Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал
  • 04 Сентябрь 2016

Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал

Миллий давлатчилигимизнинг қарийб уч минг йиллик тарихида, эҳтимол, бутун инсоният тарихида илк бор аждодлар яратган мўъжиза — китобга ҳайкал қўйилганлиги ҳар қанча эътибору эътирофга моликдир.

Урганч шаҳрида бунёд этилган “Авесто” ёдгорлик мажмуаси йигирма гектар майдонни қамраб олган бўлиб, бугун ҳудуднинг энг кўркам ва гўзал гўшаларидан бирига айланган. Кумуш камар сингари товланиб оқаётган Шовот каналининг бўйида барпо қилинган бу мажмуанинг хосияти ўзига хос. Ҳозирги кунда 15 километр масофадаги сув ҳавзаси ёқалари таниб бўлмас манзара касб этган. Узукка кўз қўйгандек ярашиб турган мажмуанинг файзи, чиройи янада ошди.

Мана, қаршимизда тўртта ёйсимон устунлар бир доирага туташган ёдгорлик салобат тўкиб турибди. Бу тўрт унсур — олов, сув, ҳаво ҳамда тупроққа ишорадир. Очиқ доира остидаги гулхан ота-боболаримизнинг ҳаёт иштиёқи билан ёлқинланган эътиқод рамзи. Ёйсимон устунлар эса ҳаёт давомийлиги тимсолини ифодалайди. Гулхан олдида оқ мармардан ишланган китоб ва унинг очиқ саҳифасига нақшланган “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” битиги — буюк қадриятлар китобининг бош ғояси: авлодларга бутун умрга татигулик ҳаёт ҳикматидан сабоқ бераётгандек...

Шу ўринда ушбу фалсафа дунё маърифатпарварлари томонидан “Жаҳон цивилизациясининг модели”, дея эътироф қилинганини эсласак, аждодларимиз тафаккур зиёси, илму закоси нақадар теранлигидан дилга масрурлик инади, шундай улуғ юрт ворислигидан ғуруримиз юксалади, кўнгиллар шукронага чулғанади...

Монументнинг бўйи ўн саккиз метр. Салобати, виқори ҳам шунга яраша — унга боққан киши ўз қаддини шу салобатга мос ростлаши, тафаккурини чархлаши аниқ. -Дунёда яхши ўй, яхши сўз ҳамда яхши амалнинг умрбоқийлигини юракдан ҳис этсак, яхшиликлар сари янада дадил қадам ташлашимиз табиий.

Бугун мазкур даргоҳдан зиёратчиларнинг қадами узилмайди. Фарзанду набираларини эргаштириб келаётган нуронийларимиз қўлини дуога очиб, эл-юртга тинчлик-омонлик, эзгулик тиласа, ҳайкал қошида таъзим бажо келтираётган келин-куёвлар ушбу манзилдан ҳаёт илмини қалбларига мустаҳкам тугиб, “оила” аталмиш муқаддас остонага йўл олмоқдалар.

“Ҳаёт йўриқномаси” деб номланган бу муаззам китоб бобокалонларимиз, аждодларимиз буюк давлатимиз асосчилари бўлганликларидан, маданият ва маънавият соҳиби эканлигидан гувоҳлик беради. “Авесто” аждодларимизнинг табиатга, еру сувга, Қуёш ҳамда ҳавога бўлган гўзал муносабатини, уларнинг муқаддас тушунчаларини мукаммал ёритиб бергани билан қимматлидир. У фақат одамнинг эмас, балки бир ҳовуч тупроқ, бир қултум сув, бир нафаслик ҳавонинг ҳам муқаддас эканлиги ҳақида сўзлайди. “Авесто” — ер, дарёлару боғлар, тоғлару булоқлар, кўлу саҳролар, оту туялар уюри, ўсимлигу гиёҳлар, шаҳар ва манзилгоҳларни бунёд этиш тарихига доир асар.

Дарвоқе, мажмуа бўйлаб сайр қиларкансиз, хоразмлик ўлкашунослар томонидан ташкил этилган “Авесто” хайрия музейи томошасидан завқ оласиз. Бу ерда жамланган юздан ортиқ экспонатлар, чироқлар ва тарихий ашёлар сизни узоқ мозий қаърига саёҳатга бошлайди...

Бугун истиқлол карвони тобора илгарилаб, буюк давлат қуришнинг йигирма бешинчи довонини босиб ўтдик. Шундай дамларда мустақиллик ўз-ўзидан келмаганини, осмондан тушган неъмат эмаслигини ўйлаб қоласан киши. Ахир бу ёвузлик ҳамда эзгуликнинг курашлари эвазига, яхшиларнинг элим деб, юртим, деб чеккан ранжу машаққатлари, халқимизнинг ҳеч қачон эгилмаган, букилмаган, синмаган иродаси, матонати туфайли насиб қилган нурли тақдир эканлиги юракдан ўтади.

“Авесто”дек ҳаётбахш манба бизга ана шундай матонатдан, ана шундай ҳақиқатдан дарак бераверади.

 

Гавҳар ИБОДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон 

Ёзувчилар уюшмаси

Хоразм вилояти бўлими раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn