Фидокорона меҳнат барака келтиради
  • 12 Август 2016

Фидокорона меҳнат барака келтиради

Ғўза — меҳрталаб экин. У деҳқоннинг кечани кеча, кундузни кундуз демай қилган фидокорона меҳнати туфайли гуркираб ўсади, қимматбаҳо ҳосил тўплайди. Экин парваришида, айниқса, август ойи энг масъулиятли давр ҳисобланиб, бу пайтда белгиланган барча агротехника тадбирлари сифатли бажарилса, ҳосил салмоғи баланд, сифати юқори бўлади.

Шунинг учун фермер хўжалигимиз жамоаси аъзолари ўз зиммасидаги юмушни қунт билан бажармоқда. Бунинг самараси ҳозирданоқ кўзга ташланаяпти: июль ойида пайдо бўлган кўсаклар бирин-кетин очилаётир, асад кўсаклари эса тобора тўлишиб бораяпти. Ҳадемай, улар ҳам лўппи-лўппи пахтага айланади.

Меъёрдаги фойдали иссиқликни олаётган ниҳоллар кун сайин барқ уриб ривожланмоқда. Бунда маромида суғоришнинг аҳамияти катта. Чунки озгина эътиборсизлик туфайли экин чанқатиб қўйилса, ғўза гул ташлайди. Мавжуд кўсаклар эса кичрайиб, вазни 1-2 грамм камаяди, толаси яхши етилмайди, чигити пуч бўлиб қолади. Буни чуқур ҳис қилган ҳолда, назоратни бир зум ҳам сусайтирганимиз йўқ. 

Кўп йиллик тажрибамизга таяниб, суғоришда “шарбат” усулини қўллаяпмиз. Бунинг учун керакли миқдорда маҳаллий ўғит жамғарганимиз, дала бошида ҳандақлар ковлаганимиз қўл келаяпти. Натижада ниҳоллар асад сувига қониб, намлик узоқ сақланмоқда. Бу бизнинг тупроқ-иқлим шароитимизда сувни тежашда айни муддаодир. 

Бундан ташқари, обиҳаётдан оқилона фойдаланиш мақсадида ғўза қатор оралари 60 сантиметр бўлган майдонларда сувни эгат оралатиб тараяпмиз. Бунинг ҳисобига бебаҳо неъматни 15 — 20  фоизгача тежашга эришаяпмиз. 

Август ойида бажариладиган агротадбирларнинг яна бир нозик жиҳати шундаки, бу пайтга келиб, ғўза соясида ҳам ўсаверадиган бегона ўтлар кўпая бошлайди. Улар тезда юлиб ташланмаса, экиннинг озуқасига шерик бўлади. Шу боис далаларни бегона ўтлардан тозалаш ишларига ҳам жиддий эътибор қаратмоқдамиз. Табиийки, бунда культивациянинг аҳамияти катта бўлаяпти.

Далаларимизни тез-тез культивация қилаяпмиз. ўўза, асосан, илдизидан озиқлангани боис бу агротадбир туфайли тупроқдаги ҳаво алмашинуви яхшиланиб, ҳосил ривожи учун қулай микроиқлим вужудга келади. Бугунга қадар 8-9 марта культивация қилганимизнинг сабаби ҳам шунда. Асад ойи якунига қадар яна 1-2 марта қатор ораларини юмшатамиз. Ана шунда мўлжалдагидан ошириб ҳосил олишимиз турган гап.

Умуман, мўл ҳосил яратишга аҳд қилган фермер хўжалигимизнинг барча аъзоси асадда ғўза “варақлаб”, уни шамоллатиш, бегона ўтлардан тозалаш ва бошқа агротехника юмушларини бир зум ҳам тўхтатгани йўқ. Деҳқонлар тили билан айтганда, бу билан ғўзалар “уйғотилаяпти”. Натижада экин мағзи тўқ ҳамда баракали ҳосил тўплайди.

Абдимурод БОЗОРОВ, 

Қамаши туманидаги «Бозор ўғли Абди» 

фермер хўжалиги раҳбари, 

Ўзбекистон Қаҳрамони.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Сайёҳлик салоҳияти Соғлом она — соғлом бола »