Қурилиш соҳаси: Замонавий уй-жойлар, обод кўчалар
  • 04 Сентябрь 2016

Қурилиш соҳаси: Замонавий уй-жойлар, обод кўчалар

Кейинги йилларда мамлакатимиз қишлоқларида замонавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиб, янги массивлар ижтимоий объектлар билан таъминланаётгани нафақат юртдошларимиз турмушига файзу барака олиб кирмоқда, балки уларнинг онгу тафаккурини ҳам ўзгартираяпти.

Бунда давлатимиз томонидан қурилиш ташкилотларини янада ривожлантириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳим омил бўлаётир. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 2014 — 2016 йилларда бешта йирик қурилиш корхонасини тузиш белгиланган эди. Ўтган давр мобайнида “Шимоли-ўарбий қурилиш трести”, “Нукус йўл қурилиши”, “Янги аср бунёдкори” масъулияти чекланган жамиятларининг фаолияти йўлга қўйилгач, улар томонидан Нукус шаҳрида “Камолот” уйи, буюм бозори, спорт мажмуаси, кўп қаватли замонавий уй-жойлар, автомобиль йўллари барпо этилди. Аниқроғи, ана шу корхоналарнинг қурувчилари кейинги икки йилда салкам 40 миллиард сўмлик бунёдкорлик юмушларини бажаришди.

Ҳозирги кунда Оролбўйида 146 та қурилиш-пудрат корхонаси ишлаб турибди. Уларда 684 та транспорт воситаси, 74 та автокран, 217 та экскаватор мавжуд бўлиб, тўрт мингга яқин ишчи меҳнат қилмоқда.

Шу билан бирга, тадбиркорлар ҳам қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга муносиб улуш қўшаётир. Тижорат банкларининг молиявий қўллаб-қувватлаши туфайли истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқараётган оилавий тадбиркорлар сони эса тобора кўпаймоқда. Масалан, Мурат Шимбергенов бундан бир неча йил муқаддам Нукус шаҳрида хориж технологияси асосида ёғоч ва темирдан рўзғорбоп буюмлар тайёрлашга ихтисослаштирилган “Лесстройторг” масъулияти чекланган жамиятига асос солган эди. Дастлаб 10 нафар ишчи томонидан ойига 50 миллион сўмлик замонавий дарвоза, эшик, паркетли пол, дераза панжараси каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда унинг негизида ташкил этилган кўп тармоқли “Кардар” ишлаб чиқариш маҳсулотлари масъулияти чекланган жамиятида қарийб 200 нафар қурувчи томонидан йилига 5 миллиард сўмлик 100 хилдан кўпроқ маҳсулот тайёрланаяпти.

— Буларнинг барчаси мамлакатимизда биз, тадбиркорлар учун қулай шароит яратилганининг самарасидир, — дейди Мурат Шимбергенов. — Бунга жавобан қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган тураржойлар, Нукус шаҳрида ёш оилаларга мўлжаллаб қурилаётган замонавий уйларга маҳсулотларимизни пешма-пеш етказиб бераяпмиз.

Амударё туманидаги “Элтузар” кичик корхонасида ҳам қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Унинг раҳбари Баҳодир Қутлимуродовнинг айтишича, банкнинг 50 миллион сўмлик кредити ва 20 миллион сўмлик ўз маблағи ҳисобига хориждан замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилгач, бу ерда тўрт турдаги сувли дисперсия бўёғи ҳамда қуруқ қоришма ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Эндиликда бўёқ 5, 15, 20 ва 30 килограммлик идишларга, қуруқ қоришма эса 20 ҳамда 25 килограммлик қопларга қадоқланяпти.

Элликқалъа туманидаги темир буюмлар тайёрлашга ихтисослаштирилган “Бўстон — Бунёд” масъулияти чекланган жамияти фаолият бошлаганига унча кўп вақт бўлгани йўқ.

— Лойиҳамизни ҳаётга татбиқ қилишда банкнинг 98 миллион сўмлик кредити қўл келди, — дейди жамият раҳбари Икромбек Саъдуллаев. — Бу маблағга металлга ишлов берувчи замонавий ускуналарни сотиб олиб, темир қопламали дарвоза, эшик, безакли дераза панжаралари, тўсиқ ва иситиш мосламалари каби ўндан зиёд маҳсулотларимизни -буюртма асосида қурилиш ташкилотларига жўнатаяпмиз.

Тадбиркор Камол Маткаримов ташаббуси билан Нукус шаҳрида ташкил этилган “Adil — Edige” масъулияти чекланган жамиятида эса йилига 75 минг погон метр полиэтилен қувур ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборлиси, банкнинг 80 миллион сўмлик молиявий ёрдами ҳамда тадбиркорнинг ўз маблағи эвазига амалга оширилган мазкур лойиҳа натижасида ўнга яқин ёшларнинг бандлиги таъминланди.

Қисқаси, қорақалпоғистонлик бунёдкорлар “Юрт обод бўлса, турмуш фаровон бўлади”, деган эзгу мақсад йўлида меҳнат қилиб, шаҳару қишлоқларда уй-жой қурилиши кўламини янада кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшмоқдалар.

 

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn