Кўзлари ёниб турган ёшлар таянчимиз, суянчимиз, ғуруримиздир
  • 02 Август 2016

Кўзлари ёниб турган ёшлар таянчимиз, суянчимиз, ғуруримиздир

Баркамол авлодни тарбиялаш халқимиз учун мустақиллик йилларида энг устувор мақсад, умуммиллий вазифага айланди. Пировардида қисқа вақт ичида ушбу йўналишда улкан натижаларга эришилди. Эскича қолип ва андозалардан мутлақо холи, эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ҳамда касб-ҳунарни пухта эгаллаган, ўз юрти, халқига фидойи фарзандлар вояга етди. Улар она-Ватан равнақи йўлидаги юксак марраларга эришишда ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқди.

Шу ўринда эртамиз эгаларининг қизиқиш ва интилишлари, ташаббусларини рўёбга чиқаришда нафақат давлат муассасалари, балки фуқаролик жамияти институтларининг ҳам фаол қатнашаётганини қайд этиш жоиз. Бу механизмлар, ўз навбатида, мустақиллик йилларида “Соғлом авлод йили”, “Оналар ва болалар йили”, “Ёшлар йили”, “Баркамол авлод йили”, “Соғлом бола йили” Давлат дастурларини самарали амалга оширишнинг муҳим омили бўлди. Ушбу дастурлар ижроси доирасида соғлом ҳамда баркамол авлодни тарбиялаш билан боғлиқ жуда кўп чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди. 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчиллигидан далолатдир.

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда “Камолот” ЁИҲ муносиб иштирок этмоқда.

Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан 2001 йилнинг 25 апрелида бўлиб ўтган таъсис Қурултойида Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати тузилган эди. Айни ўша дамда кўп миллатли юртимиз ёшларининг хоҳиш-иродаси, интилишларини ифодалаши лозим бўлган мазкур йирик ташкилот зиммасига масъулиятли вазифалар юклатилди. Ўтган ўн беш йил мобайнида Ҳаракат ўғил-қизларни Ватан равнақи йўлида бирлаштириш, ижтимоий-ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг касб-ҳунар эгаллаши, ижодий-интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши учун қатор мақсадли лойиҳаларни амалга ошириб келаётир.

Ҳозирги кунда ташкилотга 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган тўрт миллиондан ортиқ йигит-қизлар аъзо. “Камолот” ЁИҲ сафларида Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси ҳамда Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий номидаги қатор давлат стипендиялари соҳиблари, жаҳон ва Олимпиада чемпионлари, ёш тадбиркорлар, истеъдодию қобилияти билан халқаро мусиқа фестиваллари, фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ғолиблари бўлган ёшларнинг кўпайиб бораётгани эътиборга молик.

Бугун “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати кириб бормаган соҳа йўқ, десак, муболаға эмас. Барча ўқув муассасаси, мулкчилик шаклидан қатъи назар, кўплаб корхоналар, хўжаликлар, давлат, жамоат ҳамда нодавлат ташкилотлар, муассасаларда 15 минг 600 дан зиёд бошланғич ташкилот эртамиз эгаларини ўз сафига бирлаштирган. Ҳаракат турли лойиҳалар орқали ёшларнинг кенг қатламига кириб бормоқда. Мазкур тизимдаги “Камалак” болалар ташкилотининг эса 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган 2 миллион нафардан зиёд аъзоси бор.

Ҳаракат бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликда ёшлар учун қизиқарли лойиҳаларни амалга ошириб келаётир. Шу ўринда, уларнинг айримларига тўхталиб ўтсак.

Охирги беш йил мобайнида Ҳаракатнинг биргина ижтимоий-ҳуқуқий соҳадаги лойиҳалари салмоғи 5 карра, иштирокчилар сони 8, ижтимоий ҳамкорлари сони эса 2 баробар кўпайди. Мактаб ўқувчилари ўртасидаги “Ҳуқуқ билимдонлари”, академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасидаги “Сиз қонунни биласизми?” ва талабаларнинг “Тафаккур синовлари” республика кўрик-танловлари доирасида бугунги Ўзбекистон ёшлари мамлакатни демократик янгилаш, қонун лойиҳалари муҳокамаларида бевосита қатнашмоқдалар.

Дунёнинг айрим давлатларида нотинчлик ҳукм сураётган, ижтимоий талафот, қарама-қаршиликлар давом этаётган ҳозирги таҳликали замонда ёшларда Ватанимиз хавфсизлигини таъминлаш учун масъулиятни кучайтириш, ватанпарварлик ҳисси ҳамда ҳарбий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар — “Ёш чегарачи”, “Шунқорлар”, “Ёш қутқарувчи” мусобақаларининг аҳамияти янада ортмоқда.

Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш бўйича ҳам бир қатор лойиҳалар самарали ўтказилаётир. Хусусан, “Ёш тадбиркор — юртга мададкор” ва “Менинг бизнес ғоям” танловлари орқали ҳар йили кўплаб йигит-қизлар ўз бизнесини бошлаш ёки кенгайтириш учун тижорат банкларининг имтиёзли кредитларини олишга муяссар бўлаяпти. Биргина 2016 йилнинг ўзида “Менинг бизнес ғоям” танловининг ҳудудий босқичларида фаоллик кўрсатган 518 нафар иштирокчига 6,1 миллиард сўм, республика босқичида қатнашган 150 нафар ёшга эса 2 миллиард сўмдан зиёд миқдорда имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. Ҳаракатнинг ҳудудий Кенгашлари қошида 76 та “Ёш тадбиркор” консультатив маркази фаолияти йўлга қўйилган.

Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ёшларни, уй у ёқда турсин, иш билан таъминлаш ҳам мушкул муаммо бўлиб турган бир пайтда Ўзбекистонда 2014 йилдан “Камолот” уйлари барпо этила бошланди. Бири-биридан кўркам ҳамда замонавий бундай хонадонлар юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол қатнашиб келаётган ёш оилаларга имтиёзли ипотека кредитлари эвазига берилаяпти. Жумладан, бугунгача фойдаланишга топширилган 57 та “Камолот” уйига 2 мингдан зиёд ёш оила кўчиб кирди.

“Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар танлови, “Камалак” юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали, “Интеллектуал”, “Юлдузча” лойиҳалари, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” шиори остидаги саломатлик ҳаракати, “Камолот” — TUR” ёшлар веломарафони, бадиий гимнастика бўйича “Камолот” ғунчалари”, “Камолот” шахмат тахтаси” очиқ турнирлари сингари тадбирлар доирасида истеъдодли йигит-қизларни кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Ёшлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган лойиҳалардан яна бири “Камолот” кутубхонаси”дир. Уларда китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган мазкур лойиҳа доирасида ўзбек ва жаҳон адабиётининг 100 та энг сара намунаси Ҳаракат томонидан чоп қилинаяпти. Бу асарлар ҳар бир ҳудудда ташкил этилган “Камолот” китоб дўконлари орқали ўқувчилар қўлига етиб бормоқда.

Юртбошимизнинг “Мен ёш авлодимизга, менинг болаларимга қарата бўш келманглар, эртанги кун бизники, марра бизники, деб бежиз, асоссиз айтмайман. Бунинг чуқур маъно-мазмуни шундаки, вақт, йиллар ўтиши билан бизнинг сафимизни ким тўлдирмоқда? Аввало, замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга бўлган, янгича, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимизнинг эртанги куни учун масъулиятни ўз зиммасига олишга, ўзини намойиш этишга қодир бўлган навқирон ўғил-қизларимиз. Кўзлари ёниб турган бундай ёшларимизни яна қаерда — қайси давлат, қайси юртда топиш мумкин”, деган сўзлари ҳар биримизни беҳад тўлқинлантириб, эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшишга ундайди. Зеро, Ўзбекистон — орзу-мақсадлари ушалаётган бахтли ёшлар мамлакати!

Сарвар АШУРОВ,

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати 

Марказий кенгаши раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn