Юксак хирмонга мустаҳкам замин
  • 04 Август 2016

Юксак хирмонга мустаҳкам замин

Асад, яъни август ойи пахтакорлар учун масъулиятли даврдир. Чунки пахтачиликда айни шу паллада бажариладиган юмушларнинг аҳамияти, айниқса, беқиёс бўлиб, агротехника талабларига изчил амал қилинса, ғўзанинг ривожи тезлашиб, шоналар гулларга, гуллар кўсакларга айланади ва мўл ҳосилга мустаҳкам пойдевор қўйилади.

Бизнинг фермер хўжалигимиз жамоаси ҳам бир ёқадан бош чиқариб, ғўзанинг маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган “Андижон-35” навини маромида парваришлаяпти. Ушбу навнинг афзал жиҳатлари кўп экан. Шулардан бири сувни кам -талаб қилишидир. Масалан, ҳозирги пайтгача экинлар уч марта суғорилди. Қатор оралари эса сифатли қилиб юмшатилаяпти. Бу мағзи тўқ кўсаклар сони кўпайишида муҳим омил бўлмоқда.

Тажрибадан маълумки, ҳосил тўплашнинг асосий палласи саналган август ойида энг катта масъулият сувчи ҳамда механизатор зиммасига тушади. Шунинг учун ушбу касб эгалари бамаслаҳат, ҳамфикр бўлиб ишлаши керак. Бу эса самарадорлик янада юқори бўлишига хизмат қилади. Айтайлик, сувга қонган далага зудлик билан ишлов берилмаса, экин ғовлаб кетади. Культивация кечиктириб ўтказилса ҳам яхши эмас. Чунки намлик тез йўқотилиб, жўяклар қуриб, юзаси ёрилади. Оқибатда ғўзанинг илдизлари зарарланади, гул ва тугунчалари тўкилиб кетиши мумкин.

Мен меҳнат қилаётган фермер хўжалигида ҳозир асосий эътибор культивацияга қаратилган. Яъни ер етилиши билан далага культиватор киритилиб, тупроқ майин қилиб юмшатилмоқда. Бу жараёнда ҳосил шохлари ҳамда кўсакларга зарар етказмаслик учун тракторимнинг ишчи органларини “балиқ сирти”дек ўраб, ғилдираклар олдини суйри қилиб ҳимоялаганмиз.

Шуни ҳам айтиш жоизки, мазкур тадбирга пахтазорга қуёш тафти тушгандан сўнг киришилаётир. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки эрта саҳар ёки тунда ғўза мўртлашиб, синишга мойил бўлади.

Август ойида культивация қилишнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, экин майдонлари ғўза соясида ҳам ўсаверадиган шўра, итузум, қўйпечак, семизўт каби бегона ўтлардан буткул тозаланади. Натижада ғўзанинг илдиз тизимига ҳаво ва иссиқлик яхши ўтиб, кўсаклар сони ортади.

Деҳқонлар орасида “Пахтани темир пиширади” деган гап юради. Аслида ҳам шундай. ўўза қатор ораларига қанчалик кўп ишлов берилса, экин ривожи шунчалик жадаллашиб, ҳосилнинг пишиб етилиш муддати тезлашади.

Шу боис пахтанинг асосий қисми очилмагунча техникани даладан чиқармасликка қарор қилганмиз.

Қатор орасидан культиватор ўтганда, нафақат ғўзанинг ости юмшаб, ердаги ортиқча нам қочади, балки ниҳоллар бағрига шамол тегиб, озуқа олиши ҳам тезлашади. Фермер хўжалигимиз бошқа аъзоларининг фикри ҳам шундай. Улар, асосан, экинни кунора “варақлаб”, чала чеканкани қолдирмаслик, зараркунанда ҳашарот тарқалишининг олдини олиш мақсадида пайкалларга олтинкўз, трихограмма, бракон каби биомаҳсулотларни қўйиш сингари тадбирлар билан банд.

Мақсадимиз ой давомида бўлиқ кўсаклар ёнига яна 5-6 та мағзи тўқ кўсак қўшишдир. Ана шунда ҳар гектар ер ҳисобига 40 центнердан ҳосил етиштириш юзасидан зиммамизга олган шартномавий мажбуриятни ортиғи билан уддалашга мустаҳкам замин яратган бўламиз.

Одилжон ЁҚУБОВ,

Наманган туманидаги «Олтин дала саховати»

фермер хўжалиги механизатори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn