Экотуризм: Ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланади
  • 06 Октябрь 2016

Экотуризм: Ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланади

Пойтахтимизда “Экологик туризм — барқарор ривожланиш ва атроф-муҳит муҳофазасининг муҳим омили: Ўзбекистон тажрибаси ва хорижий амалиёт” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси ҳамкорлигида уюштирилган тадбирда парламент аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО), Халқаро экотуризм ташкилоти, халқаро молия институтлари ҳамда дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон ўзининг бетакрор табиати, хушманзара масканлари, бой маданий мероси ва қадимий анъаналари билан хорижлик сайёҳларни мафтун қилиб келаётгани таъкидланди. Юртимиз сайёҳликнинг барча йўналиши, хусусан, экотуризм ривожи учун улкан салоҳиятга эга экани ўзининг ҳаётий тасдиғини топаётир.

Анжуман айни соҳадаги халқаро тажриба ва миллий амалиётни ҳисобга олган ҳолда, экологик туризмнинг истиқболли йўналишларини ривожлантириш юзасидан ўзаро фикр алмашиш, аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда атроф-муҳит муҳофазасини кучайтиришда ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадларига хизмат қилди. Унда мамлакатимизда экотуризмни равнақ топтиришга доир қонунчилик тизими, илмий-услубий ва институционал базаси, бу соҳада давлат ҳамда хусусий сектор ҳамкорлиги, экологик туризм индустрияси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш мавзуларида маърузалар тингланди.

— Сўнгги йилларда дунё туризм саноати умумий ҳажмида экотуризм улуши ўн фоиздан ошди, — дейди Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Х. Асилбекова. — Эътиборлиси, республикамизда ҳам туризмнинг ушбу йўналиши жадал ривожланаётир. Ўзига хос иқлими, флора ва фаунаси, бетакрор табиати билан бошқа минтақалардан ажралиб турадиган Ўзбекистон хорижий сайёҳлар эътиборини жалб этмоқда. Миллий боғлар, экологик муаммолар ечимини топиш мақсадида ташкил қилинган замонавий инфратузилма иншоотларига саёҳат уюштиришга, табиат қўйнида ҳордиқ чиқаришга қизиқиш кучаяяпти. Жойларда экологик сайёҳлик объектлари барпо этилиб, хизмат кўрсатиш сифати ошаётгани диққатга сазовор.

Тадбир якунида экотуризм ва табиатни муҳофаза қилиш борасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу соҳага хориж инвестициясини жалб қилиш ҳамда техник кўмак кўрсатиш бўйича келишувлар имзоланди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn