Фидойилик, мардлик, садоқат эътирофи
  • 30 Август 2016

Фидойилик, мардлик, садоқат эътирофи

Мустақиллик йилларида қўлга киритаётган улкан муваффақиятларимиз тинчлик-осойишталик, изчил тараққиётимиз мисолида ўзининг ёрқин ифодасини топаяпти.

Юртимиз ҳаёти билан боғлиқ қувончли воқеалар, тарихий саналарнинг аксарияти энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида рўй берганки, ҳар йили уларни ўзгача ҳаяжон ҳамда ғурур билан эсга оламиз. Давлатимизнинг бир қанча юксак мукофотлари айнан Истиқлол шукуҳи кезиб юрган кунларда қабул қилинган. Улар фидокорона меҳнат қилиб, тараққиётимизга муносиб ҳисса қўшаётган инсонларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришда алоҳида аҳамият касб этаяпти. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан 1995 йил 30 августда “Меҳнат шуҳрати”, “Шон-шараф” орденлари таъсис этилган. Мазкур орденлар билан мамлакатимизнинг иқтисодий, маданий юксалиши, халқ фаровонлиги ошиши, тинчлик ва барқарорлик сақланишига ҳисса қўшган, Ватанни ҳимоя қилишда фидойилик, мардлик кўрсатган юртдошларимиз, айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар мукофотланади.

Улуғ аждодларимиз хотирасини тиклаш, уларга ҳурмат ҳамда эҳтиром кўрсатиш эзгу анъаналаримиздан биридир. 2000 йил 30 августда “Жалолиддин Мангуберди” ордени таъсис этилгани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Бобокалонимизнинг қаҳрамонлиги, эрк ва озодлик йўлидаги курашлари барчамизни мустақилликни асраш, тинч ҳамда осойишталикнинг қадрига етишга ундайди. Ватанпарварликнинг юксак намунаси сифатида юрт тақдири учун доимо дахлдорликка чорлайди.

“Жалолиддин Мангуберди” ордени билан мамлакат мустақиллигини, Ватан сарҳадларини, она-юрт тупроғини ҳимоя қилиш ҳамда уни кўз қорачиғидек асрашда юксак ҳарбий маҳорат, қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатган, давлатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган ҳарбий хизматчилар мукофотланадилар.

“Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, “Жалолиддин Мангуберди” ордени билан корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар, ҳарбий бўлинмалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳам тақдирланиши мумкин. Президентимизнинг 2003 йил 22 августдаги Фармонига биноан, Хоразм вилояти ушбу орден билан мукофотланган.

Давлатимизнинг юксак тимсоллари мустақилликни асраш, эл-юрт тинчлиги йўлида жасорат кўрсатиш, Истиқлолнинг қадрига етиш каби эзгу ишларда барчамиз учун ёрқин намуна бўлиб хизмат қилади.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn