

Дарҳақиқат, ёш авлод вакилларининг ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол улғайишида спортнинг ўрни беқиёс. Шу сабабли “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда анъанавий “Футболимиз келажаги”, “Маҳалламиз паҳлавонлари”, “Биз — ақл-идрокли оилалармиз”, “Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи” каби спорт мусобақалари ҳар йили ўтказиб келинмоқда. 

“Футболимиз келажаги” мусобақаси

Турнир баҳслари  8786 та фуқаролар йиғинида ўтказилиб, уларда 1 миллион 294 минг нафарга яқин фарзандларимиз қатнашди. Таҳлилларга кўра, жорий йилда иштирок этган ёшлар сони ўтган йилдагига нисбатан 33 минг нафарга ортган. Мусобақалар замонавий футбол майдонларида ташкил қилинди. Унинг маҳаллалараро босқичларини ўтказиш учун Фонд ҳисобидан 41,4 миллион сўм, ҳомийлар томонидан эса 171,4 миллион сўм сарфланди.

 “Биз — ақл-идрокли оилалармиз” беллашуви

Жорий йилда ушбу мусобақанинг маҳаллалар-аро босқичи 8 минг 591 фуқаролар йиғинида ўтказилди. Уларга оилаларнинг 242 минг 446 нафар аъзоси жалб қилинди. Бу 2015 йилдагига нисбатан 13 мингта кўп деганидир. 

Туман (шаҳар) босқичларида 2 мингга яқин оиланинг 10 мингдан зиёд аъзолари иштирок этган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида 195 та жамоанинг 1100 дан зиёд вакиллари ўз имкониятларини синовдан ўтказди.

“Отам, онам ва мен — спортчилар  оиласи” турнири

Турнирнинг маҳаллалараро босқичи 8 минг 705 та фуқаролар йиғинида юқори савияда уюштирилиб, уларда оилаларнинг 282 минг нафардан ортиқ аъзолари қатнашди. Ўтган йили ушбу кўрсаткич 8 минг 369 та ва 249 минг 696 нафардан иборат эди. 

Бу мақсадлар учун “Маҳалла” фонди ҳудудий бўлинмалари томонидан 5 миллион сўмдан, ҳомийлар ҳисобидан 211 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. 

“Маҳалламиз паҳлавонлари” баҳслари

13-14 ёшдаги 46, 50, 55 кг. вазнларда ўғил болалар ва 44, 48, 52 кг. вазнларда қиз болалар ўртасидаги кураш беллашувлари 8 минг 770 та маҳаллада уюшқоқлик билан ўтказилди. Бу ўтган йилдагига қараганда 339 та кўп деганидир. Шунга мос равишда иштирокчилар сони ҳам ортди: 2015 йили 164 минг 356 нафар эди. Жорий йилда 187 минг 254 нафар ўғил-қиз қатнашди. 

Бунга Фонд ҳудудий тузилмалари томонидан 6,1 миллион сўм, вазирлик ҳамда идоралар, ҳомийлар томонидан 261,1 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Умуман олганда, ёшларимизни ҳар жиҳатдан етук инсонлар қилиб вояга етказиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, комплекс чора-тадбирлар натижасида улар илму фанда, спортда ўзга юртлар ёшларидан асло кам эмасликларини исботлашмоқда. Зеро, ислоҳотлардан кўзланган эзгу мақсад ҳам ана шундан иборатдир. 

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.  

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn