Сайёҳлик соҳасининг кенг имкониятлари
  • 06 Октябрь 2016

Сайёҳлик соҳасининг кенг имкониятлари

“Ўзэкспомарказ” мажмуида бошланган “Ипак йўлида туризм” ХХII Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида намойиш этилмоқда “Ўзбектуризм” Миллий компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Буюк Ипак йўли” реклама агентлиги томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) кўмагида ташкил этилган мазкур анъанавий тадбирнинг бу галгисида юртимиз вакиллари билан бирга, Россия, Португалия, Мальдив Республикаси, Таиланд, Малайзия, Сингапур, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари, Чили каби қатор давлатларнинг сайёҳлик соҳасидаги йигирмадан ортиқ етакчи фирма ҳамда компаниялари қатнашмоқда.

Ярмарканинг очилиш маросимида алоҳида таъкидланганидек, туризм азал-азалдан халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилган. Одамлар дунёни билиш, савдо-сотиқ ишларини ривожлантириш, маданий ҳамда дипломатик алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида саёҳатга чиққанлар. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон савдо карвонлари йўллари кесишган, маданиятлар ва цивилизациялар туташган чорраҳада жойлашгани учун бу борада алоҳида ўрин тутган. 

Бугунги кунда эса бундай омиллар замонавий кўринишда шаклланиб, туризм  иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири сифатида тобора тараққий топмоқда. Жаҳон ялпи ички маҳсулотида сайёҳликнинг улуши 9 фоизни ташкил этаётгани, янги очилаётган ҳар 11 иш ўрнининг биттаси мазкур соҳа ҳиссасига тўғри келаётгани шундан далолат беради. Сўнгги пайтларда сайёҳликнинг экотуризм, геотуризм, экстремал, тиббий ва маданий йўналишлари, альпинизм сингари турлари тобора омма-лашаяпти. Дунё бўйича ҳар йили бир миллиарддан зиёд киши саёҳат қилмоқда.

Сайёҳлик соҳаси бизда айнан истиқлол йилларида жадал ривожланаяпти, дейишга асослар бор. Хусусан, туристлар учун замон талабларига мос объектлар қуриш, транспорт ва меҳмонхона хизматларини ташкил қилиш, тизимга ахборот-коммуникация технологияларини изчил жорий этиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Шунингдек, соҳага инвестициялар йўналтирилиб, тарихий объектлар, турли давр ҳамда цивилизацияларга оид ёдгорликларни ўрганиш, асраб-авайлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масаласига қаратилаётган алоҳида эътибор ёрқин самаралар бераётир. Масалан, ўтган давр мобайнида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Фарғона ҳамда Навоий шаҳарлари аэропортлари модернизация қилинди. Бугунги кунда юртимиздаги барча аэропорт халқаро мақомга эга. Миллий авиакомпаниямиз замонавий “Эйрбас” ва  

“Боинг” авиалайнерлари билан таъминланган. Ушбу самолётлар Европа, Осиё, Яқин Шарқ ҳамда Шимолий Американинг кўплаб шаҳарларига мунтазам парвозларни амалга ошираяпти.

2011 йили юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоездининг Тошкент — Самарқанд — Тошкент, 2015 йилда Тошкент — Қарши — Тошкент йўналиши бўйлаб мунтазам қатнови йўлга қўйилган эди. Яқинда Тошкент — Бухоро — Тошкент йўналишида тезюрар поезднинг ишга туширилиши сайёҳлар учун яна бир қулайлик яратди. Шунингдек, Қамчиқ туннели орқали Фарғона водийсини мамлакатимизнинг маркази ва бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўлининг фойдаланишга топширилгани ҳам улкан тарихий воқеа бўлди. 

Хорижлик туристларни ўзига жалб қиладиган омиллар қаторига халқимизнинг меҳмондўстлиги, қолаверса, дунёдаги энг яхши дам олиш ҳамда саёҳат масканларидан қолишмайдиган гўзал табиатимизни ҳам киритиш мумкин.

Халқаро ярмарканинг дастлабки иш кунида Андижон, Қашқадарё вилоятлари тақдимотлари ўтказилган бўлса, “Sharq Bozori” экспозициясидан иштирокчилар юртимиз бозоридаги ранг-баранглик, ҳунармандлар меҳнати маҳсули, фольклор гуруҳлар чиқишлари ҳамда ресторанлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. 

— Биласиз, бизнинг вилоятда ҳам сайёҳлар эътиборини ўзига жалб этадиган масканлар, қадамжолар, обидалар жуда кўп, — дейди “Ўзбектуризим” Миллий компаниясининг Бухоро минтақавий бўлими бошқарувчиси ўринбосари Бекзод Идиев. — Шу асосда туризмни ривожлантириш, инфратузилмаларни такомиллаштириш, янги, жозибадор сайёҳлик йўналишларини ташкил қилиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Натижада туристлар оқими йил сайин кўпаймоқда. Масалан, айни пайтда ҳудудда 

40 га яқин туристик компаниялар, 96 та меҳмонхона фаолият юритаётган бўлса, ўтган йили улар томонидан 500 минг нафардан ортиқ меҳмонларга хизмат кўрсатилди. 2013 — 2015 йилларда вилоятимизда 30 дан зиёд янги меҳмонхоналар очилиши туфайли 5 мингга яқин иш ўринлари яратилди. Яъни ҳозирги кунда ҳар бир шаҳар ва туманда халқаро стандартларга мос меҳмонхоналар ишлаб турибди. Мазкур тадбирда ташриф буюрувчиларга ана шундай имкониятларимиз ҳақида батафсил маълумотлар тақдим қилмоқдамиз. 

Ўзбекистонда рўй бераётган янгиланишлар, бунёдкорлик жараёни, хусусан, сайёҳлик борасидаги ижобий ўзгаришларни хорижликлар ҳам юксак эътироф этишаётир.

— Тошкентга ушбу ярмарка бошланишидан бир кун аввал келганим боис фурсат топиб унинг диққатга сазовор жойларини томоша қилдим, — дейди Дубай шаҳридаги “Hashtag Tourizm”  компанияси бошқаруви раиси Иқбол Модак. — Бу — менинг Ўзбекистонга илк сафарим. Ҳар томонлама обод ва чиройли бўлиб бораётган пойтахтингиз  катта таассурот қолдирди. Кенг ҳамда равон йўллар, замонавий бинолар, энг муҳими, одамларнинг самимийлиги ҳавасга арзигулик.

Компаниямиз турли давлатларга сайёҳатлар уюштириш билан шуғулланади. Тадбирга ана шу йўлда янги ҳамкорлар топиш истагида ташриф буюриб, Тошкент шаҳридаги сайёҳлик агентлиги билан келишувга эришдик.

Ярмаркадан сўнг Самарқанд, Бухоро, Хива каби дунёга машҳур шаҳарларингизни ҳам бориб кўриш истагидаман.

7 октябргача давом этадиган ярмаркада, шунингдек, юртимизда ички туризмни ривожлантириш масалалари, аҳолига бу йўналишда хизмат кўрсатишнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига оид халқаро илмий-амалий анжуман ҳамда бошқа тадбирлар ҳам ташкил этилади.

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn