Қашқадарё вилояти: тараққиёт пиллапоялари
  • 04 Август 2016

Қашқадарё вилояти: тараққиёт пиллапоялари

Чорак аср... Бир қарашда, бу жуда қисқа муддат. Агар синчиклаб назар ташланса, таърифи минг йилларга етгулик бунёдкорлик, ободлик, яратувчанлик мўъжизалари кишини ҳайратга солади.

Бундан 25 — 30 йил муқаддам Қашқадарё чорвачиликда пешқадам бўлса-да, аҳолиси гўштни деярли бўм-бўш “магазин”ларда навбатда туриб, “талон”га харид қилар, газни олис ўлкаларга жўнатиб, қиш бўйи совуқда дилдирар, ичимлик сувини... Буям бир армон эди...

Истиқлол Қашқадарёни кўкларга кўтарди, десак, муболаға бўлмас. Ҳозирги кунда юртимизда қазиб олинаётган газнинг 64, нефтнинг 67, газ конденсатининг эса 87,4 фоизи мазкур ҳудуд ҳиссасига тўғри келади. Воҳалик деҳқонлар мамлакатимиз бўйича энг кўп пахта ҳамда ғалла етиштиради. Албатта, бундай муваффақиятларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Бунинг замирида заҳматли ва фидокорона меҳнат мужассам.

— Очиғи, Ислом Каримов Қашқадарёга биринчи раҳбар бўлиб келди-ю, эзилган кўнгилларимиз таскин топди, — дея хотираларини ёдга олади “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов. — Сабаби, ҳудуд аҳли билан елкама-елка туриб, воҳамизга тиргак бўлиб, уни қўллаб-қувватлашга киришдилар. Секин-аста қаддимизни тикладик. Аҳолининг тушкун кайфияти кўтарилди. Келажакка ишончи уйғонди. Ўша йиллари биз вилоятимиз раҳбари тимсолида Ўзбекистоннинг фидойи фарзандини, ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан чўчимайдиган, халқимиз учун ўзини бутунлай бағишлашга тайёр эртанги кунимизнинг қалқонини ҳис қилганмиз. Шу маънода, мустақиллик сари дадил қадамлар айнан Қашқадарёда қўйилган десак, хато бўлмайди. Зотан, тарих — муаллим, ўтган кунлар — сабоқ. Шу боис гоҳи-гоҳида ортга қараб, ўзимиз учун тўғри хулосалар -чиқарамиз. Давлатимиз раҳбари яқинда Қашқадарёга сафари чоғида ана шу хусусда тўхталар экан, бугунги эркин ва фаровон замонда бошимиздан кечирган оғир кунларни ҳеч қачон унутмаслигимиз, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаб, қадрига етиб яшаш барчамизнинг бурчимизга айланиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, ўтган йигирма беш йил давомида мамлакатимиз, хусусан, Қашқадарёда -қанчадан-қанча тарихий янгиланишлар юз бермади, дейсиз?! Улкан бунёдкорлик ишлари шаҳару қишлоқлар, хонадонларимизга файзу барака олиб киргани-чи? Энг муҳими, бугун одамларимизнинг нафақат турмуш тарзи, балки дунёқараши ҳам тубдан ўзгарди. Улар қалбида Ватанга дахлдорлик ҳисси ортди. Яратувчанлик туйғулари жўш урди. Бу эса юртимиз тараққиётини таъминловчи энг муҳим омиллардир. Албатта, бундай оламшумул янгиланишлар ҳақида ўйлар эканмиз, қалбимизда мамнуният, бугунги дориламон кунларга шукроналик ҳислари жўш уради. Эртанги кунимиздан, фарзандларимиз истиқболидан, порлоқ келажагимиздан кўнглимиз хотиржам тортади.

Кўҳна Шарқ дурдоналари

Пухта меъморий ечим, шарқона жозиба ҳамда замонавий шаҳарсозлик анъаналари... Буларнинг барчаси Қашқадарё вилояти маркази ва Шаҳрисабз қиёфасида ажойиб уйғунлик касб этган. Шу боис бугун ушбу манзиллар нафақат маҳаллий ҳамда хорижлик сайёҳлар билан гавжум гўшаларга, балки йирик мегаполисларга ҳам айланмоқда. Бунда Президентимизнинг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги “Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорлари муҳим дастуриламал бўлаётир.

— Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида, буюк аждодимиз Амир Темур ўз даврида жангу жадалларда бирор марта ҳам мағлуб бўлмай, дунёга кимлигимизни намоён қилган бўлса, ҳозир ўз меҳнатимиз, бунёдкорлик салоҳиятимиз, азму шижоатимиз билан жаҳонни лол қолдиришимиз зарур, деб қайд этиб ўтдилар, — дейди вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қурбонов. — Муҳими, бунга эришаяпмиз. Мана, юқорида номи келтирилган ҳаётбахш ҳужжатлар воҳамизда бунёдкорлик ишларига янги суръат ҳамда кўлам бағишлади. Натижада ҳар икки шаҳарнинг мутлақо замонавий қиёфасини яратиш, инфратузилмасини бутунлай янгилаш, воҳа марказида умумий қиймати 555 миллиард сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишга киришилди. Бинобарин, Қарши шаҳри ҳудуди 9 минг гектардан 17 минг гектарга кенгайтирилмоқда. Ўзбекистон, Мустақиллик, Амир Темур, Алишер Навоий, Насаф, Хонобод кўчалари атрофидаги эски иморатлар ўрнида уч ҳамда тўрт қаватли муҳташам тураржойлар қад ростлаяпти. Йўл бўйларига ноёб дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилаётир. -Мусиқали фавворалар бунёд этилмоқда. Қолаверса, ўрнатилаётган ташқи ёритиш ускуналари тунда ҳам Қарши шаҳрига ўзгача тароват бағишлаяпти.

Яқинда Қарши шаҳридаги қадимий Амир Темур кўприги мукаммал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Юртбошимиз ўтган йили 30 июнь куни вилоятга ташрифи чоғида мазкур масканни халқимиз дам оладиган гўзал ҳамда замонавий хиёбонга айлантириш бўйича зарур тавсиялар берган эди. Орадан роппа-роса бир йил ўтгач, давлатимиз раҳбари бу иншоот ва унинг атрофидаги янгиланишларни кўздан кечириб, қисқа муддатда якунига етказилган катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишларини юқори баҳолади.

Кўприк ҳамда унинг атрофида барпо этилган сўлим ҳудудга 4 мингдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган. Бундан ташқари, Қашқадарё ҳавзаси тўлиб, мавжланиб оқиши учун унинг ўзанида учта тўғон бунёд қилинди. Қирғоқ бўйидаги эски иншоот ва бинолар ўрнини гўзал хиёбон эгаллади. Дарё соҳилида кемалар учун 4 та тўхташ жойи қурилди. Дам олувчиларга 51 катамаран, 2 та сайёҳлик катери ҳамда 4 та аттракцион келтирилди. Қирғоқ бўйида эса 14 коттеж, 4 кафе-бар, болалар ўйингоҳлари, 4 сунъий қопламали спорт майдончаси қад ростлади. 68 минг квадрат метр-га яқин майдонга йўлак қопламалари ётқизилди.

Шаҳрисабзни очиқ осмон остидаги музейга менгзашади. Ўтган чорак асрда бу ерда кўплаб тарихий обидалар, ёдгорликлар реконструкциядан чиқарилди. Жумладан, Оқсарой мажмуаси атрофига, шаҳар кўча ва хиёбонларига Бельгия давлатидан келтирилган дарахт ҳамда гул кўчатлари ўтқазилди. Шу билан бирга, юқоридаги қарор асосида тасдиқланган махсус дастур доирасида 461 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ҳовузи Мардон ва Амир Темур майдонларида эса бундай бунёдкорлик ишлари якунланмоқда.

Тарихий манбаларда келтирилишича, Дорут-тиловат ҳамда Дорус-саодат мажмуалари ўртасида бир пайтлар иккита ҳовуз бўлган. Улардан бири Ҳовузи Мардон деб аталиб, нафақат сув сақлаш иншооти вазифасини ўтаган, балки ўзига хос микроиқлим ҳосил қилган. Бироқ мустабид тузум даврида у кўмиб ташланганди. Бугун ушбу обида қайта тикланди. Ёнидаги сардоба ҳам таъмирланди. Ҳовуз яқинида бешта айвонча бунёд этилди. Эндиликда бу гўша каттаю кичикнинг севимли масканига айланган. Қолаверса, ҳудудда 17 та кўп қаватли тураржой қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Ҳадемай уларнинг биринчи қаватида каштадўзлик, тикувчилик, мискарлик цехлари ишга туширилади. Натижада шаҳарга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун совғабоп буюмлар тайёрлаш имконияти юзага келади. Бу эса Шаҳрисабзнинг довруғи дунёда янада кенгроқ таралишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ҳайрат ва ҳавас ифодаси

— Бир гуруҳ франциялик меҳмонлар билан Қашқадарёга келдик, — дейди Самарқанд шаҳридаги “Сарбон-Тур” хусусий сайёҳлик фирмаси гид-таржимони Абдурауф Жабборов. — Ҳозир Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари бўйлаб саёҳат уюштираяпмиз. Чет эллик ҳамроҳларим нафақат қадимий обидалар, балки янгидан барпо этилган истиқлол иншоотларига ҳам ҳайрат билан боқиб, эсдалик учун суратга тушмоқда. Кўчаю хиёбонларга экилган ранго-ранг гуллар ҳамда манзарали дарахтларга маҳлиё бўлишаяпти. “Бу қандай бино?”, “Бу ёдгорликни ким қурдирган?”, “Мана бу гул чиройли очиларкан, у қаердан келтирилган?” каби саволларига жавоб берар эканман, шундай буюк юрт фарзанди эканимдан фахрланиб кетаман. Айниқса, уларнинг мустақил Ўзбекистонимиз, бу ердаги ўзгариш ва янгиланишлардан олган бой таассуротларини эшитиб, ғайратимга ғайрат қўшилади.

Абдурауф бизни сайёҳлар билан таништирди. Улардан бири, парижлик ўқитувчи Кристиан Селвиан журналист эканлигимизни билиб, ўз фикрларини завқ-шавқ билан сўзлай кетди:

— Францияда Ўзбекистонга, Ибн Сино, Ал-Хоразмий каби улуғ аждодларингизга қизиқиш катта. Буюк саркарда Амир Темурни эса нафақат мамлакатимиз, балки бутун Европанинг халоскори сифатида биламиз. Шу боис ҳамюртларим шундай алломалар туғилиб вояга етган табаррук заминни бир бориб кўришни орзу қилишади. Мана, бугун мен ҳам ўз мақсадимга эришганимдан мамнунман. Бизга ҳамроҳлик қилаётган таржимон соҳибқирон қурдирган ҳар бир тарихий обида ҳақида батафсил тушунтириш бераяпти. Бу қадимий иншоотлар орадан неча асрлар ўтса ҳамки, ўз салобати ва маҳобатини йўқотмабди. Буюк бобокалонингизнинг “Қудратимизни билмоқчи бўлсангиз, биз қурдирган иморатларга боқинг”, деган ҳикматли гапи тасдиғига ҳар қадамда дуч келаяпман. Жумладан, Қарши ҳамда Шаҳрисабзда муҳташам бинолар, сўлим хиёбонларни кўриб, халқингизнинг меҳнатсеварлиги, бунёдкорлик салоҳиятига тан бердим. Уларнинг юксак марралар сари дадил интилаётгани ҳар қанча таҳсинга сазовордир.

Улкан салоҳият ва беқиёс имкониятлар

Истиқлол йилларида вилоят саноати жадал равнақ топмоқда. Биргина ёқилғи-энергетика тизимида салмоқли натижалар қўлга киритилаётир. Хусусан, “Муборакнефтгаз”, “Шўртаннефтгаз”, Муборак газни қайта ишлаш заводларида янги қувватлар ишга туширилди. “Шўртангазкимё” мажмуаси, “Таллимаржон” ИЭС каби йирик мажмуалар фаолияти йўлга қўйилди. “Гиссарнефтгаз”, “Кўкдумалоқгаз”, “Шўртангазмаҳсулот” қўшма корхоналари иш бошлади. Чунончи, Муборак газни қайта ишлаш заводида табиий газни олтингугуртли бирикмадан тозалаш ва қуритиш, техник олтингугурт, барқарорлашган газ конденсати ҳамда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Ҳозир ҳам бу ерда техник ва технологик янгиланишлар орқали маҳсулотлар сифатини янада яхшилаш, электр энергияси сарфини камайтириш ишлари изчил давом эттирилаяпти. Қолаверса,  Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи қурилди. Бу ерда қишлоқ хўжалиги учун ўта зарур бўлган калий ўғитлари ишлаб чиқарилиб, унинг бир қисми экспорт қилинаяпти.

Хусусий секторда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам юртдошларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаётир. Ишбилармонларимиз ўз сармоясини, ҳеч иккиланмай, бизнесини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга йўналтирмоқда.

— Воҳамиз иқтисодиёти ривожида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг ҳиссаси тобора ортиб бораяпти, — дейди вилоят ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси бошлиғи Рустам Азимов. — Хусусан, 2000 йилда ушбу соҳа вакилларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 25,8 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб 51,6 фоизга етди. Қашқадарёлик ишбилармонлар томонидан тайёрланаётган мармар ванна, мармар плита, лок-бўёқ, мебель ашёлари, йўлак қопламалари, микрокальцит, полиэтилен қувурлар ва тўқимачилик буюмлари рақобатдошлиги билан нафақат ички, балки ташқи бозордан ҳам мустаҳкам жой эгаллаётир. Тадбиркорларимиз томонидан, айниқса, озиқ-овқат, чарм-пойабзал маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, мева-сабзавотларни қуритиш ҳамда қадоқлаш бўйича кўплаб лойиҳалар рўёбга чиқарилаяпти. Ваҳолонки, бундай товарлар мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида юртимизга хориждан келтириларди.

— Тадбиркорликка 2011 йилда қўл урганман, — дейди Яккабоғ туманидаги “ўозлиқ мўъжизаси” хусусий фирмаси раҳбари Муродилла Тожиев. — Аввалига кўнгилда ҳадик бор эди. Чунки бошлаган бизнесимизга бор-будимизни тиккандик. Дастлаб кичик сармоя эвазига пахта тойлаш цехи фаолиятини йўлга қўйдик. Қишлоғимиз одамларини ишга олдик. Бора-бора мижозларимиз ва даромадимиз кўпая бошлади. Шу ҳисобдан илғор ускуналар харид қилиб, корхонамиз қошида қурилиш материали — шлакоблок ишлаб чиқаришга киришдик. Эътиборлиси, тадбиркорлик ҳаётимда ҳам туб бурилиш ясади. Оилавий шароитимиз янада яхшиланди. Янги машинали бўлдик. Уй-жойимизни таъмирдан чиқардик. Хўш, илгари шундай имкониятлар бормиди?! Ўша даврларда мулкдор бўламан, деган киши жиноятчи саналарди. Ҳозир-чи? Қаранг, қишлоқдошларимиз биздан ўрнак олаяпти. Фойдали ишнинг бошини тутаяпти. Пировардида янги-янги тадбиркорлар пайдо бўлмоқда.

“Халқимиз — истеъдодли халқ, у замонавий ишлаб чиқаришни, электроникани, ускунасозликни, илм-фан ва меҳнат сарфи кўплаб талаб қилинадиган бошқа саноат тармоқларини ўзлаштириб олишга қодир”. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Ислом -Каримов томонидан билдирилган ушбу фикрлар кўп ўтмай амалда ўз тасдиғини топди. Истиқлол шарофати билан мамлакатимизда мавжуд хом ашёни комплекс қайта ишлаш, уни шу ернинг ўзида тайёр маҳсулотга айлантириш тармоқлари, инфратузилма объектлари бунёд этилди. Чекка ҳудудларда ҳам истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган саноат субъектлари фаолиятига кенг йўл очилди. Ишсизликка барҳам берилди. Аҳоли реал даромадлари ўсди. Бозорларимиз файзу баракаси таъминланди.

Қисқача айтганда, Қашқадарёда узоқни кўзлаб олиб борилган кучли ижтимоий сиёсат мустақил Ўзбекистоннинг ривожланиш асосларини ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга жорий этишда ўзига хос тамал тоши бўлди. Ватанимиз тараққиётнинг “ўзбек модели”, унда белгилаб берилган беш машҳур тамойил асосида чорак аср давомида жаҳондаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлади. Бугун қашқадарёликларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, шу юрт равнақига ўз ҳиссасини қўшаётганидан мамнунлигини таъкидлайди. Қўлга киритган муваффақият ҳамда ютуқлари билан фахрланади. Ҳаётининг кейинги йигирма беш йилидаги ўзгариш ва янгиланишларни мўъжизага қиёслайди. Бу истиқлол меваси, у бахш этган бебаҳо саодатдир.

Фаррух БЎТАЕВ,

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

Юнус БЎРОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn