Баркамол авлодни тарбиялаш масъулияти
  • 06 Октябрь 2016

Баркамол авлодни тарбиялаш масъулияти

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш, кадрлар тайёрлашнинг миллий дастурини ишлаб чиқиш устувор вазифа қилиб белгиланди. Чунки республика ижтимоий-иқтисодий ҳаёти буткул издан чиққан ўтган асрнинг 90-йилларига келиб барча соҳа, хусусан, таълим-тарбия ишлари ҳам ачинарли аҳволга тушиб қолган эди. 

Биринчи Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида бундай муаммоларга буткул чек қўйиш, ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ижрога йўналтирилди. Ҳатто, ўтиш давридаги иқтисодий ноқулай шароитда ҳам таълим соҳаси ривожи учун салмоқли маблағлар ажратилиб, чуқур ўйланган комплекс чора-тадбирлар жадал суръатда амалиётга татбиқ этилди. 

Узоқни кўзлаб босқичма-босқич рўёбга чиқарилган бундай ислоҳотлар самарасини бугун ўғил-қизларимиз қўлга киритаётган оламшумул ютуқлар мисолида яққол кўрмоқдамиз. Умр мазмунини фарзандлар камолоти билан боғлайдиган халқимиз бундан беҳад фахрланаяпти, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги давлат сиёсатини мамнунлик билан қўллаб-қувватламоқда. Ўз навбатида, жаҳонда “ўзбек модели” деб тан олинган миллий тараққиёт стратегиямизнинг муҳим таркибий қисми — замонавий таълим-тарбия тизимига асос солган Биринчи Президентимизнинг тарихий хизматларини миннатдорлик билан ёдга олаётир. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган табригида шу хусусда сўз юритиларкан, мамлакатимизнинг тақдири ҳамда  келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган янги авлод кадрларини вояга етказишга қаратилган ишларни изчил давом эттириш ҳаммамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас бурчимиз экани қайд этиб ўтилди. Бунда эса, албатта, ўқитувчи-педагогларнинг, устоз-мураббийларнинг ўрни ва роли беқиёсдир.

Дарҳақиқат, таълим соҳасидаги ҳуқуқий ҳужжатлар, ноёб дастурлар ижросини чинакам фидойи инсонлар — ўқитувчи ва мураббийларнинг фаол иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Уларнинг машаққатли ҳамда масъулиятли меҳнати туфайли таълим тизимини модернизация қилиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар ўзининг ҳаётий ифодасини топмоқда. 

Бинобарин, 19 йилдан буён ҳар йили юртимизда 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни, умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши замирида ҳам, аввало, ана шу касб эгаларининг Ватан равнақига қўшаётган ҳиссаларини эътироф этиб, уларга юксак ҳурмат ҳамда эҳтиром кўрсатиш мақсади мужассамдир. 

Шубҳасиз, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини улуғлаб, уларни ҳар тарафлама рағбатлантириш орқали таълим-тарбия ривожининг пойдевори янада мустаҳкамланади. Бу эса она Ватанга садоқатли, билимли, чинакам комил инсонларни вояга етказиш, пировардида буюк келажакни барпо этишнинг муҳим шарти, албатта.

 

Гавҳар АЛИМОВА, 

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Сенатининг 

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси 

раиси ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn