Маҳалла маслаҳатчиси: Зукко, ташаббускор ва ташкилотчи
  • 02 Август 2016

Маҳалла маслаҳатчиси: Зукко, ташаббускор ва ташкилотчи

Гулистон шаҳрида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” жамғармаси, Ички ишлар ва Халқ таълими вазирликлари, Дин ишлари бўйича қўмита, Маънавият тарғибот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

“Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган мазкур танловда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, жойлардан келган маҳаллалар фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Эътироф этилганидек, истиқлолнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шу янгиланишлар жараёнида халқимиз бой тарихий тажрибасини ўзида мужассам этган ноёб бошқарув идораси — маҳалла институтининг иштироки, ўрни ҳамда таъсири тобора ортиб бораётир. Хусусан, унинг ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш, оила институтини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда аҳиллик ва тотувликни таъминлаш борасидаги аҳамияти, айниқса, салмоқли бўлаяпти. Айни чоғда аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ҳамда оилавий бизнесни ривожлантириш маркази сифатида ҳам ўзини тўла намоён этмоқда.

Бу борада ушбу ноёб тузилманинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий ҳаётдаги иштирокини янада кенгайтириш мақсадида олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан 2004 йилда фуқаролар йиғинларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими таъсис этилган эди.

Бугунги кунда бу лавозимларда юртимиз бўйича 8700 нафардан ортиқ хотин-қизлар самарали фаолият кўрсатмоқда. Айтиш лозимки, уларнинг барчаси бой ҳаётий тажрибага эга, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган, муҳими, кўпчиликка ижобий таъсир кўрсата оладиган, миллий анъана ҳамда қадриятларимиз мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларга теран етказа оладиган фидойи, ўз ишига масъулият билан ёндашадиган аёллар ҳисобланади. 

“Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг ҳар бир босқичида бу жиҳат ўз тасдиғини топди. Унинг туман ва шаҳар босқичларида барча фуқаролар йиғинларининг маслаҳатчилари фаол қатнашди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида 193 нафар маслаҳатчи ғолиблик учун баҳс олиб борди. Улардан 14 нафари республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

— Кўрик-танлов доирасида Сирдарё вилоятидаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари билан яқиндан танишиш имконига ҳам эга бўлдик, — дейди Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги “Нурдиёр” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Сайёра Мирзаева. — Хусусан, “Жиззах” махсус индустириал зонасининг Сирдарё филиалидаги “Пенг Шенг” саноат мажмуидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган замонавий маҳсулотларни кўриб ҳайратландик. Мирзаобод туманида намунали лойиҳа асосида бунёд этилган массивдаги “Боғистон” маҳалла фуқаролар йиғинининг кўркам биносида яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, мамлакатимизда маҳалла институтини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини яна бир бор чуқур ҳис қилдик. Айниқса, бу ердаги маҳалла гузари ҳавас қилса арзигулик экан. Унда аҳоли учун ҳамма қулайлик мавжуд. Вилоят марказида жадал олиб борилаётган кенг кўламдаги бунёдкорликлар барчамизда ҳадемай Гулистон шаҳри таниб бўлмас даражадаги гўзал кентга айланади, деган фикр уйғотди. Асосийси, бетакрор ва муқаддас Ватанимизнинг ҳар бир гўшаси кун сайин обод бўлиб бораётганидан кўнглимиз ғурурга тўлди.

Гулистон шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бўлиб ўтган кўрик-танловнинг республика босқичида иштирокчилар икки шарт бўйича беллашди. Биринчи шартда улар ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқ ва илғор иш тажрибаларини замонавий -ахборот технологиялари воситасида тақдим этишди.

— Бу ерда фаолиятимизда қўл келадиган кўплаб илғор тажрибаларни ўргандик, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Чўпон” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Тамара Маткаримова. — Хусусан, ҳамкасбларимизнинг маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, оилаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ёшларни баркамол этиб тарбиялаш, ибратли миллий-диний анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасидаги тақдимотлари қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Маслаҳатчининг чуқур билимга эга бўлиши ҳамда кенг дунёқараши, қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини дилдан англаши, ташкилотчилик ва ташаббускорлик фазилатлари маҳалладаги турли масалаларга ечим топишда муҳим ўрин тутади. Шу маънода, танловнинг иккинчи шартида ушбу жиҳат эътиборга олингани ҳамма учун фойдали бўлди. 

— Бугунги кунда маҳалланинг ҳаётимизда тутган ўрни беқиёс, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлими бош мутахассиси Фароғат Шокирова. — Таққос учун айтиш мумкинки, бир вақтлар одамлар маҳаллага фақат маълумотнома олиш учун мурожаат қилар эди. Айни чоғда эса у фуқароларнинг энг яқин кўмакчиси ҳамда маслаҳатчисига айланган. Бунда, албатта, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Зеро, эл-юрт ишончини қозонган бу аёллар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларимизни миллий анъана ҳамда қадриятларга мос ҳолда Ватанга юксак меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш, оилаларни мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш каби йўналишларда самарали фаолият олиб бораяпти. 

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, танловда Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Обод юрт” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Муқаддас Худойназарова биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Янгийўл” маҳалласи маслаҳатчиси Раъно Эргашева ҳамда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Янги Белтепа” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Феруза Раҳматиллаевага насиб этди. Турли номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланди.

— Бу кўрик-танловнинг маҳаллалар фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда -фуқаролар  йиғинлари маслаҳатчиларининг билим ва малакасини оширишдаги ўрни беқиёс, — дейди танлов ғолиби М. Худойназарова. — Зеро, унинг барча босқичида маслаҳатчи зиммасидаги вазифалар нечоғли масъулиятли эканини юракдан ҳис қилиб турдик. Шу билан бирга, билим ва малакамизни юксалтиришдан ташқари, фаол ҳамкасбларимизнинг энг илғор иш тажрибасини ўрганиш имконига эга бўлдик. Айниқса, уларнинг тақдимотлари келгусида фаолиятимизни янада изчил ташкил этишда асқотишига ишонаман. Шундай нуфузли танловда муваффақият қозонганимдан мамнунман. Ўз навбатида, бу зиммамдаги масъулиятни янада оширади. Бундан кейин ҳам қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалар самарали ижросини таъминлаш орқали маҳалланинг нуфузини янада юксалтиришга ва мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишга астойдил ҳаракат қиламан.

ўолиб ҳамда совриндорлар ташкилотлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова ҳамда Сирдарё вилояти ҳокими О. Ашурматов сўзга чиқди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn