Ўзликни англаш ва маънавий юксалиш
  • 30 Август 2016

Ўзликни англаш ва маънавий юксалиш

Эгиз тушунчалар жуда кўп. Ота-она, ака-ука, опа-сингил, мамлакат ҳамда миллат, тинчлик ва хотиржамлик ана шулар жумласига киради. Аммо яна шундай тушунчалар борки, давлатлар ҳамда халқлар тақдирида алоҳида ўринга эга. Эътиборлиси, эгиз қадриятлардан яна бири “Мустақиллик ва мен” тушунчасидир.

Мазкур икки тушунчани аслида бир-биридан айро ҳолда англаш мушкул. Чунки ўзининг “мен”ига эга бўлмаган ҳар қандай инсон мустақиллик деган муқаддас туйғуни онгли равишда тушунолмайди. Айни пайтда мустақиллик деган феномен тушунчасиз инсон ўзининг “мен”ини тўлиқ рўёбга чиқара олмайди.

Аслида, Ўзбекистон мустақиллигининг чорак аср давомида барча соҳада эришган ютуқлари замирида ҳам “Мустақиллик ва мен” тушунчаларининг том маънода уйғунликка эришганлиги туради. Шунинг учун мустақиллик йилларида мамлакатимиз раҳбари асосий эътиборни ҳар бир фуқаронинг “мен”ини топишга ёрдам беришга, унинг учун муайян шарт-шароитлар яратишга қаратди. Бу ҳаракат даб-дурустдан, тасодифан амалга оширилмади. Аксинча, унинг методологияси, ҳуқуқий асоси яратилди. Жумладан, Ўзбекистон Конституциясида республиканинг барча фуқароси бир хил ҳуқуқ ҳамда эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги (18-модда), бутун мамлакат ҳудудида ягона фуқароликнинг ўрнатилганлиги (21-модда), Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлаши (22-модда), ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгалиги (25-модда), айниқса, ҳар ким фикрлаш, сўз ҳамда эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эгалиги мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг ўз “мен”ини топиши учун ҳуқуқий пойдевор ўрнатилганидан далолатдир.

Ўзбекистоннинг мустақиллик йиллари тарихига назар ташласак, бу давр мамлакат фуқароларининг ўзлигини англаш йиллари бўлди, дейиш мумкин. Чунки мустабид тузум кишиларнинг ўзлигини англаш жараёнини жиловлашдан манфаатдор эди. Аҳоли, айниқса, ёшларнинг тафаккур тарзини ислоҳ этиш, уларни касб-ҳунарли қилиш, йигит-қизларни жамиятнинг фаол аъзолари сифатида шакллантирилиши ҳар қандай мустабид тузумнинг табиатига мос келмасди. Бу нарса Юртбошимиз томонидан аллақачон англаб етилган эди. 1989 йил 19 август куниёқ мамлакат раҳбари бу ҳақда шундай деган: “Агар одамлар иш билан банд бўлмасалар, иш бўлмаса — бу офатдир, айниқса, ёшлар учун офатдир. Бекорчилик сабабли улар жамият учун зарарли хатти-ҳаракатларга йўл қўядилар, жиноятлар содир этадилар, безорилик қиладилар.

…Биз янги авлодни тарбияламоқдамиз, уларнинг кўпчилигини эса касб-ҳунари йўқ, меҳнат қилишга ўрганишмаган. Бу кишилар бизнинг ўрнимизни эгаллашлари керак. Уларнинг тақдири қандай бўлади? Ким ҳозир бу ҳақда ўйлаяпти?” (“Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”. Тошкент, 2011. 60-61-бетлар).

Дарҳақиқат, мустабид замонда ёшларимиз тақдири ўз ҳолига ташлаб қўйилди, уни ўйлашга на вақт топилди, на масъул. Жамиятдаги ижтимоий-сиёсий бўҳронлар, маънавий таназзул, одамлардаги ижтимоий кайфиятнинг тушиб кетиши, эртанги кунга бўлган ишончнинг тобора йўқолиб бориши — буларнинг барчаси фуқароларда ўзининг “мен”и йўқолишига олиб келди. Бундай муҳит, шунингдек, одамларда бепарволик, атроф-муҳитдаги воқеа-ҳодисаларга беписанд муносабатда бўлиш, ҳафсаласизлик кайфиятини ҳам шакллантирарди.

Айни шундай шароитда кишилар, айниқса, ёшлар ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий саводхонлигини оширмасдан жамиятда бирор-бир ижобий ўзгаришларга эришиш мумкин эмаслиги англаб етилди. Ўтган 25 йил аслида жамият аъзоларининг “мен”ини топиш йўлидаги давр бўлди. Хўш, бугунги ёшлар, уларнинг “мен”ини топиш борасидаги ҳолат нимадан иборат? “Одамлар адолат учун жон беради, адолат учун курашади, адолат учун ўзини ҳам аямайди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ана шундай мардлар ўсиб, вояга етмоқда. Мен бугунги ёшларимизни кўрсам, хаёлимга шундай фикрлар келадики, эй, сизлар бошқача тарбия оляпсизлар! Мутлақо бошқача! Бизнинг ёшлигимизда бундай имконият ва шароитлар йўқ эди. Чунки биз бошқача даврда яшаганмиз, бошқача мафкуранинг маҳсули бўлганмиз”. (“Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир”. Тошкент, 2015. 239-бет).

Юқоридаги икки мисол аслида икки бири-бирига мутлақо зид ижтимоий-сиёсий тузумнинг, бири-биридан тамомила фарқ қиладиган мафкуранинг мазмун-моҳиятини кўрсатиб турибди. Шу ўринда ўтган чорак аср мобайнида одамларимиз тафаккур тарзида рўй берган ислоҳотлар сабабини аниқлашни ўта муҳим масала, деб биламиз. Фикримизча, жамиятда рўй берган тадрижий ўзгаришлар, барча соҳада қўлга киритилган ютуқларимизнинг иккита муҳим сабаби бор. Биринчидан, мамлакат раҳбарияти томонидан ишлаб чиқилган, ҳаётга жорий этилган ҳамда инсонпарварлик ғояларига йўғрилган тўғри сиёсат ҳар биримизнинг ўз “мен”ини топишга имкон берди.

Қолаверса, республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ишлаб чиқилган кўплаб лойиҳалар, режалар, стратегик мақсадларнинг рўёбини мамлакат раҳбарининг, жамиятнинг кишилар тафаккурини ўзгартиришдан манфаатдорлиги билан боғлаш мумкин. Бу бежиз айтилмади. Масалан, жамият аъзоларининг “мен”ини топишга ундайдиган миллий ғоя ва мафкуранинг ишлаб чиқилганлигига эътиборни қаратайлик! Маълумки, мустабид тузум даврида, унинг охирги йилларида халқимиз, айниқса, зиёлиларимиз коммунистик мафкура, унинг аянчли асоратларидан шу даражада безиб қолган эдики, натижада бизга ҳеч қандай мафкуранинг кераги йўқ, дейишгача бордилар.

Бироқ Президентимиз мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ миллий истиқлол мафкураси халқ эътиқоди ҳамда буюк келажагига ишонч эканлигини, жамиятимиз мафкураси халқни халқ, миллатни миллат қилишга хизмат қилишини бот-бот такрорлади. Шу ўринда мамлакат раҳбарининг 1993 йил 6 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн иккинчи сессиясида сўзлаган қуйидаги фикрларини эътиборга олишни лозим топдик: “Муқаддас истиқлол орзуларини амалга ошириш ва давлатимиз мустақиллигининг илк бунёдкорлари сафида бўлиш сиз билан бизга насиб этди. Ўзбекистон ўзининг буюк келажаги йўлида дастлабки тарихий қадамни қўйди. Энди ана шу йўлдан қатъият ва сабот билан қадам ташлайлик.

Олдимизда турган энг муҳим масала, бу — миллий истиқлол мафкурасини яратиш ва ҳаётимизда татбиқ этишдир”. (“Буюк мақсад йўлидан оғишмайлик”. Тошкент,1993. 9-бет).

Таъкидлаш лозимки, жамият аъзоларида ўз “мен”ини топишга ундашда миллий истиқлол мафкурасининг ўрни бениҳоя катта. Халқни уюштириш, чорлаш, бирлаштириш, Ўзбекистонда яшайдиган, миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг ягона Ватан бахт-саодати учун доимо масъулият сезиб яшашига даъват қилиш, аждодларимизнинг бебаҳо мероси, миллий қадрият ҳамда анъаналаримизга муносиб бўлишига эришиш, юксак фазилатли ва покдил инсонларни тарбиялаш, шу муқаддас замин учун фидойиликни ҳаёт мезонига айлантириш — миллий истиқлол мафкурасининг бош мақсади, деб белгиланди.

Ҳақиқатан, ягона, тўғри йўлни, мақсадни, мафкурани, ғояни топишдан ҳам қийинроқ иш йўқ. ўоя ҳамда мафкурада адашиш гўёки ўрмонда ўз йўлини йўқотган инсон кабидир. Бугун яқин ва узоқ минтақалардаги айрим давлатларда содир бўлаётган қон тўкишлар, ижтимоий-сиёсий беқарорлик, одамлардаги тушкунлик — буларнинг барчаси, шубҳасиз, ўша мамлакатларнинг ўз йўлини топа олмаганлигидан, дейиш мумкин. Шу ўринда Ўзбекистон халқининг миллий тараққиёт йўлидаги бош ғояси — озод ҳамда обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишдан иборат бош мақсаднинг белгиланиши, миллий истиқлол мафкураси асосий ғояларининг илмий жиҳатдан ишлаб чиқилганлиги, бунда миллий менталитетимиз, миллий урф-одат, анъана, қадриятларимизга, айниқса, халқимизнинг туб манфаатларига мос стратегик йўлнинг танланганлиги мамлакат фуқароларида ўзининг “мен”ини топиш жараёнидаги муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин.

Аслида, инсоннинг қадр-қиммати, унинг улуғворлиги, ҳазрати инсоннинг шаън-номуси инсонпарварлик, адолат тамойилларига асосланган жамиятдагина рўёбга чиқади. Ўзбекистонда ўтган чорак аср давомида амалга оширилган ислоҳотлар, ривожланиш ҳамда тараққиёт инсонга кўрсатилган ғамхўрлик, унинг қадрини янада кўкларга кўтариш йўлида олиб борилган сиёсатнинг натижасидир. Шу ўринда айрим мисолларга мурожаат қилайлик: мустақиллик йилларида мамлакат иқтисодиёти қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадига реал даромадлар 12 баробардан зиёд ошди. Бугун Ўзбекистон илгариги қолоқ, иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган аграр ўлкадан изчил тараққий топиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланди.

Айниқса, Ўзбекистонда маърифатли жамият барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидлаш лозим. Маънавият ва маърифат давлат сиёсатининг устувор йўналиши деб эълон қилиниши ҳам ҳар бир фуқаронинг “мен”ини очишдаги муҳим қадамдир. Қолаверса, шу нарсани қайд этиш лозимки, буюк келажак қуриш, ўз фуқароларига муносиб турмуш ҳамда ҳаётни барпо қилишга бел боғлаган ҳар қандай мамлакат, энг аввало, фуқароларида ўз тафаккурини ислоҳ этишга эҳтиёж туғдириши лозим.

Мустақиллик йилларида ҳар биримизда ўз “мен”ини топишга интилиш давлат ва жамият томонидан доимо рағбатлантириб келинди. Замонавий билим ҳамда тафаккурга, соғлом дунёқарашга эга, ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашишга тайёр ёш авлод шаклланди. Улар ўз кучига, салоҳиятига ишонаяпти, ён-атрофга очиқ кўз билан қараб хулоса чиқармоқдалар, мустақил фикрга эгалар, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаш, ахборот-коммуникация технология-лари, интернетдан фойдаланишга устувор аҳамият бераётир. Буларнинг барчаси ёшларимизда мустақил фикрни уйғотаяпти, шакллантирмоқда. Энди уларнинг ўзга ғоя ҳамда мафкуралар таъсирига тушиб қолиш даражаси пасаяётир. Бошқача айтганда, ҳар бир ёш йигит-қизнинг ўз “мен”и бор.

Яна шу нарсани эътиборга олиш лозимки, жамият аъзоларининг ўз “мен”ига эга бўлишида ўзи мансуб бўлган давлат ва миллатдан ғурурланиш ҳисси алоҳида ўрин эгаллайди. Шу ўринда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўровда респондентларнинг 98,2 фоизи юртимиздаги бугунги иқтисодий-ижтимоий ҳолатни ижобий баҳолаб, унинг барқарор эканлигини билдиришган. Тадқиқот иштирокчиларининг 99,4 фоизи она-Ватанимизнинг мустақиллик йилларида эришилган ютуқларидан ғурурланишларини ифодалаган. Сўралганларнинг 96,1 фоизи комил ишонч билан таъкидлашдики, фуқаролар ўз она-юртида кечаётган ўзгаришларга маънавий масъулдирлар.

 

Абдухалил МАВРУЛОВ,

тарих фанлари доктори,

профессор. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn