Фидокорона меҳнат ва жадал ривожланиш
  • 05 Август 2016

Фидокорона меҳнат ва жадал ривожланиш

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодий салоҳияти юксалишида транспорт коммуникациялари, жумладан, темир йўллар беқиёс ўрин тутади. Зеро, “пўлат излар” етиб борган манзилларда ободлик ва фаровонликка, қисқача айтганда, тараққиётга эришилади.

Шу боис Ўзбекистонимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб транспорт тизимининг муҳим бўғини — темир йўлларни ривожлантириш, янги линиялар қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ҳар бири мўъжизаларга қиёсланаётган янги темир йўл линиялари барпо қилиниб, улар том маънода иқтисодиётимизнинг асосий қон томирларига айланди.

Тошкент шаҳрида темир йўлчилар касб байрамига бағишлаб ўтказилган тадбирда ана шулар алоҳида эътироф этилди. Унда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти, меҳнат фахрийлари, тизимдаги корхона ҳамда ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони О. Раматов ва бошқалар -Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида темир йўл тизимини тубдан такомиллаштириш, темир йўлларни реконструкция қилиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ҳаракатланувчи таркибни модернизациялаш, соҳага инновацион лойиҳаларни жорий этиш, тармоқнинг туризм салоҳиятини ошириш ҳамда янги иш ўринлари ташкил қилиш борасида кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, янги йўлларни қуриш орқали транспорт йўлакларини кенгайтириш тараққиётнинг муҳим ва стратегик йўналишларидан бирига айланди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар, ҳаётга татбиқ этилган лойиҳаларнинг ҳар бири улкан аҳамиятга эга. Масалан, Навоий — Учқудуқ — Нукус — Султон Увайстоғ ҳамда Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон янги темир йўл магистралларининг ишга туширилгани шимолий ва жанубий ҳудудларни юртимизнинг бошқа манзиллари билан тўғридан-тўғри боғлаш имконини берган бўлса, мустақиллигимизнинг қутлуғ 25 йиллиги нишонланаётган йилда Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли фойдаланишга топширилгач, Ўзбекистонда ягона миллий темир йўл транспорти тизими вужудга келди.

Узунлиги 123,1 километрлик мазкур темир йўл магистрали атиги 32 ойда қуриб битказилгани халқимиз бунёдкорлик салоҳияти, мамлакатимиз иқтисодий қудратининг ёрқин ифодаси бўлди. Қувонарлиси, янги темир йўл линиялари билан бирга, кўзни қувонтирадиган муҳташам иншоотлар, жаҳон андозаларига тўла мос келадиган кўркам станция ҳамда вокзаллар қад ростлади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли орқали шу йилнинг ўзида 600 мингга яқин йўловчилар маҳобатли тоғлар, мафтункор даралар бўйлаб ажиб таассуротлар оғушида ўз манзилларига элтиб қўйилади.

Умуман олганда, юртимизда юк ва йўловчи ташиш жами ҳажмининг катта қисми темир йўл тармоғи улушига тўғри келмоқда. Аниқроғи, юкларнинг 70, йўловчиларнинг 60 фоиздан зиёди темир йўллар орқали ташилаётир. Айтайлик, 2011 йилнинг 26 августидан эътиборан юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” поездлари қатнови йўлга қўйилиб, ўтган қисқа давр мобайнида ушбу замонавий транспорт воситаси орқали 1 миллион нафардан ортиқ йўловчига намунали хизмат кўрсатилгани эътиборга моликдир.

Анжуманда темир йўлчиларнинг фидокорона меҳнати давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантириб келинаётгани алоҳида қайд этилди.

Таниқли санъаткорлар ҳамда ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастури йиғилганларда алоҳида таассурот қолдирди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Зокиров сўзга чиқди.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn