Миллий қадриятлар — юксалиш омили
  • 12 Август 2016

Миллий қадриятлар — юксалиш омили

Истиқлол бизга улкан имкониятлар ҳамда дунё ҳамжамиятидаги тенглик каби ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган ҳуқуқимизни қайтариб берди. Пировардида ўзлигимизни англадик, миллий ва маънавий қадриятларимиз тикланди.

Биз бундан руҳланиб, ўз олдимизга юксак мақсадларни қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечириб, эркин фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш йўлидан дадил одимлаяпмиз. Бу борада тараққиётнинг “ўзбек модели” мустаҳкам пойдевор бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Кези келганда айтиш жоизки, миллий қадрият деганда, энг аввало, тарихий синовларга бардош берган, халқимизнинг миллий манфаатларини ўзида тўлиқ мужассамлаштирган, замонавий тараққиёт талабларига бутунлай жавоб бера оладиган, асрлар ўтгани сайин қадр-қиммати ортиб борадиган ғоялар тушунилади. Ҳаёт ривожланиб бораркан, қадрият ҳам такомиллашиб, мукаммаллашаверади. Яна бир нарса аёнки, миллий қадриятни бир ёқлама, сунъий равишда улуғлаш, ундан сиёсий мақсадларда фойдаланиш жамият тараққиётига акс таъсир этиши ҳам бор гап.

Буни шўролар даврида кўп кўрганмиз. Ўша даврда маънавий меросимиз дурдоналари ҳақида сўзлаш, ёзиш, тарғиб қилиш мумкин эмасди. Бунинг устига маънавият дарғалари миллатчиликда айбланиб, қатағон этилганди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, бу тузум ўз халқининг тарихини, унинг руҳи ва одатларини, ўз авлод-аждодини билмайдиган манқуртларга таянар эди.

1989 йилдаёқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, 1990-1992 йиллардаги бир қатор фармонларга биноан, юртимизда Наврўз айёми яна умумхалқ миқёсида нишонлана бошланиши, Рамазон ҳамда Қурбон ҳайитлари байрам ва дам олиш кунлари, деб эълон қилиниши миллий қадриятларимиз тикланиши йўлидаги муҳим қадамлар бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Дарҳақиқат, қадриятлар улкан тарбиявий аҳамиятга эга. Унинг ёшларимизда ватанпарварлик, инсонпарварлик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик каби фазилатларни камол топтиришдаги ўрни, айниқса, юқори.

Маънавият — ҳар бир инсон ҳаёти ҳамда қалбида, онгида кечаётган ўзгариш, доимий такомиллашув жараёнини ҳам англатади. Ҳозирги кунда юртимизда 32 миллион нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг кайфияти ўтган асрнинг 90-йилларидаги инсонлар кайфиятидан бутунлай фарқ қилади. Бунда, албатта, миллий қадриятларимизнинг аҳамияти катта бўлмоқда, десак, айни ҳақиқатдир. Бугун синчков инсон халқимиз онгу тафаккури бутунлай ўзгарганини тезда англаб олади.

Юртдошларимиз “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?!” деган эзгу ғоянинг мазмун-моҳиятини чуқур тушуниб етмоқда. Пировардида ҳаётимизнинг барча жабҳасида улкан ютуқлар қўлга киритилаяпти, одамларимиз ўртасида меҳр-оқибат, мурувват, бағрикенглик каби инсоний фазилатлар мустаҳкам қарор топмоқда.

Буни ёрқинроқ тасаввур этиш учун миллий қадриятлар бешиги бўлган маҳалла фаолиятига назар ташлашнинг ўзи кифоя. Шу ўринда миллий давлатчилигимиз тарихида илк марта Конституциямизда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, яъни маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрни ва мақоми қатъий белгилаб берилганлигини айтиш зарур. Шу тариқа маҳалла институти ҳуқуқ ҳамда ваколатлари кенгайтирилиб, қонунчилик асослари такомиллаштирилди. Амалдаги қонун ҳужжатлари уларнинг ҳақиқий демократия мактаби сифатида изчил фаолият юритиш ва мустақиллик йилларида маҳалла ҳаёти билан боғлиқ кўплаб қадриятлар, урф-одат ҳамда анъаналар қайта тикланиб, замон талаблари асосида бойитиб борилишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бу, ўз навбатида, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида маънавий ҳаётимизни янада мустаҳкамлаш, айниқса, ёш авлоднинг онгу тафаккурини миллийлик ва замонавий асосда шакллантиришда муҳим омил бўлаётир.

Сайловчилар билан учрашувларда бир нарсага амин бўламизки, юртдошларимизнинг маънавий дунёси юксалиб, ижтимоий фаоллиги ўсиб, Ватан тараққиётига дахлдорлик туйғуси тобора кучайиб бормоқда. Одамларимизда миллий ўзлик ҳамда Ватан туйғуси каби эзгу тушунчалар, қонунларга бўлган ишонч ҳам юксалаяпти. Бу жараёнда биз, депутатлар ҳам Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган принциплар асосида парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти давомида миллий хусусият ва қадриятларнинг ифодаланишига алоҳида эътибор қаратамиз.

Миллий қадриятлар — миллат юзи, қалб шууридир. Шундай экан, миллий қадриятларимиз баробарида, мустақилликни олий қадрият даражасига кўтариш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади. Зеро, биз эришаётган жамики ютуқлар ана шу муқаддас неъмат шарофатидандир.

Козим ТОЖИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn