Тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланмоқда
  • 12 Август 2016

Тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланмоқда

Пировардида улар иқтисодий тараққиётимизнинг таянчига айланаяпти. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш асосий устувор масалалардан бири сифатида белгиланди.

Бу вазифани бажариш жараёнида қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини кўпайтириш ҳамда тадбиркорлар фаолиятида дуч келадиган турли тўсиқларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда, аввало, Президентимиз ташаббуси билан 1990 йил 31 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги, 1993 йил 7 майда “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлари қабул қилинди.

Кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни янада жадаллаштириш ва давлат, хўжалик ҳамда жамоатчилик тузилмаларининг қулай тадбиркорлик муҳити яратиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминлаш учун эса Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 28 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш Давлат дастури қабул қилинди. Ушбу дастурнинг асосий вазифалари ҳамда йўналишларини босқичма-босқич ижро этиш, хусусий тадбиркорлик, кичик бизнесни жадал ривожлантириш асосида мулкдорлар синфини шакллантириш, тегишли институтлар тизимини ташкил қилиш, соҳага кредит ресурсларини ажратиш ва хорижий сармояларни киритиш учун мақбул шароит яратиш мақсадида 1996 йил 9 июлда Вазирлар Маҳкамасининг “Хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори, 1998 йил 9 апрелда давлатимиз раҳбарининг “Хусусий тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Ўз навбатида, мамлакатимизда 2011 йил “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилингани, шу муносабат билан Давлат дастури қабул қилингани соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Негаки, мазкур дастур доирасида ҳудудларда бизнесни амалга ошириш учун қулай муҳит яратилиб, бюрократик тўсиқларнинг сезиларли даражада бартараф этилишига эришилди, хусусий мулкчиликнинг устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиб, бу борада ишончли кафолатлар тизими вужудга келтирилди. Хусусан, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, давлатнинг бошқарув функциялари ва бошқа нормаларини қисқартириш, бюрократик тўсиқ ҳамда ғовларни олиб ташлаш, кичик бизнес субъектларининг молия-кредит ва хом ашё ресурсларидан, улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга давлат буюртмалари берилишидан кенг фойдаланишини таъминлайдиган бозор механизмлари ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, Юртбошимизнинг 2011 йил 24 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан, барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари, ҳуқуқни муҳофаза этиш ҳамда назорат органлари, тижорат банклари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқлари устуворлиги принципига амал қилиниши таъминланди.

Яъни унга мувофиқ, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бартараф этиб бўлмайдиган барча зиддият ва ноаниқликлар тадбиркорлар фойдасига талқин қилинадиган бўлди.

2012 — 2015 йилларда қабул қилинган қонун ва конуности ҳужжатлари, шунингдек, амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли эса 80 дан ортиқ рухсат бериш жараёнлари, 15 та лицензияланадиган фаолият, 65 турдаги статистика ҳисоботи бекор қилиниб, яна 23 тасини тақдим этиш даврлари сони қисқартирилди. Рухсат бериш муддатлари 2 баробар, бу жараёнларнинг баҳоси 5 баробар камайтирилган ҳолда, ушбу давр оралиғида 22 турдаги интерфаол солиқ хизмати жорий қилинди.

Таъкидлаш керакки, қабул қилинган қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ҳуқуқни муҳофаза этувчи, назорат органлари ҳамда маъмурий тузилмаларнинг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувини бартараф қилиш учун қатъий тартиб ўрнатиш ва ана шу идораларнинг раҳбарлари ҳамда мансабдор шахсларининг жавобгарлигини оширишда катта аҳамият касб этди.

Пировардида микрофирмалар, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолияти тўрт йилда бир марта, бошқа хўжалик субъектлари фаолияти эса уч йилда бир марта режали тартибда текширилиши ҳамда бундай текширувлар фақат Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши қарорига асосан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Буларнинг барчаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги ўрнини мустаҳкамлаш, салмоқли ҳиссасини ошириш имконини берди. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етгани ёки 1,8 баробар ортгани, мазкур соҳада жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилаётгани, иш билан банд аҳолининг 77 фоиздан ортиғи ушбу тармоқда меҳнат қилаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда, аниқроғи, ана шу муваффақиятларни қўлга киритишда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг алоҳида ўрни бор, албатта.

У Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 7 июлдаги Фармонига биноан, Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси негизида ташкил этилган бўлиб, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ихтиёрийлик асосида бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, амалдаги қонунчиликни мукаммаллаштириш мақсадида бизнесни юритишнинг хориж тажрибаси ҳамда халқаро ҳуқуқий меъёрларни инобатга олган ҳолда, доимий равишда таклифлар киритиш ва тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоялаш юзасидан муайян ишлар рўёбга чиқарилди. Чунончи, 1073 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш мақсадида ҳуқуқий ҳамда иқтисодий экспертизаси амалга оширилди, назорат қилувчи органлар томонидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги 8 минг 394 та текширувда, шу жумладан, 7 минг 764 та режали ва 630 та режадан ташқари текширувда қатнашди. Савдо-саноат палатаси аъзолари манфаати кўзланган ҳолда, судларга 202 минг 89 та даъво аризаси киритилиб, улардан 160 минг 374 таси талаблари тўлиқ қондирилди, 415 таси эса давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари қарорлари ёки уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги юзасидан бўлгани аниқланди, республикамизнинг барча ҳудудида фаолият юритадиган Савдо-саноат палатаси қошида ҳакамлик суди тизими жорий қилинди.

Қолаверса, тадбиркорлар ўз фаолиятида дуч келган айрим муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш мақсадида ташкиллаштирилган “Тадбиркорлик куни” тадбирларида 2011 йилдан бери 346 мингдан ортиқ ишбилармон қатнашган бўлса, улардан келиб тушган бизнесни юритишга оид 65 минг 189 та мурожаатнинг 61 минг 900 таси жойида ҳал қилинди. 265 минг 499 нафар мутахассис республикамизда, 813 нафар тадбиркорлик субъекти вакили хорижда ўқитилди. Ўзбекистонда 754 та кўргазма ташкил этилиб, уларга 46 минг 46 нафар маҳаллий ҳамда хорижий тадбиркорлар жалб қилинди. 2001 нафар маҳаллий тадбиркорнинг чет элдаги 466 та кўргазма ва ярмаркада иштироки таъминланди. 864 та кичик бизнес субъектига умумий миқдори 624,1 млн. АҚШ долларилик маҳсулотини экспортга чиқаришда ёрдам берилди.

Бугунги кунда Савдо-саноат палатаси хорижда 13 та ваколатхонага эга бўлиб, улар кўмагида чет эл ишбилармон доиралари вакилларини Ўзбекистондаги мавжуд имкониятлар ҳақида хабардор этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. 2016 йил 1 январь ҳолатига кўра, 56 та давлат ташкилоти билан 165 та ҳамкорлик ҳамда шериклик бўйича келишув имзолангани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Савдо-саноат палатасининг республикамизга хорижий инвестициялар ва минитехнологиялар жалб қилиш бўйича амалга оширган ишлари ҳам эътиборга лойиқ. Айтайлик, унинг кўмагида низом жамғармаси 151,4 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 374 та қўшма ҳамда хорижий компания ташкил этилди, 1813 та ташкилотга 247,99 млн. АҚШ долларилик минитехнология ва асбоб-ускуналарни топиш ҳамда харид қилишда кўмаклашилди.

Айни пайтда Савдо-саноат палатасининг аъзолари сони 28 минг нафардан зиёд бўлиб, уларнинг 13 минг 928 нафари якка тартибдаги тадбиркор, 10 минг 37 таси микрофирма, 2 минг 953 таси кичик корхона, 987 таси йирик корхона ва 192 таси уюшма саналади.

Ўзбекистонда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини муттасил ошириб бориш орқали аҳоли турмуш фаровонлигининг юксалишига эришиш, мамлакатимизнинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлаш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор мақсадларидандир. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси жамоаси юртимизда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишига тўсиқ бўлаётган, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чеклаётган масалаларни доимий равишда ўрганиш ҳамда бартараф этиш, жойларда фаолият юритаётган барча турдаги тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида фаол иш олиб бормоқда.

 

ЭЪТИРОФ

 

Сунг-Чул ЙО, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маслаҳатчиси (Корея Республикаси):

— Ўтган йилнинг сентябрь ойидан буён Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маслаҳатчиси вазифасини бажариб келаяпман. Бу ерга мени Корея Республикаси ҳукумати ўзбек ва корейс компаниялари ўртасида савдо-инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида юборган.

Ўзбекистон 1991 йилдан бошлаб иқтисодиёт, хусусан, саноат базасини қайта тузиш борасида сезиларли ютуқларга эришди. Фикримча, мамлакатларимиз ўртасидаги яқин иқтисодий ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳам саноат соҳасининг янада ривожланишига хизмат қилади.

Менинг фаолиятим Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга қаратилган. Жумладан, юртимиз саноати, бозорлари ва компанияларига оид маълумотларни тақдим этган ҳолда, корейс компаниялари билан музокаралар уюштиришда ёрдам бериб келаяпман.

Келажакда эса EC21.com ҳамда TradeKorea.com электрон тижорат порталларига Корея Республикаси бозорида ўзбек компанияларининг маҳсулотлари ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш орқали маҳаллий тадбиркорларга экспорт-импорт соҳасида кўмаклашиш ниятидаман.

Бундан ташқари, корейс компанияларининг Ўзбекистондаги кўргазмаларда иштирокини ташкил қилиб, ҳамкорлар топиш мақсадида делегациямизни таклиф этишни режалаштирганман. Ўз навбатида, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Кореядаги халқаро кўргазмалар ва ишбилармон доиралар вакиллари билан музокараларда қатнашиш учун янги имкониятларни излаяпман.

Қисқаси, дўст мамлакатлар бўлган Ўзбекистон ҳамда Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдан бахтиёрман.

 

Григориос КОНТЗОГЛУ, “Management training programme” (МТР) лойиҳаси раҳбари (Греция):

— Сўнгги уч йил ичида мамлакатингиз тадбиркорлик субъектлари фаолиятида улкан ижобий ўзгаришлар юз берганига гувоҳман. Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари Европа вакиллари билан корхоналарни модернизация қилиш, янги технологияларни жорий этиш борасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатаётгани, айниқса, таҳсинга лойиқ. Натижада тайёрланаётган маҳсулотлар сифати яхшиланиб, рақобатдошлиги ошмоқда.

Буларнинг барчаси Ўзбекистонда тадбиркорлик соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Алишер ШАЙХОВ,

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn