Юксак маънавиятли ёшлар — юрт таянчи
  • 15 Апрель 2014

Юксак маънавиятли ёшлар — юрт таянчи

Пойтахтимизда “Соғлом авлодни вояга етказишда миллий ғоя тарғиботи ва маънавий ишлар самарадорлигини оширишнинг воситалари” мавзуида анжуман бўлиб ўтди.

Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда сўзга чиққанлар истиқлол йилларида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёшларимизни ҳар жиҳатдан баркамол инсонлар этиб вояга етказишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик ва ён-атрофдаги воқеаларга нисбатан дахлдорлик туйғусини тарбиялаш бугунги кунда тобора долзарб аҳамиятга эга.
Юртимиз таълим муассасалари, маҳаллалар ва корхоналарда ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий соҳаларда эришилган ютуқ ва марраларимизнинг аҳамияти ёшларга ҳаётий мисоллар ёрдамида содда ва самимий тарзда тушунтириб борилаётгани ҳам шу мақсадга қаратилган.
Таниқли олимлар, маънавият тарғиботчилари, маданият ва санъат арбоблари иштирокида ўтказилаётган “Соғлом бола тарбиясида миллий қадриятларимизнинг ўрни”, “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, “Ёшлар диний экстремизмга қарши”, “Оммавий маданият” — маънавият кушандаси” каби мавзулардаги илмий анжуманлар, учрашувлар, давра суҳбатлари талаба ва ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ёшларда мафкуравий иммунитетни кучайтириш, юртимиз ижтимоий ҳимоя тизимидаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказиш мақсадида “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ўтказилаётган маърифий тадбирларга Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларнинг тарбияланувчилари қамраб олинаяпти. “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” ижодий кўрик-танлови эса маънавий тарғибот ишларини самарали йўлга қўйган, фаол, изланувчан, фидойи ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш, уларнинг иш тажрибасини оммалаштириш имконини бермоқда.
Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази томонидан маънавий-маърифий, ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий мавзуларда, истиқлол йилларида қўлга киритилган улкан ютуқларга бағишланган 144 номдаги адабиёт, рисола ва қўлланмалар, мультимедиа асарлари, плакатлар тайёрланиб, юртимиз таълим масканларига етказилди. “Мафкуравий ҳаёт”, “Етти ғоя рўёби”, “Ўзбек модели: юксалиш одимлари”, “Болам бахтли бўлсин, десангиз...” каби мультимедиа дастурларидан таълимнинг барча бўғинидаги ўқув масканларида кенг фойдаланилмоқда.
Анжуманда ёшлар маънавий тарбиясига оид лойиҳалар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Буюк Соҳибқиронга эҳтиром Оила »