Август – ҳосилга ҳосил қўшиш зарбдор ойи
  • 02 Август 2016

Август – ҳосилга ҳосил қўшиш зарбдор ойи

Август ойи мамлакатимиз деҳқонлари учун энг тиғиз, айни чоғда, ўта масъулиятли давр ҳисобланади. Зеро, пахтачиликда унинг ўрни жуда муҳим бўлиб, ҳосил салмоғини ошириш учун энг қулай пайтдир.

Дарҳақиқат, ушбу ойда агротехника талабларига изчил амал қилиниб, ғўза парваришига янада кўпроқ эътибор қаратилса, экин ривожи тезлашиб, шоналар гулларга, гуллар кўсакларга айланади. Бўлиқ кўсаклар эса август охирларидан бошлаб очилиб, лўппи-лўппи пахта бўлади.

Жорий мавсумда юртимизда ғўзанинг юқори сифатли тола берадиган, эрта ва ўртапишар “С-6524”, “Бухоро-102”, “Наманган-77”, “Султон”, “С-4727”, “Бухоро-6”, “Омад”, “Меҳнат” каби минтақаларимиз тупроқ-иқлим шароитига мос навлари парваришланаяпти.

ўўзанинг бугунги ҳолати кўнгилдагидек. Офтобга талпинган ниҳоллар кун сайин, таъбир жоиз бўлса, соат сайин ўсмоқда. Бироқ бу хотиржамликка асос бўла олмайди. Мўлжалдаги ҳосилни тўплаш учун парваришни асло сусайтирмаслик зарур. Ахир тажрибали деҳқонлар “Август — ҳосилга ҳосил қўшиш зарбдор ойи” эканлигини яхши билишади.

Бугунги кунга қадар чеканка қилиш тадбирларини якунлаган пахтакорлар асосий эътиборни ниҳолларни “шарбат” усулида суғориб, қатор ораларини юмшатиш, бегона ўтлардан тозалаш, ҳосил зараркунандаларига қарши курашиш ишларига қаратишмоқда.

Маълумки, деҳқончилик тақвимига кўра, август — асад ойи ҳисобланади. Халқимизнинг “Асад — экинингни ясат” деган ажойиб мақолидан ҳам англаш мумкинки, ғўза парваришидаги муҳим агротехника тадбирлари мазкур пайтга тўғри келади. Шунинг учун бу ойда ҳамма фермернинг ёнида туриши, айниқса, сувчи, механизатор ҳамда энтомологлар ўз вазифасига масъулият билан ёндашмоғи даркор. Чунки августда бажариладиган агротехника тадбирларининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олиб, уларни бекаму кўст адо этмасдан туриб, мўл ҳосил олиш мушкул. Демак, асад ойида экинни том маънода ясатиш керак. Бунинг учун, аввало, уни маромида суғориш зарур. Ушбу муҳим тадбир ўқариқлар оралиғини калта олиб, эгатдаги сувни “етаклаб”, тунда “шарбат” усулида амалга оширилса, янада яхши. Натижада обиҳаёт офтоб тиғида буғланмай, исрофгарчиликнинг олди олинади, энг муҳими, ғўза қониб сув ичади.

Сувни ўз вақтида тарашда ҳам ҳикмат кўп. Агар суғориш тадбири кечиктирилиб, ғўза чанқатиб қўйилса, у гул ташлайди. Борди-ю, кўллатиб юборилса, экин бўйга зўр бериб, ғовлаб кетади. Оқибатда ҳосил тугунчалари етарли миқдорда озуқа ололмай, “сиқилиб” қолади, димиқиб, моғорланиши туфайли тўкилиб кетади. Шу маънода,

сувчию мироблар мавсум давомида ишга диққат билан ёндашиб, мутахассислар маслаҳатларига амал қилишса, кутилган натижага эришилади.

Айтиш жоизки, август ойида ғўза қатор ораларига “шарбат” оқизишнинг фойдаси ниҳоятда катта. Чунки маҳаллий ўғит берилган қатор ораларида нам узоқ сақланиб, эгатлар тезда ёрилиб кетмайди, сувга бўлган талаб эса узаяди. Шунингдек, олдин берилган минерал ўғитларнинг ўзлаштирилиши яхшиланиб, органик ўғитга бўлган талаб қондирилади. Пировардида “шарбат” сувига тўйган ғўза ривожи 8 — 10 кунга тезлашади ва мўл ҳосил тўплайди. Бу йил қайси фермернинг юқори хирмон уйишини унинг пайкал бошига чиқарган маҳаллий ўғитининг миқдорию уни нечоғли маҳорат билан жўякларга оқизаётганидан ҳам билиб олса бўлади.

ўўза парваришида культивация қилишнинг ҳам аҳамияти беқиёс. Қатор ораларининг юмшатилиши тупроқдаги ҳаво алмашувини яхшилаб, унда ҳосил ривожи учун қулай микроиқлимни вужудга келтиради. Натижада кўсаклар етилиб, вазни ортади. Жорий мавсумдаги шароит инобатга олиниб, август ойида культиваторларни ҳар суғоришдан сўнг далага чиқариб, қатор ораларига сифатли ишлов бериш тавсия қилинади.

Мабодо, культивация кечиктириб ўтказилса, жўяклар қуриб, юзаси ёрилади, ғўзанинг илдизлари шикастланади, намлик тез йўқотилади, бегона ўтлар кўпаяди, гул ҳамда тугунчалар тўкилиб, ҳосилдорлик 10 — 15 фоиз пасаяди. Бошқача айтганда, культивацияни ортга суриш оқибатида гектарига 3-4 центнер ҳосил бой берилиши мумкин.

Мазкур агротадбирнинг бажарилиши жараёнида тракторларнинг ишчи қисмлари “балиқ сирти” қилиб ўралган, ғилдираклар олди суйри қилиб ҳимояланган бўлиши шарт. Бу жараёнда шундай мақбул тезлик танланиши керакки, токи трактор бир маромда ҳаракатлансин. Ана шунда сувдан кейин униб чиққан бегона ўтлар бутунлай йўқотилиши билан бирга, ҳосил шохлари ва кўсакларига зарар етказилмайди.

Кўп йиллик кузатувларга қараганда, август ойи кириши билан юртимизда ҳарорат пасайиб, тунлари салқин тушади. Бу кўсак қурти, ўргимчаккана каби зараркунандаларнинг кўпайишига шароит туғдиради. Модомики, бундай ҳашаротлар белги берар экан, дарҳол уларни йўқ қилиш чораларини кўриш зарур. Мамлакатимизда зараркунандаларга қарши курашда, асосан, биологик усулдан кенг фойдаланилади. Кўсак қуртига қарши унинг кушандаси ҳисобланган трихограмма, бракон ҳамда олтинкўз энтомофагларидан фойдаланиш яхши самара беради. Бу экологик жиҳатдан мутлақо безарар бўлиб, айни чоғда иқтисодий тежамкор ҳамдир.

Fўзани август ойида парваришлашда юқорида қайд этилган барча юмуш ўз вақтида, сифатли уддаланса, экин ривожи жадаллашиб, ҳосилга ҳосил қўшилади. Агар улар маромида бажарилмаса ёки бирортаси сифатсиз ўтказилса, ҳосил чўғининг пасайишига сабаб бўлади.

Пахтакорларимиз август ойининг ҳар бир дамини ғанимат билиб, ғўзани қондириб суғориш, культивациялаш, қатор ораларини “варақлаб” чиқиш, кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира хуружидан ҳимоя қилиш, вильт ва бошқа хавфли касалликларга қарши курашиш каби тадбирларни ўз вақтида, сифатли олиб борсалар, ишончимиз комилки, пахта хирмонимиз янада юксак бўлади.

Шундай экан, ҳосилга ҳосил қўшиладиган ҳозирги ўта масъулиятли паллада тунни тонгга улаб, фидокорона меҳнат қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зотан, бугунги -машаққатли меҳнат эвазига келадиган даромаддан, энг аввало, ўзимиз баҳраманд бўламиз. Қолаверса, у иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши, юртимиз обод, турмушимиз янада фаровон бўлишига хизмат қилади.

Баҳодир ХОЛИҚОВ,

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги

илмий-ишлаб чиқариш маркази

бош директори ўринбосари, 

қишлоқ хўжалиги фанлари доктори,

Жасурбек АБДУРАЙИМОВ,

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги пахтачилик ва 

техника экинларини ривожлантириш 

бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn