Тадбиркорлик равнақи учун беқиёс имкониятлар
  • 07 Октябрь 2016

Тадбиркорлик равнақи учун беқиёс имкониятлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йилнинг 5 октябрида имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон барча кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди. Зеро, ушбу ҳужжат юртимизда инвестициявий жозибадорликни ошириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан бошлаб берилган кенг қамровли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Қодиржон РАҲИМОВ, Тошкент шаҳридаги  “Hassons”  МЧЖ раҳбари: 

— Матбуотда эълон қилинган Фармон тадбиркорлик ривожини янги босқичга кўтаради, десак, муболаға бўлмайди. Чунки унда кичик бизнес субъектларига янада кенгроқ эркинлик бериш, улар фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш бўйича аниқ мақсадли вазифалар ўз ифодасини топган. 

Масалан, Фармонга биноан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча тури бекор қилинадиган бўлди. Бу биз, соҳа вакиллари учун жуда катта ғамхўрлик, эмин-эркин фаолият кўрсатишимизнинг мустаҳкам кафолатидир.

Юртимизда бизнес юритиш учун яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, фаолиятимизни йил сайин такомиллаштириб бораяпмиз. Ишни бошлаган дастлабки пайтда музқаймоқ ишлаб чиқарган бўлсак, бугунги кунга келиб, 25 кишилик жамоамиз томонидан 15 хилдаги, ойига 100 тонна қандолат маҳсулотлари тайёрланмоқда. Унинг бир қисми қўшни давлатларга экспорт ҳам қилинаётир.

Фармонни қайта-қайта ўқиб, у биз, ишбилармонларнинг айни дилидаги гап бўлибди, деган фикрга келдим. Унга асосан амалиётга жорий қилинадиган имтиёз ва енгилликлар фаолиятимизни янада кенгайтириш, янги йўналишларни ўзлаштириш, иқтисодиётимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга руҳлантирмоқда. 

Алишер МАШАРИПОВ, Оҳангарон туманидаги “Оҳангарон Рустам агро”  МЧЖ раҳбари: 

— Мамлакатимизда яратилган қулай бизнес муҳити туфайли нафақат шаҳарлар, балки қишлоқ жойларга ҳам саноат жадал кириб бораётир. Бу орқали, аввало, аҳолини иш билан таъминлаш вазифаси ижобий ҳал этилаяпти, қолаверса, ички бозорларимиз импорт ўрнини босувчи ва рақобатдош маҳсулотлар билан тўлдирилиб, юртимиз экспорт салоҳияти юксалмоқда. 

Куни кеча эълон қилинган янги Фармон биз, ишбилармонларга қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир намунаси бўлди. 

Тадбиркор сифатида фаолият бошлаганимизга 10 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида анча тажриба орттирдик, бозор муносабатларини ўзлаштирдик.

Албатта, ишни пухта йўлга қўйиш осон эмас. Рақобатдош маҳсулот тайёрлаш ва уни харидорга манзур қилиш учун замонавий технология, сифатли хом ашё, ишончли шерик ва етарли сармоя керак. Устига-устак, ҳозир кўплаб мамлакатлар жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсиридан тўла қутула олмай турган мураккаб бир вазиятда тадбиркорнинг унишидан “синиши” осонроқ. Лекин биз шуни фахр билан айтамизки, давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакиллари ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани барқарор фаолият кўрсатишимизга хизмат қилаётир. Мисол учун, ваколатли идораларнинг асоссиз “текшир-текшир”ларига чек қўйилгани бор эътиборимизни ишимизга қаратиб, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга изчил татбиқ этишимизда пухта пойдевор бўлди.

Юқоридаги Фармон яна янги имкониятлар эшигини очади. Уни қайта-қайта синчиклаб ўқиш мобайнида тадбиркор сифатида ўзимни ўйлантириб келаётган масалаларга ечим топдим. Бу ҳужжатда илгари кўрилмаган жуда кўп чора-тадбирлар белгиланганки, уларнинг ҳаммаси хусусий секторнинг жадал тараққиётига хизмат қилади. 

Шерзод РАҲМОНОВ,  тадбиркор (Пешку тумани):

— “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон бизнес вакилларининг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири эканини яна бир карра кўрсатди. Хусусан, мазкур ҳуқуқий ҳужжатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларни кескин қисқартириш, ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик каби масалалар давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгилангани кишини беҳад қувонтиради. Давлатимизнинг мана шундай ғамхўрлиги туфайли фаолиятимизни эмин-эркин олиб борамиз. Ҳукуматимиз томонидан бизнес муҳитини янада яхшилашга қаратилган Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланганини айтмайсизми?! Буларнинг барчаси юртимизда тадбиркорликнинг янада равнақ топишига, хорижий сармоядорларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортишига, уларда биз билан ўзаро ҳамкорлик қилиш  хоҳиш-истагининг кучайишига олиб келади, албатта.

Ҳозир тадбиркорлик билан оилавий шуғулланаяпмиз. Паррандачиликка ихтисослаштирилган фермер ва ёрдамчи хўжаликлар, шунингдек, фермалар учун зарур замонавий ускуналар  тайёрлаб бермоқдамиз. Маҳсулотларимизга харидорлар кўп. 

Қисқача айтганда, мазкур Фармон иқтисодиётимизни мустаҳкамлайди, мулк эгалари сафини кенгайтиради, минглаб хонадонларга файзу барака олиб киради. Халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада юксалтиради!

 

«Халқ сўзи» мухбирлари 

ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn