Оила
  • 15 Апрель 2014

Оила

болалар тарбиясида алоҳида ўрин тутади

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ва бошқа ҳамкорлар иштирокида “Жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари” мавзуида республика илмий-амалий семинари ўтказилди.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида ўтказилган мазкур тадбир Ўзбекистон оилаларида болаларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси масалаларига бағишланди. Унда етакчи социолог олимлар, демографлар, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, сиёсатшунослар, педагоглар, олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот институтларининг ўқитувчи ва талабалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Семинарда юртимизда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли саъй-ҳаракатлар изчил олиб борилаётгани қайд этилди. Айниқса, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси ёш авлодни ҳеч кимдан кам бўлмасдан, юксак маънавиятли, интеллектуал салоҳиятли қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг “Оила ва маънавият” мавзуида олиб борган кўп йиллик социологик тадқиқотлари хулосаларига кўра, Ўзбекистон оилаларида болаларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига давлат ва мамлакатимиз Президенти томонидан алоҳида эътибор кўрсатилади. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, одамийлик, меҳр-оқибат, ўз Ватанига, халқига садоқатли бўлиш каби олижаноб фазилатлар оилада шаклланадиган жамиятимизда болаларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси халқимиз кундалик ҳаётининг муҳим таркибий қисмидир. Шу боис юртдошларимизнинг кўпчилиги болаларнинг ахлоқий тарбияси оиланинг ижтимоий мақомига боғлиқ, деб билади. Улар маънавий жиҳатдан бой, ахлоқий жиҳатдан пок, Ватанга содиқ фарзандлар меҳнатсевар, ҳалол, соғлом ва аҳил оиланинг меваси, деб ҳисоблайди. Сўровда иштирок этган респондентларнинг 91,2 фоизи уларнинг оилаларида маънавий-ахлоқий тарбияга катта эътибор берилишини таъкидлаган.
Семинарда Марказ томонидан ўтказилган социологик сўровлар натижалари асосида юртимиз оилаларида болаларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига қай даражада эътибор берилаётганлиги, бу борадаги ютуқ ва камчиликлар социологик жиҳатдан таҳлил қилинди.
Қизғин муҳокамалар жараёнида иштирокчилар болалар тарбиясига оид ўз фикр-мулоҳазалари, илмий хулосаларини билдиришди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn