Мактаб ярмаркалари фарзандларимиз учун зарур бўлган барча маҳсулотни тақдим этмоқда
  • 15 Август 2016

Мактаб ярмаркалари фарзандларимиз учун зарур бўлган барча маҳсулотни тақдим этмоқда

Мамлакатимизда янги ўқув йили арафасида умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, кийим-кечаклар ва пойабзаллар билан таъминлаш мақсадида  ярмаркалар ташкиллаштириш яхши анъанага айланган. Аввал хабар қилганимиздек, айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудида ана шундай тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Эътиборлиси, мактаб бозорларида таклиф этилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми ўзимизда ишлаб чиқарилган бўлиб, сифати, дизайни, нархи харидорларга маъқул келаяпти.

— Мактаб ярмаркаларининг 967 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 211 таси академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида, 307 таси аҳоли гавжум бозорларда, 493 таси йирик савдо мажмуалари ҳудудида йўлга қўйилган, — дейди Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Файзулла Аҳмедов. — Уларда 26 турдаги ўқув қуроллари, болалар спорт либослари ҳамда пойабзаллар тақдим қилинмоқда. Айтиш жоизки, ярмаркалар фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилган. Савдога чиқарилаётган асосий турдаги маҳсулотларни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси етказиб бераётир. Буларнинг барчаси, албатта, аҳолига қулайлик яратиш, фарзандларимизнинг янги ўқув йилига муносиб тайёргарлик кўришига кўмаклашишдан иборат.

Биз, ўз навбатида, мактаб ярмаркаларида иштирок этаётган мутасадди ташкилотлар, ишлаб чиқариш вакиллари билан улар фаолияти, жорий этилган янгиликлар, ярмаркага тақдим қилинаётган маҳсулотлар хусусида суҳбатлашдик.

 

Маҳбуба СУЛТОНОВА, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти маркетинг бўлими бош мутахассиси:

— Жамиятимиз таркибида 360 дан зиёд корхона мавжуд бўлиб, уларнинг 180 дан ортиғида мактаб формалари тайёрланади. Бу борада 20 дан кўпроқ турдаги кийим-кечак модели яратилганки, айни пайтда улар ишлаб чиқарилаётир. Болалар учун ўқув формаларини яратиш жуда масъулиятли вазифа. Шу боис бу жараёнда дизайнерлар, модельерлар, либослар технологи билан бирга, шифокорлар, ота-оналарнинг фикрларига -таянилмоқда. Қолаверса, асосан, табиий матолардан фойдаланишга, моделларнинг ихчам ва қулай бўлиши, иқлим ҳамда санитария-гигиена талабларига мослигига жиддий эътибор қаратилаяпти. Бундан ташқари, замонавий спорт кийимлари (футболкалар, майкалар, триколар ва бошқа спорт либослари) ишлаб чиқарилаётганини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Биласиз, авваллари спорт инвентарлари, асосан, четдан, қиммат нархларда келтириларди. Ҳозир ҳам бозорларимизда хориж маҳсулотларини учратасиз. Лекин энди маҳаллий маҳсулотларимиз улар билан бемалол рақобатлаша олади. Нархи эса анча арзон. Шу боис аҳолига маъқул келиб, ўз корхоналаримиз маҳсулотларини кўпроқ танлашмоқда. Мактаб ярмаркаларида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан кенг турдаги либослар таклиф этилаяпти.

 

Аваз СОЛИҲОВ, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси маркетинг бошқармаси бошлиғи:

— Мактаб ярмаркаларида компаниямиз томонидан ишлаб чиқарилган беш турдаги ўқув қуроллари тақдим этилаяпти.

Боланинг сифатли билим олишида айнан ўқув қуролларининг аҳамияти катта. Масалан, ёзув ёки “Кундалик дафтари” сифатсиз, ҳаддан зиёд ялтироқ, жимжимадор қилиб ишланган бўлса, бу ўқувчини чалғитиши мумкин. Қувонарлиси, мактаб ярмаркаларида ана шундай унсурлардан холи, миллий қадриятларимиз ҳамда санитария-гигиена талабларига тўла жавоб берадиган, бир хил стандартга эга, ўзимизда ишлаб чиқарилган дафтарлар сотилаяпти. Улар ўқувчининг кўзини толиқтирмайди. Ҳошиялари кўринарли, саҳифалар юзаси текис, ёзишга қулай.

Нашриётимизда дарсликларни сифатли чоп этишга ҳам алоҳида эътибор ва масъулият билан ёндашилади. Жумладан, матнлар кўзни толиқтирмайдиган катталикда берилиб, дарсликнинг сифат ҳамда мазмун жиҳатидан ҳар томонлама юқори савияда бўлиши таъминланмоқда.

Ўйлаймизки, ушбу маҳсулотлар ота-оналарга, фарзандларимизга манзур бўлиб, миллионлаб хонадонларга зиё олиб киради.

 

Шуҳрат АЛИЕВ, “Ўзчармпойабзали” уюшмаси етакчи мутахассиси:

— 2016/2017 ўқув йили олдидан уюшмамиз томонидан республикамиздаги барча мактаб ярмаркаларига 1 миллион икки юздан зиёд ўғил болалар ва қиз болалар пойабзали, 360 мингдан ортиқ портфель етказиб беришни режалаштирганмиз. Айни пайтда улар пешма-пеш жойларга жўнатилмоқда.

Маҳсулотлар юртимизда юқори андозалар асосида маҳаллий тадбиркорлар томонидан тайёрланган. Пойабзалларимиз сифати, пишиқлиги, қулайлиги билан хорижникидан қолишмайди. Бугунги харидорнинг диди, маҳсулотга талабчанлиги бундан 25 — 30 йил аввалгисидан тубдан фарқ қилади. Айтайлик, илгари фарзандига пойабзал танлайдиган ота-оналар: “Шунисиям бўлаверади, болам, оёғингни сиқмаса, иссиқ-совуқдан асраса кифоя”, дея ҳафсаласизлик билан маҳсулот танлаган бўлса, бугун ўғли ёки қизига оёқ кийим олаётганда унинг хом ашёси, сифати, дизайни, белгиланган стандартларга тўғри келадими ёки йўқми, саломатликка таъсири қандай, қўйингки, ҳамма жиҳатини суриштиради. Етти ўлчаб, бир кесгандан кейингина харид қилади. Бу яхши, албатта. Ўз навбатида, мана шундай талабчанлик ишлаб чиқарувчилар зиммасидаги масъулиятни ҳам оширмоқда. 

...Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 64-умумтаълим мактаби энг намунали таълим масканларидан бири саналади. 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб бу ерда таҳсил олаётган ўқувчилар 1600 нафардан ошади. Шу кунларда мазкур таълим маскани қошида ташкил этилган мактаб ярмаркаси харидорлар билан гавжум.

— Ярмарка имкониятидан нафақат бизнинг ўқувчиларимиз, ҳудудимизга яқин жойлашган мактаблар, лицей ва коллеж ёшлари ҳам фойдаланишаяпти, — дейди 64-умумтаълим мактаби директори Муборак Юсупова. — Бу ердан ўқув қуролларининг барча турини топиш мумкин. Муҳими, маҳсулотлар сифати ҳамда нархи аҳолига манзур келаяпти.

Сотувчи Гўзалой Юсупованинг таъкидлашича, тақдим қилинаётган ўқув қуролларининг ҳаммаси юртимизда ишлаб чиқарилган. Масалан, ўқувчилар дафтарининг 15, альбомнинг 12, рангли қаламнинг 8, портфелнинг 4 хили, шунингдек, бошқа маҳсулотларнинг кўплаб тури мавжуд. Ота-оналарга яна бир қулайлик яратиш мақсадида, савдо жараёнлари барча турдаги тўлов терминаллари орқали амалга оширилаяпти.

— Икки фарзандим мактабда ўқийди, — дейди пойтахтимизнинг Олмазор туманида истиқомат қилувчи Зиёда Раҳимова. — Улар учун зарур ўқув қуроллари ва кийим-кечакларни бозорга бориб, ортиқча айланиб юрмай, ҳаммасини бир жойдан харид қилдик. Яратилган ушбу қулайликдан жудаям миннатдормиз.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ 

олган сурат. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn