Инновация —  тараққиёт гарови
  • 04 Сентябрь 2016

Инновация —  тараққиёт гарови

Юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, истеъмол бозорини сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, аграр соҳада қишлоқ хўжалиги неъматларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган янги-янги корхоналар фойдаланишга топширилмоқда.

Зеро, мамлакатимиз ғалла мустақиллигига эришгач, ўз донимиз, ўз нонимизга эга бўлдик. ўалла уруғчилигидан тортиб, уни экиш, парваришлаш ҳамда қайта ишлашгача бўлган барча жараёнга инновацион ғоялар асосида ёндашилмоқда. Бу эса муваффақиятларнинг муҳим омили бўлаяпти.

Соҳада изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини биргина “Навоийдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда ўтган йили кунига 300 тоннагача донни қайта ишлаш қувватига эга замонавий қурилма ишга туширилди. Ушбу лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 2,5 миллион АҚШ долларилик сармоя йўналтирилди.

Янги линия қатор афзалликларга эга. Жумладан, электр энергиясини турдошларига нисбатан икки баробар тежайди. Авваллари бир тонна унни тайёрлаш учун 160 кВт/соат электр энергияси сарфланган бўлса, эндиликда мазкур кўрсаткич 80 — 85 кВт/соатни ташкил этмоқда. Бу эса унумдорликни кўпайтириш билан бирга, маҳсулот таннархини -арзонлаштириш имконини ҳам бераётир.

“Унни бойитиш Миллий дастури” лойиҳаси ижроси доирасида жамиятдаги тегирмон цехларида илғор тизимлар жорий қилинди. Ҳозир бу ерда тайёрланаётган ун минерал-витамин аралашмалари, саломатлик учун фойдали қўшимчалар билан бойитилаяпти.

Ишлаб чиқаришни модернизациялашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар туфайли корхонада барқарор ўсиш суръатларига эришилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда бир қатор инвестициявий лойиҳалар амалга оширилиб, мавжуд цехларга хорижнинг энг замонавий ва тежамкор технологиялари, хусусан, Германиянинг “Петкус” компаниясидан уруғ саралаш ускунаси келтириб ўрнатилгани бунинг яққол тасдиғидир.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Кармана туманидаги “Ҳазора” намунавий тураржой массивида замонавий нон цехи қурилди. Бу ерда кунига 1,5 тоннагача маҳсулот тайёрланмоқда.

Бинобарин, корхонада транспорт хизмати кўрсатиш ҳам йўлга қўйилган. Ўтган давр мобайнида 3 миллиард сўмликдан ортиқ маблағ эвазига 9 та “MAN” русумли юк автома-шинаси ҳамда битта фронтал юклагич техникаси харид қилинди.

Қисқача айтганда, “Навоийдонмаҳсулотлари” мутахассислари фидокорона меҳнати -билан юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

 

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Муаллиф олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn