Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ўтказилган маросимда бир гуруҳ меҳнат илғорлари эсдалик нишонларини тантанали равишда қабул қилиб олдилар. Унда сўзга чиққанлар истиқлол йилларида юртимизда барча соҳада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, энг муҳими, бу саъй-ҳаракатлар инсон, унинг манфаатлари ва аҳоли турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли эканлигини таъкидладилар.
— Рағбат инсонга қанот бағишлайди, — дейди Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси ўайрат Утемуратов. — Шу маънода, “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланганим ҳаётимдаги унутилмас воқеалардан бири бўлди. Бундай эътибор зиммамизга катта масъулият юклаши баробарида, мамлакатимиз равнақига янада кўпроқ ҳисса қўшишга ундайди.
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Наманган вилояти ҳокимлигида ҳам юртдошларимиздан бир гуруҳига “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони жамоатчилик вакиллари иштирокида топширилди. Тадбирда мазкур нишонга сазовор бўлганларнинг мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашдаги фидойи меҳнати, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллиги алоҳида қайд этилди.
— Эсдалик нишони ёшларни ватанпарварлик ҳамда истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга қўшаётган ҳиссамизнинг эътирофи сифатида қалбимизни чексиз ғурур-ифтихорга тўлдирди, — дейди вилоятдаги 26-Меҳрибонлик уйи директори Дилором Абдураҳимова. — Бу мукофот давлатимизнинг юксак эътибори ифодасидир.
“Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланган хоразмликлар орасида фан ва маданият арбоблари, ишчи-хизматчилар, тадбиркорлар, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳам бор. Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган маросимда ана шу мукофотлар ўз эгаларига топширилди.
— Ёш авлод камолоти давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан биридир, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳодир Тиллаев. — Мен ҳам шу соҳа вакили эканимдан, фарзандлар таълим-тарбиясига ҳисса қўшишга интилаётганимдан бахтиёрман. Мана, бугун камтарона меҳнатларим эътирофга лойиқ кўрилди. Истиқлолимизнинг қутлуғ тўйи оиламиз, жамоамиз учун қўшалоқ шодиёнага айланди. Бу мукофотни мамлакатимизда педагог-ўқитувчиларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси, деб биламан.
“Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонини топширишга бағишланган тантанали маросимлар турли давлат ҳамда жамоат ташкилотлари ва республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам байрамона руҳда ўтказилмоқда.
«Халқ сўзи» мухбирлари
хабарлари асосида тайёрланди.