Орзуларим — муроду мақсадим
  • 05 Август 2016

Орзуларим — муроду мақсадим

Оддий ишчи оиласида туғилганман. Урганч туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида дзюдо бўйича мураббий бўлиб ишлайман. Ота-онам бешта фарзандини турли касб эгалари қилиб, давлатимизга, элимизга фойдаси тегадиган инсон этиб тарбиялашди.

Масалан, менинг спортга қизиқишимни билиб, қишлоғимиздаги махсус мактабга олиб боришди. Бу ерда устозим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Баҳодир Бекчанов қўл остида курашнинг сир-синоатларини ўргандим. Олган сабоқларим туфайли бир неча маротаба туман ҳамда вилоят миқёсидаги мусобақаларда совриндор бўлдим.

2007 йили Урганч олимпия захиралари кoллежига қабул қилиндим ва устозим Алфия Ибрагимова қўл остида шуғулланишда давом этдим. Республика турнирларида қатнашиб, олти карра Ўзбекистон чемпиони бўлдим. 2011 йили Қарши шаҳрида ўтказилган Республика чемпионатида 1-ўринни эгаллаб, Урганч давлат университетининг жисмоний маданият факультетига имтиёзли асосда қабул қилиндим.

Худди ўша йили Россия, шунингдек, Африка мамлакатларидаги мусобақаларда ҳам иштирок этдим. 2012 йили ёшлар ўртасида бел олиш кураши бўйича бўлиб ўтган Осиё ўйинларида фахрли 3-ўринни қўлга киритдим, шундан сўнг кураш бўйича Лондонда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 41 давлат вакиллари ичида совринли поғонани эгалладим.

Ушбу муваффақиятларга эришганимни кўрган устозим, ота-онамнинг қувончини айтмайсизми?! Айниқса, отам ҳар бир ютуғимни катта бир байрамдек қарши олади. “Мен ҳам бир вақтлар спортчи бўлмоқчи эдим. Лекин имконият йўқ эди. Энди сен менинг орзуларимни рўёбга чиқар!” дейди. Хўп, дейман-у, яна машғулотларга киришиб кетаман.

2013 йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида катталар ўртасида уюштирилган Осиё ўйинларида қатнашиб, олтин медалга сазовор бўлдим. Ўшанда байроғимиз юқорига кўтарилиб, мадҳиямиз янграганда, ҳаяжондан ўзимни қўйишга жой тополмадим. Ўзбекистон фарзанди эканлигимдан яна бир карра ғурурландим. Шу эришган ютуқларим — ҳамма-ҳаммаси мустақиллик туфайли.

Бугун мен — оддий бир ўзбек қизи дзюдо бўйича спорт устаси, миллий кураш бўйича эса халқаро тоифадаги спорт устасиман. Барча қизлар орзу қиладиган Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибасиман. Мақсадим — шогирдларимни республика, Осиё, жаҳон чемпионлари этиб тарбиялаш. Ватанимиз номини янада улуғлашга ҳисса қўшиш.

Бунга, албатта, эришаман!

Гулёр ОТАЖОНОВА,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, спортчи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn